Ўзбекистон замини азалдан турли маданиятлар ва динлар туташган чорраҳа, буюк сивилизациялар бешиги бўлиб келган. Халқимиз қон-қонига сингиб кетган бағрикенглик, ўзгалар фикрига ҳурмат ва илм-маърифатга интилиш бугунги Янги Ўзбекистон сиёсатининг ўзагини ташкил этади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар диний қадриятларимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш ва буюк аждодларимизнинг илмий меросини дунёга танитишни янги босқичга олиб чиқди. Бу жараёнлар шунчаки ижтимоий ташаббус эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамланган ҳуқуқий пойдеворга эгадир.
Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири бу – инсоннинг руҳий ва маънавий олами дахлсизлигидир. Бош қомусимиз бу борада халқаро стандартларга тўла мос келувчи нормаларни ўзида жамлаган.
Конституциямизнинг 33-моддасида белгиланган “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга” деган норма фуқароларнинг нафақат ўз қарашларига эга бўлишини, балки уни очиқ баён эта олишини кафолатлайди. Бу илмий тадқиқотлар эркинлиги ва диний манбаларни ўрганишда муҳим омил ҳисобланади.
Шунингдек, 35-модда жамиятдаги ижтимоий-маънавий барқарорликнинг гарови бўлмиш виждон эркинлигини таъминлайди: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Ушбу модданинг аҳамияти шундаки, у жамиятда диний мутаассибликка ҳам, радикал атеистик босимга ҳам йўл қўймайди. Ҳар бир фуқаро ўз эътиқодини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиб, бу турли конфессия вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тинч-тотувлик муҳитини яратади.
Дунёвий давлатда дин ва давлат муносабатлари хассос ва муҳим масаладир. Ўзбекистон моделида бу муносабатлар конструктив ҳамкорлик ва қонун устуворлиги асосига қурилган. Конституциянинг 75-моддаси бу балансни аниқ белгилаб беради: “Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди. Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди”.
Бу шуни англатадики, давлат диний ташкилотларнинг ички ишларига, ибодат тартиб-қоидаларига аралашмайди, аксинча, уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос яратади. Натижада, бугунги кунда юртимизда масжидлар, черковлар ва бошқа ибодатхоналар ўз фаолиятини эркин амалга оширмоқда, фуқароларимиз ибодатларини хотиржам адо этмоқдалар.
Қонуний эркинликлар амалий ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Юртимизда «Жаҳолатга қарши – маърифат» ғояси асосида диний таълим тизими такомиллаштирилди. Бугун Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси каби нуфузли олий диний таълим муассасалари билан бир қаторда, диний ва дунёвий илмларни уйғунлаштирган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият юритмоқда.
Айниқса, халқаро миқёсдаги илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда стратегик қадам бўлди. Самарқандда Имом Бухорий, Тошкент шаҳрида Имом Мотуридий, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши дунё ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди.
Тошкентда барпо этилган муаззам Ислом сивилизацияси маркази эса айниқса эътиборга лойиқдир. Бу марказ нафақат музей, балки ислом оламининг буюк мутафаккирлари, уларнинг аниқ ва табиий фанлар ривожига қўшган ҳиссасини ўрганувчи глобал платформага айланмоқда.
Бизнинг заминимизда минглаб нодир қўлёзмалар сақланиб қолган бўлиб, улар ҳали тўлиқ ўрганилмаган хазинадир. Бу бойликни асраш ва тадқиқ этиш масаласи Конституциянинг 61-моддасида қатъий белгилаб қўйилган: “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт. Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади”.
Мазкур модда ижросини таъминлаш мақсадида, юқорида номлари зикр этилган марказларда, хусусан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Олимларимиз дунё кутубхоналарида сақланаётган, аждодларимиз қаламига мансуб нодир асарларнинг фотонусхаларини олиб келиб, уларнинг илмий-танқидий матнларини тайёрламоқдалар. Жумладан, Марказ илмий ходимлари томонидан буюк алломаларимиз Имом Мотуридийнинг «Китоб ат-Тавҳид» (Аллоҳнинг ягоналигига оид асар) ва «Рисола фит-тавҳид» (Аллоҳнинг ягоналигига оид рисола) асарлари, Абул Ҳусайн Башоғарийнинг «Исмат ал-анбиё» (Пайғамбарларнинг гуноҳдан поклиги) асари нодир қўлёзмалар асосида замонавий нашри чоп этилди. Бу жараён шунчаки таржима эмас, балки асарнинг асл моҳиятини, муаллифнинг ҳақиқий ғоясини бузмасдан дунё олимларига етказишдир. Чунки мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганиш бугунги кунда ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишда, ислом динининг мўтадил ва бағрикенг моҳиятини тушунтиришда беқиёс аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда диний эркинлик амалда таъминланмоқда. Конституциямиздаги қоидалар ҳаётимизга кириб, илм-фан ва диний қадриятларимизни ривожлантиришга имкон бермоқда. Аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни ўрганиш ва ёшларга етказиш бўйича қилинаётган бу ишлар, албатта, халқимиз маънавиятини бойитиб, Ўзбекистоннинг дунёдаги обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Ихтиёр Абдурахмонов
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
