Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйевнинг 2020-йил 11-августдаги ПҚ-4802 қарори билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Марказда ислом оламида кенг тарқалган икки йирик ақидавий таълимот: мотуридий ва ашъариядан бири, Имом Мотуридий томонидан асос солинган мотуридийлик таълимоти, унинг аҳамияти, бугунги кундаги ўрни, бебаҳо асарлари ва қўлёзмалари ўрганилади.
Марказга Ўзбекистон ва дунёнинг мотуридийшунос олимлари, мутахассислари жалб этилиб, ўз фаолияти доирасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
– ақида ва калом илми ривожига ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни амалга ошириш;
– ислом илмлари, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференсия, симпозиум, кўргазма, илмий маъруза, семинар-тренинг ва танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
– ислом тарихи ва калом илми йўналишидаги янги тадқиқотлар натижаси юзасидан қомуслар, каталоглар, албомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли филмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва ОАВ, хусусан, Интернет тармоғида эълон қилиш.