Ўзбекистон Республикаси Президентининг эзгу ташаббуси билан “Рамазон &мдаш; меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида кексалар, ёлғиз фуқаролар ҳолидан хабар олинди, эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга моддий ёрдам берилди.
Ушбу муборак кунларда меҳрга ташна қалблар, ёлғиз кексалар ва беморлар йўқланди.
Ифторлик дастурхонлари устида юртдошларимизнинг кафти дуога очилиб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида эзгу ниятлар қилинди.
Муборак Рамазон ойида мутафаккир аждодларимиз сиймосига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ҳамда ёш авлодга етказиш юзасидан ҳам улкан ишлар бажарилди.
Паяриқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг қайтадан бунёд этилгани, Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг очилиши Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз айёмига ҳамоҳанг равишда халқимизга ҳақиқий байрам шукуҳини улашди.
Зотан, қадриятларимиз тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ҳайити ҳамда баҳорнинг қутлуғ айёми &мдаш; Наврўз байрами юртимизда алоҳида қадрланадиган, халқимизнинг маънавий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган кунлардан. Бу байрамлар халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бой маданияти ва юксак маънавиятини намоён этади. Шундай муборак кунларда хайрли тадбирларнинг ўтказилиши ҳам бежиз эмас, албатта.
Тошкент шаҳрида қад ростлаган муҳташам ва маҳобатли Ислом сивилизацияси маркази улуғворлиги ҳамда беқиёс хазинаси билан бутун дунё халқларини лол қолдириб, аждодларимизнинг илм-фан ва жаҳон сивилизациясига қўшган ҳиссаси, янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни халқаро миқёсда тарғиб қиладиган ноёб ва йирик илмий-маданий платформа сифатида намоён бўлмоқда.
Самарқанд вилоятида тубдан қайта янгиланиб, ўзгача қиёфа касб этган Имом Бухорий мажмуаси эса буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқейи, улкан салоҳиятига муносибдир.
Мазкур хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Самарқандда ақида ва калом илмининг султони Имом Мотуридий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда.
Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасидаги бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди. Энди Имом Мотуридий зиёратгоҳи қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, инновацион музей, кутубхонани қамраб олган муҳташам мажмуага айланади.
Мазкур мажмуалар юртимизнинг довруғини халқаро ҳамжамиятга кенг ёйиш, кўп асрлик тарихимиз ва бой маданиятимиз, аждодларимизнинг жаҳон сивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини намоён этадиган илмий-маърифий маскан сифатида Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Рамазон ойи муносабати билан ўтказилган ифторлик маросимида кенг жамоатчилик вакиллари, турли миллат ва диний конфессиялар, дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотлар ходимлари ҳам иштирок этгани юртимизда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, бир дамлик анъаналари нақадар устувор эканини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги ғоят таҳликали даврда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъматлигига алоҳида эътибор қаратиб, 38 миллиондан зиёд юртдошларимиз ягона халқ, аҳил оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини, буни барчамиз янада чуқур ҳис этишимиз зарурлигини таъкидлади.
Чунки бугун дунёнинг турли нуқтасида нотинчлик ва қуролли низолар давом эта ётган бир пайтда Ўзбекистонда ўтказила ётган бу каби хайрли тадбирлар тинчлик ва хотиржамлик, ўзаро аҳилликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Осойишта ва фаровон кунлар учун Яратганга ҳар қанча шукрона келтирсак арзийди. Зеро, фақат мана шундай осудалик, барқарорлик ҳукмрон жойдагина бунёдкорлик ишлари, илм-фан, тараққиёт равнақ топади.
Ифторлик маросимида давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг тақдимотини БМТ қарор гоҳида ўтказиш ташаббусини яна бир бор таъкидлади.
Бу илмий марказлар шунчаки муҳташам бинолар эмас, балки ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, берунийлар, улуғбеклар, фарғонийлар, бухорийлар, термизийлар, мо туридийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши керак.
Рамазон ойи муносабати билан қилинган хайрли ишлар, маърифий-маданий тадбирларда Имом Мотуридий халқаро ил мий-тадқиқот маркази жамоаси ҳам фаол иштирок этди. Унда мотуридийлик таълимоти намояндаларининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда, халқимизга маънавий озуқа улашиш, айниқса, Рамазон ойида инсонларни эзгулик ва яхшиликка чорлайдиган турли тарғибот материалларини намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, муборак Рамазон ойи давомида давлат ва нодавлат телеканалларда “Маърифат манзиллари” туркуми доирасида юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, илмий-маърифий марказлар, таълим муассасалари, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар, қайта таъмирланган мажмуалар фаолиятига бағишланган 18 та қисқа, халқчил, маърифий кўрсатув, калом илмининг султони Имом Мотуридийнинг бағрикйенглик, мўтадиллик ва маърифатга чорловчи ҳикматларини ёритишга бағишланган 30 та ролик, аллома қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асаридаги бугунги кун учун долзарб мавзулар шарҳига бағишланган 20 та кўрсатув эфирга узатилди.
Рамазон ойи инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлайдиган, жамиятда ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлайдиган муборак ой дир. Бу ойдаги хайр-саховат, эҳтиёжмандларга кўрсатилган ғамхўрлик ва маънавий-маърифий тадбирлар халқимизнинг юксак инсоний қадриятларга содиқ эканини яна бир бор намоён этди.
Комилжон Шермухамедов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026-йил 24-март куни 56 (1655)-сон
