Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зеро, жамият танасини ич-ичидан кемирувчи бу иллат нафақат иқтисодий жиноят, балки маънавий таназзул, адолат мезонларининг бузилиши ва энг муҳими омонатга хиёнатдир. Халқимизнинг минг йиллик қадриятлари ва муқаддас динимиз манбаларида ҳам бировнинг ҳақини ноҳақ ўзлаштириш, мансабдан фойдаланиб бойлик орттириш қаттиқ қораланган.
Коррупциянинг илдизи, аввало, ҳаром ва ҳалол тушунчасининг йўқолишидадир. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 188-оятида бу масала очиқ баён қилинган: “Мол-мулкларингизни ўрталарингизда ноҳақ (йўллар) билан еманг! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш мақсадида уни (пора қилиб) ҳокимларга узатманг”.
Мазкур оятга шарҳ берган йирик муфассирлар, хусусан, Абул Барокат Насафий “Мадорик ат-танзил” асарида жуда нозик ва ибратли ўхшатишни келтиради. У оятдаги “уни ҳокимларга узатманглар” жумласини шарҳлар экан, араб тилидаги “адла далваҳу” (челагини туширди) иборасини эсга олади. Бу – сув чиқариб олиш учун қудуққа челак ташлаш маъносини билдиради.
Муфассирнинг фикрича, пора берувчи худди қудуққа челак ташлаган кишига ўхшайди. Челак ташлаган одам унинг эвазига сув чиқариб олишни умид қилганидек, пора узатган кимса ҳам “ҳадяси” (пораси) эвазига ўзига керакли ҳукмни, ноҳақ имтиёзни “тортиб чиқариб олишни” мақсад қилади. Демак, оят нафақат порахўрликни, балки мансабдорни сотиб олиш орқали ўзгалар ҳақига хиёнат қилишни ҳам қатъий тақиқлайди.
Шахслар кўпинча ўзлари олаётган нарсаларни пора эмас, “ҳурмат юзасидан берилган совға”, деб хаспўшлашга уринишади. Бироқ, бундан ўн тўрт аср муқаддам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай “оқлов”ларга чек қўювчи мукаммал мантиқий мезонни ўртага ташлаганлар.
Тарихдан маълумки, Азд қабиласидан бўлган Ибн Утбийя исмли киши закот йиғишга масъул этиб тайинланади. Сафардан қайтгач, у йиғилган молларни давлат ғазнасига топшира туриб: “Мана бу нарсалар сизларга, буниси эса менга ҳадя қилинди”, дейди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) ғазабланиб, бугунги кун учун ҳам олтин қоидага тенг бўлган қуйидаги сўзларни айтадилар: “У киши отаси ёки онасининг уйида ўтирганида унга ўша ҳадя берилармиди ёки йўқми?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ким ундан (жамоат мулкидан) бирор нарсани ўзлаштирса, Қиёмат куни ўша нарсани бўйнида кўтарган ҳолда келади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳадисдаги мантиқ жуда ўткир: сенга берилаётган “совға” сенинг шахсинг, гўзал хулқинг учунми ёки эгаллаб турган мансабинг учунми? Агар сен шу лавозимда бўлмаганингда, бу “ҳурмат” кўрсатилармиди? Агар жавоб “йўқ” бўлса, демак, бу совға эмас, балки поранинг яширин кўриниши “ғулул” (хиёнат)дир.
Мансабдор шахснинг “совға” қабул қилиши манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқариши ва адолат тарозисини бузиши ҳаётий ҳақиқатдир. Бунга Умар ибн Хаттоб (р.а.) раҳбарлик даврида бўлган бир воқеа яққол мисол бўла олади. Имом Табаронийнинг ривоят қилишича, бир киши Ҳазрати Умарга туянинг сон гўштини ҳадя қилади. Орадан вақт ўтиб, ўша киши бир низоли масалада рақиби билан у зотнинг ҳузурига келади. Ҳукм чиқариш жараёнида ҳалиги киши берган “совға”сини эслатмоқчи бўлиб: “Эй мўминлар амири! Мен учун худди туя сони ажратилганидек ажрим қилувчи ҳукм қилинг”, деб ишора қилади. Бу гапнинг тагида ётган таъмани дарҳол фаҳмлаган Умар (р.а.)нинг ғазаби келади ва қўли билан сонига уриб: “Аллоҳ нақадар буюк-а! Барча ўлкаларга ёзинглар: Мансабдорларнинг ҳадялари — Ғулулдир (хиёнатдир)!” дея фармон берадилар.
Юқоридаги тарихий ва маънавий далиллар шуни кўрсатадики, жамият мулкига кўз олайтириш, лавозимдан фойдаланиб тамагирлик қилиш кечирилмас гуноҳ ва оғир жиноятдир.
Коррупция – шунчаки иқтисодий жиноят ёки давлат ғазнасига қўл чўзишгина эмас. Унинг энг даҳшатли ва узоққа чўзилувчи асорати жамиятни ич-ичидан емириб, ижтимоий тузилмани вайрон қилишида намоён бўлади. Бу иллат илдиз отган муҳитда, аввало, ижтимоий адолат мезонлари синади. Қонун устуворлиги ўрнини “таниш-билишчилик” ва пулнинг кучи эгаллайди. Натижада, меритократия тамойили бузилиб, чинакам истеъдод ва салоҳият эгалари четга суриб ташланади. Лавозимларни “қўли узун”, аммо нолойиқ кимсаларнинг эгаллаши ёшларда “ҳаётда билим эмас, балки алоқалар ҳал қилади” деган ноумидлиг-у ишончсизликни уйғотади.
Бундай муҳит “ақллар оқими” (браин драин) деб аталувчи оғриқли жараённи тезлаштиради. Адолацизликдан чарчаган зиёли қатлам, етук олимлар, малакали шифокорлар ва муҳандислар ўз қадрини биладиган хорижий ўлкаларга чиқиб кетишга мажбур бўладилар. Оқибатда мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти ва генофонди заифлашиб, жамият қолоқлик сари юз тутади. Шу билан бирга, коррупция аҳолининг кескин табақаланишига хизмат қилади: давлат ресурслари халқ фаровонлиги, йўл, мактаб ва шифохоналар учун эмас, балки тор доирадаги манфаатдор гуруҳларнинг чўнтагига йўналтирилади. Тадбиркорларнинг “яширин харажатлари” маҳсулот нархига қўшилиб, охир-оқибат бунинг оғир юки яна оддий халқнинг елкасига тушади.
Энг хавотирлиси, бу жараён давлат институтларига ва қонунга бўлган ишончни сўндиради. Фуқаролар давлат идораларини ҳимоячи эмас, балки “тамагир” сифатида кўра бошлайди, ўз муаммоларини қонуний йўл билан ҳал қилиш имконига шубҳа билан қарайди. Бундай ҳуқуқий нигилизм жамиятда норозилик кайфиятини кучайтиради. Боз устига, миллатнинг маънавий илдизларига болта урилади: ҳалол меҳнат қадрсизланиб, “уддабуронлик”, “йўлини қилиш” каби иллатлар сохта фазилатга айланади. Ёш авлод онгида “пул билан ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин” деган хавфли дунёқарашнинг шаклланиши эса келажак учун энг катта таҳдиддир.
Пировардида, коррупциялашган тизим миллий хавфсизликка рахна солади. Сифациз қурилган бинолардан тортиб, жазодан қутулиб қолган жиноятчиларгача, барчаси инсонлар хавфсизлиги ва ҳаётига бевосита таҳдид солувчи омиллар ҳисобланади. Шу боис, бу иллатга қарши курашиш – фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши эмас, балки бутун жамиятнинг, ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши шарт. Ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёда яширинча олинган ҳар қандай ноҳақ луқма, хоҳ у туя бўлсин, хоҳ замонавий автомобиль ёки пул, Қиёмат майдонида бутун халойиқ олдида бўйинга юкланган ҳолда фош бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қўлларини баланд кўтариб, уч бора: “Эй Аллоҳим, етказдимми?”, дея такрорлашлари, бу масаланинг нақадар нозик ва хатарли эканидан далолат беради.
Шундай экан, ҳар бир шахс, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбирлари билан айтганда – “ҳалоллик вакцинаси”ни қабул қилган ҳолда, ўз вазифасини бажаришда шахсий манфаатларини аралаштирмаслиги, халқ ва Ватан олдидаги омонатига хиёнат қилмаслиги лозим. Зеро, адолат ва ҳалоллик устувор бўлган юртдагина қут-барака ва юксалиш бўлади.
Бахромов Суннатилла
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
