Ommabop maqolalar

Муборак байрам – мерос қадрият

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар,…

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар, қурбонлик сўйиб, қариндош-уруғни меҳмон қиладилар. Қурбон ҳайити – бу нафақат диний маросим, балки инсониятнинг энг оғир маънавий синовдан ўтганлигини тасдиқловчи тирик хотира, асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган улуғ анъанадир.

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаёти шиддат билан ўзгариб, янгиланиб бораётган бир даврда, ушбу муборак айём эл-юртимиз учун янада теран маъно-мазмун касб этмоқда. Хусусан, бу йил ҳам Қурбон ҳайити муносабати билан Президентимизнинг алоҳида қарорлари қабул қилинди. Унда жамиятимиз ҳаётида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда барча миллий ва диний қадриятларимиз қатори инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити ғоят муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. Инсонпарварлик принципларига асосланган ушбу сиёсат туфайли байрам миллий юксалишимизнинг маънавий устунларидан бирига айланди.

Ислом таълимотида Қурбон ҳайити икки улуғ байрамдан бири саналади. У ҳижрий тақвимнинг зулҳижжа ойида, Ҳаж амалиётининг сўнгги кунларида нишонланади. Бугун дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд мусулмон бу кунни ибодат, қурбонлик сўйиш, эҳсон улашиш ва меҳмондўстлик билан ўтказади.

Ҳайит куни сўйилган қурбонлик гўшти оила аҳли, қариндош-уруғлар, камбағал ва муҳтожларга улашилади. Бу тақсимот – исломдаги ижтимоий адолатнинг амалий ифодасидир. Давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган қарорида баён этилганидек, мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити ўзига хос миллий-маданий қиёфа касб этган. Ҳайитнинг расмий байрам сифатида белгилангани эса қадриятларимизга нисбатан юксак эҳтиромнинг яққол ифодасидир. Ҳар йили байрам арафасида юртимиз бўйлаб кенг кўламли ободонлаштириш ва меҳр-мурувват ишлари авж олади. Шаҳар-у қишлоқларда одамлар байрамга ўзгача шукуҳ ва кайфият билан тайёргарлик кўришади.

Бу байрам фақат диний маросим эмас – у авлодлар ўртасидаги мустаҳкам кўприк, оила ва жамият бирлигини янгиловчи улкан ижтимоий ҳодисадир. Тонг отмасдан одамлар масжидлар томон ошиқади. Намоздан сўнг – юрт тинчлиги ва элимиз фаровонлигини сўраб дуога қўл очилади, кейин оила даврасига қайтиб, қурбонлик қилиш амалига киришилади. Қурбонлик гўштидан тайёрланган таомлар байрам дастурхонининг кўркига айланади. Маҳаллаларда кўтаринки кайфият ҳукм суради, қўни-қўшнилар бир-бирига таом улашади.

Қурбон ҳайитида биз фақат қурбонлик сўймаймиз, балки нафсимизни тийишга, инсон қадрини улуғлашга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга, оилавий ришталарни мустаҳкамлашга ва инсон сифатида яна бир бор ўзлигимизга қайтишга ҳаракат қиламиз. Ана шундай теран маъноси ва эзгу фазилатлари туфайли Қурбон ҳайити ҳақиқий инсонийлик, меҳр-мурувват ва оқибат байрамидир.

Ойбек Сотволдиев,

Имом Мотуридий халқаро

илмий-тадқиқот маркази

бўлим бошлиғ

Мақолалар

Яна ўқинг

Барча мақолалар
Ommabop maqolalar

Маънавий қудрат манбайи

ХИВ-ХВ асрлар Марказий Осиё тарихида Иккинчи Ренессанс даври сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу тарихий босқич нафақат қудратли марказлашган давлат барпо этилгани, балки…

Ommabop maqolalar

Коррупсия тараққиётга қилинган хужум

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зеро, жамият танасини ич-ичидан кемирувчи бу иллат нафақат…