Ommabop maqolalar

Тенглик сари қадам: Янги Ўзбекистон конституциясида аёллар ҳуқуқи

Халқимиз азалдан аёлни оила парвонаси, миллат тарбиячиси ва жамият маънавиятининг устуни сифатида ардоқлаб келган. “Онасини эъзозлаган эл – эл бўлади”, дейишган аждодларимиз.…

Халқимиз азалдан аёлни оила парвонаси, миллат тарбиячиси ва жамият маънавиятининг устуни сифатида ардоқлаб келган. “Онасини эъзозлаган эл – эл бўлади”, дейишган аждодларимиз. Дарҳақиқат, тарихга назар ташласак, Тўмариснинг жасорати, Бибихонимнинг давлатдорлик ва бунёдкорлик қобилияти, Нодирабегимнинг ижодий мероси халқимизнинг аёлга бўлган юксак муносабатини намоён этади.

Ислом таълимотида ҳам аёлга нисбатан эҳтиром — инсонийлик мезони. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Жаннат оналар оёғи остидадир” деганлари аёл қадрининг энг юксак ифодасидир. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларда эса: “Сизнинг энг яхшингиз – аёлига яхшилик қилганингиздир”, дейилади. Бу ўгитлар халқнинг маиший муносабатларидан тортиб ижтимоий меъёрларигача сингиб кетган.

Янги Ўзбекистоннинг Асосий қонуни ана шу тарихий ва маънавий илдизларга таянган ҳолда, замонавий ҳуқуқий меъёрларни ўзида мужассам этмоқда.

2023-йилда умумхалқ референдуми натижасида қабул қилинган Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда миллий анъаналаримиз ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро уйғунлигини намоён этади. Зеро, аёлнинг жамиятдаги мавқеи мустаҳкам бўлиши нафақат оила, балки бутун мамлакат ҳаётининг барқарорлиги ва маънавий қиёфасини юксалтиради.

Шу боис, Бош қомусимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Чунончи, Конституциянинг 19-моддасида инсонларнинг жинсидан қатъи бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, қонун олдида тенглиги қатъий муҳрлаб қўйилган. Бу модда аёлларни ҳар қандай камситишлардан ҳимоя қилиб, уларга эркаклар билан баб-баравар жамият ривожига ҳисса қўшиш имконини беради.

Аёлларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш халқимизга хос ғамхўрликнинг амалий кўринишидир. Янги Конституциянинг 42-моддаси аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялашга қаратилган бўлиб, ҳомиладорлик ёки фарзанд тарбияси сабабли уларни ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатиш каби адолацизликларга чек қўяди. Бу норма оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлнинг оиладаги вазифалари билан жамиятдаги фаоллигини уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Конституциянинг 58-моддаси давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг фаол иштироки учун кенг йўл очади. Бугунги кунда таълим, тиббиёт, тадбиркорлик ва давлат хизматида хотин-қизларимизнинг ўрни ортиб бораётгани, уларнинг мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссаси юксалаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Мамлакатимизда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолати тўғрисида”ги қонун (2019-йил) ҳам аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилувчи асосий ҳужжатлардан биридир. Давлат томонидан “Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари”нинг ташкил этилиши эса хотин-қизларга кўмак бериш, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишда амалий қадам бўлди.

Янги Ўзбекистонда аёлларга қаратилаётган эътибор нафақат қонунларда, балки ҳаётий рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бугунги кунда хотин-қизларимиз давлат бошқаруви, тадбиркорлик ва илм-фан соҳаларида фаол иштирок этмоқдалар.

Хусусан, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида:

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг
    32 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон минтақадаги етакчи давлатлар қаторидан жой олди ва жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан юқори натижани қайд этди;
  • давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаётган хотин-қизларнинг улуши 33 фоизга етди. Бу Конституциянинг 58-моддасида белгиланган давлат бошқарувида тенг иштирок этиш ҳуқуқининг амалий исботидир;
  • олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасида қизларнинг улуши қарийб 49-50 фоизни ташкил қилмоқда. Эътиборли жиҳати, магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани илм йўлидаги минглаб опа-сингилларимизга катта рағбат бўлди;
  • иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг салкам 40 фоизи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Афсуски, шунга қарамай, айрим ҳолларда диний тушунчаларни нотўғри талқин қилиш ёки эскича қарашлар туфайли аёлларнинг илм олиш ва касб эгаллаш имкониятлари чекланиши ҳолатлари учраб туради. Ваҳоланки, илм-маърифатга интилиш динимизда ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дея қатъий таъкидлаганлар. Уламоларимиз ушбу ҳадисдаги “мусулмон” сўзи умумий маънода келган бўлиб, у эркакларга ҳам, аёлларга ҳам бирдек тегишли эканини баён қилганлар. Шу боис, аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш нафақат қонуний, балки диний-маърифий жиҳатдан ҳам муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тарихий аҳамиятга эга ҳужжатдир. Унда белгиланган нормалар халқаро андозаларнинг кўр-кўрона кўчирмаси эмас, балки аёлларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ҳуқуқий тилдаги ифодасидир.

Аёл ҳуқуқларини таъминлаш – бу оилаларнинг фаровонлиги, фарзандларнинг баркамол тарбияси ва жамиятнинг маънавий юксалиши демакдир. Зеро, аёл қадрланган юртда тинчлик, барака ва тараққиёт барқарор бўлади. Конституциямиз ва қонунларимиз айнан шу эзгу мақсадга – хотин-қизларимизнинг бахтли ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.

Мадина Жўрайева 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Мақолалар

Яна ўқинг

Барча мақолалар
Ommabop maqolalar

Муборак байрам – мерос қадрият

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар,…

Ommabop maqolalar

Маънавий қудрат манбайи

ХИВ-ХВ асрлар Марказий Осиё тарихида Иккинчи Ренессанс даври сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу тарихий босқич нафақат қудратли марказлашган давлат барпо этилгани, балки…