Ilmiy maqolalar

Ўзбекистоннинг илғор ташаббуслари дунё миқёсида қўллаб-қувватланмоқда

Жорий йилнинг 15-16 октябр кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли нуфузли халқаро конференсиясига қизғин…

Жорий йилнинг 15-16 октябр кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли нуфузли халқаро конференсиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Мазкур нуфузли халқаро конференсия хусусида Имом Мотуридий Халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримовга бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

– Жамолиддин Абдулҳамидович, дунёга янгиланаётган Ўзбекистон сифатида танилаётган мамлакатимизнинг кейинги йилларда илғор маърифий ташаббусларни халқаро миқёсда илгари сураётгани хусусида фикрингизни билмоқчи эдик.

– Бугун Ўзбекистон нуфузли халқаро ташкилотларнинг юксак минбаридан туриб билдираётган илғор маърифий ташаббуслар ҳаётийлиги, амалий аҳамияти ва долзарблиги билан дунё ҳамжамиятини ўзига жалб этмоқда. Бу борада сўз юритганда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёйевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябр ойида Америка Қўшма Штатларининг Ню-Ёрк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясидаги иштирокини эслаб ўтиш лозим. Дарҳақиқат, БМТнинг мазкур сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим маърифий ташаббуслар мамлакатнинг халқаро миқёсдаги фаолиятида янги босқични бошлаб берди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу ташаббуслар орасида “Маърифат ва диний бағрикенглик ҳақида”ги махсус резолюсияни қабул қилиш ҳақидаги таклиф алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Таъбир жоиз бўлса, ушбу таклиф экстремизм ва радикализмга қарши кураш борасида қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилининг халқаро кўламдаги амалий ифодаси бўлди. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ушбу таклиф ташкилотга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ҳамда 2018 йил 12 декабрда тасдиқланди. Мазкур резолюсиянинг кўтаринкилик билан қабул қилиниши Ўзбекистоннинг маданий-маърифий соҳадаги фаолияти, илғор маърифий ташаббуслари халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан дарак беради.

Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 72-сессиядаги нутқи ҳақида илиқ фикрларни билдириб, илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг муҳимлигини эътироф этди ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябр санасида Ню-Ёрк шаҳрида бўлиб ўтган 78-сессиясида ҳам нутқ сўзлаб, бир қатор илғор маърифий ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, БМТ Бош котибининг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббуси доирасида тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” мавзусида халқаро конференсия ўтказиш ҳақидаги таклиф билан чиқди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йилда Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференсия ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёйев томонидан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг минбаридан туриб билдирилаётган маърифий ташаббус ва таклифлар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеи тобора юксалиб, глобал муаммоларни ҳал этишда ўз сўзи ва ўрнига эга бўлиб бораётганини кўрсатади. 

– Тез кунларда бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференсияга хорижлик олим ва мутахассислар, илмий тадқиқот ва таълим муассасаларининг қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Аввало, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференсияни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябрдаги 78-сессиясида илгари сурилганини таъкидлаб ўтиш лозим. Албатта, бу мазкур конференсиянинг аҳамияти қанчалик улкан эканини, шунингдек, унга нафақат мусулмон мамлакатлари, балки ташкилотга аъзо барча давлатлар катта қизиқиш билан қараётганини кўрсатади. Шунингдек, мазкур конференсия ислом дини ниқоби остидаги экстремистик ва радикал оқимларнинг бузғунчи фаолияти кўлами кенгайиб бораётган, Шарқ ва Ғарб мамлакатларидаги ёшларни ўз таъсирига олаётган бир вақтда ислом динининг асл тинчликпарвар ва инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш зарурати бугунги кунда халқаро жамоатчилик олдида турган долзарб вазифалардан бириекани ҳам ушбу конференсияга бўлган қизиқишнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли, конференсия эълон қилинган вақтдан бошлаб мусулмон мамлакатларининг энг кўзга кўринган уламолари, ўз соҳасининг етук олим ва мутахассислари унда иштирок этиш истагини билдириб, мурожаат қилиб келмоқда. Чунки, БМТ даражасидаги бу каби анжуманларнинг ташкил этилишини ҳар доим ҳам кузатавермайсиз. Ўйлайманки, ушбу конференсия бугунги кунда машҳурликка эришган мусулмон уламоларининг исломнинг тинчлик ва эзгулик дини экани ҳақидаги ўз фикрларини бутун дунёга баралла айтишлари учун энг қулай платформа ҳисобланади. Шу сабабли ҳам, дунё олимлари, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари ходимларининг унда иштирок этишга бўлган қизиқишлари тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, конференсия Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар, фуқароларнинг диний эркинлиги ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишларни халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутиши билан ҳам аҳамиятлидир. 

– Буюк аллома Имом Мотуридий илмий мероси ва таълимотига хос тинчликпарварлик ҳамда инсонпарварлик ғояларнинг бугунги кундаги аҳамияти қандай?

 – Имом Мотуридий олимлар томонидан буюк мутакаллим, қомусий аллома ва улуғ мутафаккир сифатида эътироф этилади. Унинг биринчилардан бўлиб калом илмига билиш назариясини киритиши ҳамда ўз таълимотида ақлга алоҳида ўрин ажратишини ушбу соҳада ўзига хос бурилиш нуқтаси бўлган десак, муболаға бўлмайди. Унинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” каби асарлари алломанинг ўз соҳасининг етук олими, пешқадами бўлганини кўрсатади.

У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлган давридан ҳозирги кунга қадар муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб келган. Маълумки, ислом динида адашган тоифалар, бузғунчи оқимлар бугун пайдо бўлиб қолмаган. Улар келиб чиқишининг тарихий-ғоявий илдизи илк ислом даврига бориб тақалади. Ўз даврида ислом уламолари томонидан бу каби бузғунчи ақидаларга илмий асослантирилган раддиялар берилган, уларга қарши курашнинг маърифий асослари шакллантирилган. Имом Мотуридий ҳам мана шундай олимлардан бири сифатида “Мусаҳҳиҳ эътиқод аҳли сунна” – “Аҳли сунна эътиқодининг тўғриловчиси” каби шарафли номга сазовор бўлган. Бу бежизга эмас албатта. Зеро, ушбу таълимот вакиллари ИХ асрдан буён ихтилофли ақидавий масалаларга жавоб бериш, мўтадил таълимотни кенг тарқатиш юзасидан улкан ишларни амалга ошириб келмоқдалар.

Имом Мотуридийнинг мутаассиб оқимларга қарши кураш методологияси, айниқса, бу борада ҳам нақлий, ҳам ақлий далиллардан бирдек фойдалангани юксак амалий самара келтиргани унинг ўз даврида мавжуд бўлган бузғунчи оқимлар фаолиятига батамом барҳам бериб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлиги ҳамда жипслигини таъминлай олганида ўз исботини топган. Ушбу методологиянинг асосини унинг “Қуролингни илмдан яса”, деган ҳикмати ташкил қилган.
Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган мутаассиб оқимларнинг тарихий-ғоявий илдизлари узоқ ўтмишдаги “салаф”ларига бориб тақалишини ҳисобга оладиган бўлсак, мотуридийлик таълимоти замонавий жамиятдаги ижтимоий муҳитни соғломлаштиришда ҳам юксак амалий аҳамиятга эга эканлиги равшанлашади. Шу сабабли ҳозирги вақтда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш давлат даражасидаги долзарб вазифа ҳисобланади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ислом оламида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти юксак қадрланишидан ташқари, унинг яна бир муҳим жиҳати ҳам борки, бу мазкур таълимотнинг бугунги ғоявий зиддиятлар авж олган глобаллашув даврида жамиятда учраётган айрим ихтилофли ақидавий масалаларнинг ечимини топиш, жумладан, ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши нақлий ҳамда ақлий далиллар асосида илмий асосланган раддияларни бериш, диний бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим амалий аҳамиятга эга эканлиги билан ифодаланади.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.

Мақолалар

Яна ўқинг

Барча мақолалар
Ommabop maqolalar

Муборак байрам – мерос қадрият

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар,…

Ommabop maqolalar

Маънавий қудрат манбайи

ХИВ-ХВ асрлар Марказий Осиё тарихида Иккинчи Ренессанс даври сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу тарихий босқич нафақат қудратли марказлашган давлат барпо этилгани, балки…