Инсоният яралибдики, жамоа бўлиб ўзаро муносабатларга киришиб яшашга интилади. Бир оила ёки кичик бир қишлоқ бўлсин, одамлар тўпланган жойда табиий равишда ўртадаги муносабатларни тартибга солувчи қоидаларга эҳтиёж туғилади. Ушбу қоидалар кучли томон заиф томонга қўполлик қилиши, мазлумнинг ҳақи поймол бўлиши каби жамиятда парокандаликка сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келмаслигини таъминлайди.
Бугунги глобаллашув даврида дунё чегаралари кенгайиб, турли маданият ва қарашлар қоришиб кетган бир пайтда, шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳамда инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ўзида мужассам қилган ижтимоий ҳужжат, келишувлар муҳим аҳамият касб этади. Лотин тилида “цонститутио” дея қайд қилинган “конституция” сўзининг маъносини ифода этувчи юридик ҳужжатни давлат ва фуқаро, бошлиқ ва ходим, турли эътиқод вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва мажбуриятлар чегарасини белгилаб берувчи мезон сифатида таъбир қилиш жоиз.
Конституция ўзида барча қонунларни батафсил жамлаган йўриқнома эмас, балки жамиятда юзага келадиган тартибсизлик ва зулмнинг ҳимоячиси ўлароқ, инсоният тафаккурининг юксак маҳсулидир. Тарихга назар ташласак, жамиятни қонунлар асосида бошқариш анъанаси ислом маданиятига бегона эмаслигини кўрамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчиб келганларидан сўнг, у ерда давлатчилик пойдеворини қурдилар. Бу жамият фақат мусулмонлардан иборат эмасди. Унда маҳаллий араблар, кўчиб келган мусулмонлар ва ўзга дин қабилалари истиқомат қиларди. Шундай мураккаб вазиятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихда “саҳифатул Мадина” (Мадина аҳдномаси) номи билан тарихда қолган, 52 моддадан иборат муҳим ҳужжатни туздилар. Таниқли олим, профессор Муҳаммад Ҳамидуллоҳ (ваф. 2003 й.) “бу инсоният тарихидаги илк ёзма конституциялардан бири эди” дея таъкидлаган. Ушбу тарихий ҳужжатнинг бугунги ҳуқуқий тамойиллар билан ҳамоҳанг жиҳатларини таҳлил қилинганда, аҳдномада Мадинада яшовчи барча аҳоли, жумладан, ўзга дин вакиллари ҳам мусулмонлар билан бир қаторда “бир халқ” деб эълон қилинганини алоҳида таъкилдаш ўринлидир. Зеро, бу ҳолат фуқаролик институтининг тамал тоши бўлиб, жамият аъзолари дини ва ирқидан қатъий назар, қонун олдида тенг ҳуқуқли ватандош сифатида эътироф этилишини ифода қилади.
Мадина аҳдномасида виждон эркинлиги ҳам очиқ-ойдин белгиланган бўлиб, “яҳудийларнинг ўз дини бор, мусулмонларнинг ўз дини бор” лиги қайд этиб қўйилган. Бу қоида ўзга дин вакилларига эътиқоди сабабли тазйиқ ўтказилмаслиги, ҳар ким ўз ибодатини эмин-эркин бажаришини кафолатлаган. Шу ўринда мамлакатимиз конституциясининг ҳам асосий устунларидан бири сифатида унда виждон эркинлиги таъминланганини алоҳида эслаб ўтиш лозим.
Юқоридаги маълумотлардан жамият ҳаётини тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқиш, уларни китоб ҳолига келтириш ва барчанинг унга амал қилишини талаб қилиш динга зид амал эмас, аксинча, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом қўллаган ҳикматли тадбир экани хулоса қилинади. Бу тадбир ўз навбатида кўпдинли Мадина жамиятида тинчликни асраш ва динлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этган.
Бугунги Конституциямизнинг ҳам бош мақсади мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий адолатни ўрнатиш экан, демак, унинг моҳияти тўлиқ эзгуликка хизмат қилади. Номланиши, қайси тилда экани ёки кимлар томонидан ишлаб чиқилганидан қатъий назар, адолат ва тинчликни таъминлашга қаратилган ҳар қандай ҳужжат ҳурматга лойиқдир. Бугунги дунёда конституциялар турли миллат ва турфа дунёқарашга эга инсонларнинг бир ватан, бир байроқ остида жипслашиб яшашининг ягона кафолатидир.
Шунингдек, конституция &ндаш; бу шунчаки моддалар йиғиндиси эмас, балки у ўзаро ишонч, ҳурмат ва масъулият демакдир. Жамиятда аниқ белгиланган қоидалар асосидаги тартиб-интизом ва адолатли қонунларнинг ҳукм суриши, ўша юртда илм-фаннинг ривож топиши, халқнинг фаровон ҳаёт кечириши каби омилларни юзага чиқаради. Шу сабабли, юртнинг барқарорлигини таъминловчи ҳуқуқий пойдевори бўлмиш бош қомусни ўрганиш ҳамда унга амал қилиш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этади.
Суннатулла Абдуллайев
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
