Коррупсия жамиятнинг барқарор пойдеворини емириб, давлат ва миллат тараққиётига соя солувчи оғир иллатдир. У қонун устуворлигини заифлаштириб, жамиятда адолат туйғусини сўндиради ва халқ ишончини поймол қилади. Бундай муҳитда уюшган жиноятчилик, манфаатпарастлик ва турли салбий оқимлар учун кенг йўл очилади. Шу боис коррупсияга қарши кураш фақатгина муайян ташкилот ёки мансабдор шахснинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг виждонний бурчи, умумий масъулияти бўлмоғи даркор.
Ислом дини ҳам ушбу умуммиллий курашда маънавий таянч ва тарбиявий куч сифатида муҳим ўрин тутади. Дин ҳалоллик, поклик, адолат ва масъулият каби инсоний қадриятларни юксак қиймат сифатида уқтиради, пора олиш ва мансабни суиистеъмол қилишни оғир гуноҳ сифатида қоралайди. Шу маънода, исломнинг маърифий таълимотлари жамиятда коррупсияга қарши кучли маънавий қалқон яратиб, инсонларни пок ният ва виждон йўлида фаол бўлишга чорлайди.
Таъкидлаш жоизки, ислом дини жамиятда соғлом муҳит шакллантиришни ҳамиша диққат марказига қўйган. Шу боис жамиятда учрайдиган ҳар қандай иллатни бартараф этиш учун инсонларни маънавий-маърифий йўл асосида тарбиялашга асосий эътибор қаратади. Хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда коррупсиянинг кўринишларидан бўлган порахўрлик, ўзганинг ҳаққини ноҳақ эгаллашни гуноҳ экани таъкидланди ҳамда мусулмонларни бундай иллатлардан қайтарди. Жумладан, Қуръони каримнинг Нисо сураси 29-оятида: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг”, дейилади.
Шу асосда бировнинг молини ботил йўл билан ейиш, порахўрлик ва товламачилик каби иллатлар қатъий ман этилган. Ҳар бир масъул инсон ўз вазифасини адолат ва ҳалоллик асосида бажариши, мансаб лавозимини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслиги лозим, чунки бу нафақат гуноҳ, балки жамиятда ўзаро ишончни поймол қилувчи оғир хатодир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида ҳам “Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!”, “Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам, ўртада турувчи ҳам жаҳаннамга ташланади” дея бу иллатдан мусулмонлар қайтарилади. Қолаверса, бу кўрсатма ҳар бир мусулмонни адолатли ва виждонли бўлишга ҳамда жамиятда соғлом муҳитни сақлашга чорлайди. Исломнинг маънавий йўналиши шу йўл билан коррупсияга қарши энг кучли қалқон вазифасини бажаради.
Шунингдек, Умар ибн Хаттоб (р.а.) “Кимки бир ишга муносбироқ одам турганида ўзаро яқин ёки қариндош бўлгани учунгина бошқа инсонни ишлаца, у Аллоҳга, Расулига ва мўминларга хиёнат қилибди”, деганлар. Бу эса, ислом дини жамият ва давлат ишларида инсонларни таниш-билишчилик, маҳаллийчиликдан қайтиришини англатади.
Бундан ташқари, ислом дини қўл остида ходимлари бор мансабдор шахсларни хоссатан ўзи учун ташкил қилинган зиёфатларга боришдан ҳам қайтарган. Бундан кўзланган асосий мақсад коррупсияга йўл очмаслик бўлган. Айниқса, ўрта асрларда қозилик лавозимида ишловчи кишилар учун коррупсияга шароит яратувчи ҳар қандай ҳолатлар тақиқланган. Хусусан, қози ёки унинг оиласи учун ташкил этилган махсус зиёфатларга бормаслик, оддий ҳолатда ҳам кишилардан совға-салом олмаслик, савдо аҳли томонидан олди-сотди ишларида улар учун турли имтиёзлар бермаслик каби бир қанча қоидалар ишлаб чиқилганки, уларнинг асосий мақсади коррупсия учун туйнуклар ҳосил бўлишини олдини олишга қаратилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ислом дини коррупсияга қарши курашни нафақат ҳуқуқий, балки маънавий ва тарбиявий масъулият сифатида қарайди. У адолат, поклик ва масъулиятни инсон ҳаётининг асосий йўриқлари қилиб белгилайди, порахўрлик, мансабни суиистеъмол қилиш ва оддий ҳалолликка зид бўлган барча иллатларни қатъий қоралайди. Қуръон ва ҳадислар орқали мусулмонлар адолатли, виждонли ва пок ниятли бўлишга чақирилади. Бу эса жамиятда соғлом муҳит, ўзаро ишонч ва адолатли муносабатларни сақлашда энг кучли маънавий қалқон вазифасини бажаради.
Шу билан бирга, амалдорларни таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ва манфаатпарстлик иллатларидан узоқ туришга чорлайди. Махсус зиёфатларга бормаслик, совға ва имтиёз талаб қилмаслик каби қоидалар коррупсияга йўл қўймасликда амалий ибрат бўлиб хизмат қилган. Бу тартиблар орқали ислом жамиятда соғлом муҳит, шаффофлик ва адолатни таъминлаб, ҳар бир инсонни ҳалоллик ва виждон йўлида фаол бўлишга чорлайди ҳамда жамиятда ўзаро ишончга асосланган соғлом муҳитини барпо этади.
Шукрулло Жўрайев
Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
