Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Бу борада буюк мутафаккир аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, уни келажак авлодларга безавол етказиш бўйича тизимли тадқиқотлар олиб бориш, алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, инсоният тамаддуни ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини маҳаллий ва халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ислом динининг тинчликсевар ҳамда инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, ёшларни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев ташаббуси билан мамлакатимизда Ислом сивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Баҳоуддин Нақшбанд номли илмий-тадқиқот маркази каби илмий муассасалар фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда юртимиз алломаларининг юксак гуманистик ғояларга асосланган таълимотлари, илм-фан ривожида муҳим ўрин тутган улкан кашфиёт ва ихтироларининг жамият тараққиётидаги тарихий роли ҳамда бугунги кундаги замонавий аҳамияти дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Хусусан, буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Аб-у Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказида йирик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу борада аждодлар мероси асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб беришга қаратилган 100 дан ортиқ китоб нашр қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шунингдек, Имом Мотуридий қаламига мансуб “Китоб ат-тавҳид” асарининг илмий-танқидий матни ҳамда ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржимаси, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржимасининг 20 та жузи, “Мотуридийлик таълимоти энсиклопедияси”, “Буюк аждодларимиз” рукни остидаги халқчил рисолалар ва бошқа китоблар нашр қилинди.
Марказ томонидан хорижлик ҳамкор ташкилотлар билан долзарб масалаларга бағишлаб халқаро анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро симпозиум ҳар йили мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Янги Ўзбекистонда Имом Мотуридий илмий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани Давлатимиз Раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида аллома номининг алоҳида тилга олинишида ҳам ўз ифодасини топди. Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил
21-апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-68-сон Фармони билан Марказ нуфузи оширилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилди.
Мазкур Фармон билан Марказга аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини жамоатчиликка етказиш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби муҳим вазифалар юкланиб, Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш белгиланди.
Шунингдек, 2025-йилда Имом Мотуридий мажмуасида кенг кўламли қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуада Имом Мотуридий инновацион музейини ташкил этиш вазифаси ҳам белгиланган бўлиб, ҳозирда Марказ ходимлари мазкур музей консепсиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдалар.
Имом Аб-у Мансур Мотуридий мўтадиллик ва бағрикенгликка асосланган алоҳида мактабни ташкил этди. Бу мактаб эътиқод масалаларини исботлаш ҳамда турли адашган оқимларнинг шубҳаларига раддия беришда нақлга (Қуръон ва ҳадис) таяниш билан биргаликда рационал ҳужжатлардан кенг фойдаланди.
Бунинг натижасида Имом Мотуридий тўғри йўлдан адашган тоифаларга қарши раддия беришнинг самарали усулларини ишлаб чиқиб, шу асосда суннийлик (аҳли сунна вал жамоа)нинг умумий позициясини ҳимоя қилди.
Барчамизга маълумки, мамлакатимиз нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибида муҳим ташаббуслар билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг
72-сессиясидаги тарихий нутқлари ўз мазмун-моҳияти ва халқаро ҳамжамият учун аҳамияти жиҳатидан аксарият давлатларнинг эътиборини тортди.
Унда Ўзбекистон Раҳбари бағрикенглик, бирдамликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Бунинг натижасида 2018-йил 12-декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 100 дан ошиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ана шундай ташаббусларнинг мантиқий давоми сифати 2025-йил
23-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёйев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўз сўзи ва ўрнига эга эканини яна бир бор намоён этди.
Унда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бўлган долзарб масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб, уларнинг ечимлари бўйича глобал таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги вақтда радикализм, экстремизм ва терроризм таҳдидлари нафақат муайян давлат ёки минтақа, балки бутун дунё олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Айни вақтда дин ниқобидаги экстремистик ва террорчи ташкилотлар томонидан ёшларни зўравонликка ундаш йўли билан жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, радикал қарашларни тарқатишга уриниш ҳолатлари сезиларли даражада ортиб бормоқда.
Янги Ўзбекистонда “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида жамиятда радикализм ва экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олиш, ёшларни турли оқимлар таъсиридан асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёйев нуфузли ташкилот минбаридан туриб сўзлаган нутқида ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва уни дунёга тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
“Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз”, деган гаплари барчамизга ғурур бағишлади.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, БМТ минбаридан туриб ислом дунёсига машҳур бўлган икки муҳаддис аждодимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда эътиқод софлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган Имом Мотуридий ҳақида гапириш бу – катта матонат ва иродадир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёйевнинг ушбу таклифлари мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари учун юксак шараф бўлиш билан бирга, мазкур алломаларнинг юксак тақдимотларини ўтказишга муносиб тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш нуқтайи назаридан улкан масъулият ҳам юклайди.
Комилжон Шермухамедов,
Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот маркази директори
