Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмийдир.
Нажмиддин Кубро 1145-йилда Хива шаҳрида дунёга келган. Унинг “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абул Жанноб”, “Валийтарош” каби лақаб, унвон ва кунялари бор. Фаридиддин Аттор авлиёлар ҳақида гапирар экан, уларнинг бир неча тоифага бўлинишини зикр этган. Жумладан, маърифат аҳли, муомалот аҳли, муҳаббат аҳли, тавҳид аҳли, мискин фақирлар аҳли ва бошқалар. Аммо шундай шайхлар борки, уларда санаб ўтилган тоифаларнинг бир қанчасининг сифатлари жамланган бўлади. Шайх Нажмиддин Кубро ҳам шундай инсонлар сирасига кирадиган муршид ҳисобланади.
Аҳмад ёшлигидан илмга қизиққан қобилиятли инсон бўлган. У шариат илмларини пухта эгаллаб, йигитлик палласида тенгқурлари билан бўлган барча баҳсларда ҳамиша ғолиб чиққани учун уни “Тамматул-Кубро” дея аташган. Кейинчалик “Кубро” сўзи лақаб бўлиб қолган. Бунинг ёнига “Нажмиддин” – “диннинг юлдузи” деган мартаба-унвон қўшилиб, Аҳмад ибн Умар шундан кейин Нажмиддин Кубро номи билан машҳур бўлиб кетади. “Абул Жанноб” сўзи эса Нажмиддин Кубронинг куняси бўлиб, мазкур сўзнинг маъноси дунёдан парҳез қилган тақводорнинг отаси деган маънони англатади. Бошқача айтганда, шайхнинг тақво ва тавба посбони эканлигига ишора. Абдураҳмон Жомийнинг ёзишича, Нажмиддин Кубро Искандария шаҳрида муҳаддис уламолардан ҳадис илмини ўрганиб қайтаётганида, йўлда бир кеча ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)ни тушида кўради ва ул зотга мурожаат қилиб: “Менга куня бағишланг”, дейди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Нажмиддинга: “Сенинг кунянг Абул Жанноб – дунёдан ижтиноб қилиб (четланиб), парҳез этувчи бўлади”, дея марҳамат қиладилар.
