Ommabop maqolalar

Истиқлол тимсоли – мадҳия

Ҳар бир инсонга Яратган томонидан ато қилинган улуғ неъматлардан бири бу – ўз ери, макони, Ватанига эга бўлиб, шу жойда эркин ҳаёт…

Ҳар бир инсонга Яратган томонидан ато қилинган улуғ неъматлардан бири бу – ўз ери, макони, Ватанига эга бўлиб, шу жойда эркин ҳаёт кечириш, тинчликда яшаш ҳисобланади. Ўз Ватанида инсон омонликни ҳис қилади, хотиржамлик ва камолотга эришади. Шу сабабли, динимизда ҳар бир мусулмон учун Ватанни севиш, уни ардоқлаш ва ҳимоя қилиш шарт қилинган. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в) томонларидан мусулмон аҳлига чиройли ибрат бор. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в) ўзлари таваллуд топган Макка шаҳрига нисбатан меҳр-муҳаббатлари юксак бўлгани борасидаги далиллар етарли.

Дарҳақиқат, Ватанни севишда унинг тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳияни ардоқлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, мадҳия инсон қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур, ўзига хос фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги тараннум қилинади. Мадҳия янграганда инсонда руҳан жўшқинлик ва азму шижоат юксалади, қалбда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғуси пайдо бўлади. Мадҳия маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда ватанпарварлик, бебаҳо тарихий меросни идрок қилиш, миллий ўзликни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб қолмоқда. Мадҳияда тараннум этилган мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар эса келажагимиз пойдевори бўлган ёшлар учун муҳим дастак бўлади.

Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, йирик халқаро анжуманлар, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларида энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграйдиган мамлакатимиз мадҳияси 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни асосида қабул қилинган эди. Мустақил Ўзбекистонда мадҳияни қабул қилиш жараёни ўта муҳим воқеа сифатида кўрилгани учун эксперт комиссияси таркибига илм-фан намоёндалари, давлат мукофоти совриндорлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат ва маданият арбоблари киритилган. Уларнинг фикрлари ва хизматлари ўлароқ давлат тимсоли бўлган мадҳия ишлаб чиқилган эди.

Бугун мадҳиянинг 33 йиллигини кенг нишонлаш арафасида эканмиз унинг қабул қилиш жараёнига ўз ҳиссасини қўшган мутахассислар жамоасига чуқур миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим бўлади. Сабаби, мадҳия тимсолида дунё эътироф қилган мустақил, суверен давлатнинг рамзи тушунилган бўлиб, бугунги можаро ва урушлар алангаси сўнмаётган мамлакатлар аҳолисининг қалбида ўз мадҳияларининг дунё узра янграши гўё ушалмас орзу сифатида қолмоқда. Шунинг учун, юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш мамлакатда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг муҳим бурчларидандир. Мазкур бурчни фарзандларимиз тарбиясига сингдириш ҳам ота-оналар учун шарт қилинган вазифадир.  

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш лозимки, давлат рамзлари, айниқса, мадҳия озод ва фаровон Ватанни бунёд қилиш, эркин ва бахтиёр ҳаётни барпо қилиш сингари ғоялар атрофида бутун жамиятни бирлаштира оладиган қудратли қурол бўлиб, уни ҳурмат қилиш, эътироф этиш ҳамда эъзозлаш орқали тинчлик неъматининг қадрига етиш мумкин. Неъматни қадрлаш эса Аллоҳга маҳбуб бўлган ишлардандир.
 

Жўрайев Улуғбек

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақолалар

Яна ўқинг

Барча мақолалар
Ommabop maqolalar

Муборак байрам – мерос қадрият

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар,…

Ommabop maqolalar

Маънавий қудрат манбайи

ХИВ-ХВ асрлар Марказий Осиё тарихида Иккинчи Ренессанс даври сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу тарихий босқич нафақат қудратли марказлашган давлат барпо этилгани, балки…