Ilmiy maqolalar

Имом мотуридий маноқиблари (1-қисм)

Имом Мотуридийнинг тасаввуфий қарашлари ва зоҳидлик ҳаёти ҳақида бизга маълумот берувчи манбалар етарли даражада мавжуд. Ушбу маълумотлар имомнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари…

Имом Мотуридийнинг тасаввуфий қарашлари ва зоҳидлик ҳаёти ҳақида бизга маълумот берувчи манбалар етарли даражада мавжуд. Ушбу маълумотлар имомнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби унга энг яқин бўлган манбалар орқали етиб келган. Шунингдек, бундай маълумотлар кейинги давр манбаларида ҳам учраб туради ва уларда сезиларли хилма-хиллик кўзга ташланади. Яқин вақтгача Имом Мотуридийнинг ҳаёти ҳақида маълумот етишмаслиги туфайли, унинг ислом илмларидаги фикр ва қарашлари борасида асосли сўз айтиш қийин бўлиб келганди. Бироқ, бугунги кунда мотуридийлик таълимоти олимларининг асарларини ўрганиш, уларни таҳқиқ ва таржима қилиш жараёнининг ўсиб бориши ҳамда бу йўналишга қизиқишнинг кучайиши туфайли, бу борада асосли фикр юритиш имконияти пайдо бўлди.
Имом Мотуридий ҳақида сўз юритиш қийин бўлган даврларда унинг тасаввуфий қарашлари ва зоҳидлик ҳаётига доир фикрлар кўпинча имомни қандай кўрмоқчи ёки кўрсатилмоқчи эканлиги асосида шакллангани англашилмоқда. Туркиядаги тадқиқотларда ёндашув кўпроқ Имом Мотуридийнинг тасаввуфдан узоқ бўлгани, унинг тасаввуфий ҳаёт тарзига эга бўлмагани, ҳатто тасаввуфдан узоқ ва унга қарши бўлганини таъкидлашга қаратилган эди . Бу тенденсиянинг идеологик ёки шахсий омиллари ва сабаблари бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳозирги кунда, айниқса академик тадқиқотларда, “тасаввуф билан ораси узоқ” бўлган Имом Мотуридий тасвири чизилганини инкор қилиб бўлмайди .
Ҳолбуки, бизнинг фикримизга кўра, Имом Мотуридий ўз асрининг зоҳидлари ва каромат соҳиби бўлган сўфийларидан бири сифатида қабул қилингани шубҳасиз аниқ ҳақиқатдир. Бу ҳақиқат бизга маълум бўлганидек, ҳаммага маълум бўлиши учун, бу ерда Имом Мотуридийнинг тасаввуфий шахсиятини очиб берадиган ривоятларни хронологик тартибда йиғишга ва тақдим этишга ҳаракат қиламиз. Шу тариқа, ушбу даъво имомнинг замондошлари, шогирдлари ва шогирдларининг шогирдлари каби илк давр уламолари нақллари билан қанчалик мослиги ойдинлашади. Бу орқали мазкур ривоятларнинг бари унга тасаввуфий қиёфа бахш этиш учун кейинчалик тўқилган, деган даъво ҳақиқатга зид экани барчага маълум бўлади. 
Имомнинг тасаввуфий шахсиятини очиб берадиган ривоятларнинг бир қисми у билан учрашган ёки иккинчи даражада бўлса ҳам бу яқинликни сақлаган шахсларнинг баёнотларига асослангани учун, улар катта эътирозга учрайдиган ривоятлар эмас. Аммо имом ҳақидаги баъзи ривоятлар маноқибномаларда келтирилгани, уларнинг адабий ва тўқима ҳикояларни ўз ичига олиши улар имомга тасаввуфий шахсиятни нисбат бериш нияти билан яратилган, деган айрим даъволарга сабаб бўлган .  Аммо Имом Мотуридий ҳақидаги илк давр қайдлари ва кейинги давр тасвирлари ўртасидаги мувофиқлик ва яқинлик бу каби иддаонинг асоссиз эканини кўрсатиш учун етарли далил бўлади.
Имом Мотуридий билан учрашганлар уни қандай сўзлар билан эслашган ва қандай тавсифлашган? Аввало шунга тўхталиб ўцак. Абул Юср Паздавий “Усулу-д-дин” асарининг аввалида Мотуридийнинг шогирдларидан бири (айни пайтда ўзининг бобоси) бўлган Абдулкарим ибн Мусо Паздавий ўз оиласига имомнинг кароматлари ҳақида сўзлаб берганини айтади . Ушбу кароматларнинг аниқ тавсифи келтирилмаган бўлса-да, баъзи кароматларга шахсан имомнинг шогирдлари гувоҳ бўлишган ва Паздавий томонидан умумий тарзда билдирилган фикр айнан шу гувоҳликларга таянади. Бу қайдлар имомнинг шогирдлари уни каромат соҳиби сифатида қабул қилганларининг яққол далилидир. Унинг каромат соҳиби эканини кўрсатувчи бу изоҳ Имом Мотуридийни мақташ мақсадида тўқилган ёки қўшимча қилинган, деб айтиш мумкин эмас. Чунки, агар Паздавийнинг мақсади имомни мақташ бўлганида, у ўз асарида Мотуридийнинг “Китобу-т-Тавҳид” асаридаги услубни танқид қилмаган бўлар, аксинча, бу ҳақда гапирганида мақтов ёки сукутни афзал кўрган бўлар эди. Ҳолбуки, у “Китобу-т-Тавҳид”ни очиқчасига танқид қилган ва ундаги услубнинг оғирлигини ўз асарининг ёзилиш сабаби сифатида кўрсатган.
Имом Мотуридийнинг бошқа бир шогирди Абул Ҳасан Рустуфағний ҳам худди Абдулкарим ибн Мусо Паздавий каби ўз устозини каромат соҳиби бўлган муборак зот сифатида эслаб, унинг баъзи кароматларини зикр қилади. Рустуфағний имомни дуоси ижобат бўладиган инсонлардан бири сифатида тавсифлайди. Бунинг бир мисоли сифатида Имом Мотуридийнинг шогирдларидан бирининг уйини эгаллаб олган киши билан боғлиқ воқеани келтиради: вазиятни ҳал қилишга қаратилган барча ҳаракатлар самара бермагач, Имом Мотуридий ўша кишини баддуо қилган, натижада у одам касал бўлиб қолган ва ҳолатни тушуниб етгач, уйни бўшатиб қўйган . Шунингдек, Рустуфағний бир солиҳ киши тушида Абу Наср Иёзийни олдида бир гул ва шакарқамиш турган ҳолда кўрганини нақл қилади. Иёзий гулни Абул Қосим Самарқандийга, қамишни эса Абу Мансур Мотуридийга беради, бу билан Ҳаким Самарқандийга ҳикмат, Абу Мансур Мотуридийга эса ҳақиқат илмлари берилгани ифодаланади . Рустуфағний ўзининг ҳам бир неча бор тушида Имом Мотуридийни кўриб, унга баъзи масалаларда саволлар берганини айтади . Рустуфағний Имом Мотуридийнинг шогирди бўлса-да, устозининг обрўсини мақсадли равишда ошириш учун унинг кароматларини тўқиб чиқарган эмас. Аксинча, у баъзи ўринларда устозига қарши фикрлар ҳам билдирган. Масалан, Имом Абу Ҳанифадан келган “Ҳар бир мужтаҳид ўз ижтиҳодига кўра тўғри ҳукм чиқаради”, деган сўзга нисбатан Имом Мотуридий “Ҳар бир мужтаҳид тўғри ҳукм чиқариши ҳам, хато қилиши ҳам мумкин” деган фикрда бўлган. Аммо Рустуфағний бу масалада устозига қўшилмай, Имом Аъзамнинг фикрини афзал кўрган .
Рустуфағнийнинг шогирдлари орасида бўлган Абул Ҳусайн Башоғарий ҳам бизга Имом Мотуридий ҳақида маълумотлар тақдим қилади. У имомни илм, идрок ва тақвода алоҳида ажралиб турадиган шахс сифатида таърифлайди . Башоғарий билан бир авлоддан бўлган Абу Али Яҳё ибн Али Зандавистий (ваф. 400/1010) томонидан ривоят қилинган бир воқеа эса имомнинг зоҳидлигини намоён этиши жиҳатидан эътиборлидир. Унга кўра, Абу Аҳмад Иёзий бир куни Мотуридийни Самарқанднинг бой кишиларидан бирининг уйида меҳмон бўлишга мажбур қилади. Ўша даврда Самарқанднинг бой хонадонларида меҳмонларнинг соқолига атир суртиш одати бор бўлиб, бу иш уларга нисбатан эҳтиромни кўрсатиш учун қилинган. Имом Мотуридий мажбур бўлган ҳолда ушбу меҳмондорчиликда қатнашганида, унинг соқолига ҳам атир суртмоқчи бўладилар, аммо имом қаттиқ қаршилик қилиб, бунга рози бўлмайди. Шунда улар атирдан озгинасини унинг уловининг дум қисмига суртиб қўйишади. Имом бу ҳолатни сезиб қолиб, қаттиқ ғазабланади ва атирнинг ҳиди тўлиқ кетмагунча уловига минмайди . Айнан шу ҳодиса Аҳмад ибн Мусо Кашшийнинг (в. 550/1155) “Мажму’ ал-ҳаводис ван-навозил” асарида ҳам баъзи фарқлар билан келтирилади .
Имом Мотуридийнинг шогирдларидан ташқари, эътиборга молик бўлган яна бир гуруҳ унинг дўстларидир. Улардан бири Мансур Ҳалложнинг халифаси Абул Қосим Форис ибн Исо Бағдодий Динаварийдир (ваф. 342/953). Ривоятларга кўра, Имом Мотуридий ва Форис ибн Исо вафотларига қадар ўрталаридаги мустаҳкам дўстликни сақлаб қолганлар . Малом(ат)ия тариқати ичида зикр қилинувчи ва Ҳаллож Мансур каби тасаввуф тарихидаги энг баҳсли ва таниқли шахснинг халифаси, айни пайтда Калобозийнинг (ваф. 380/990)  устози бўлган бир олим билан Имом Мотуридийнинг яқин дўстлиги унинг ҳаётидаги тасаввуфий соҳанинг очиқ далилларидир. Умуман, имомнинг яқин атрофида Форис ибн Исо ва Ҳаким Самарқандий каби сўфийлар бўлгани эътироз қилиб бўлмайдиган фактлардир.
Абул Юср Паздавийнинг “Усулу-д-дин” асарида имомнинг каромат соҳиби бўлганига ишора қилингани ҳақида айтган эдик. Шунингдек, Паздавий “Маърифат ал-ҳужаж аш-шаръийя” деб номланган бошқа бир асарида ҳам имомнининг номини зикр қилар экан, уни “зоҳид” деб атайди . Паздавий Имом Мотуридий ҳақидаги энг ишончли манбалардан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби фақат унинг катта бобоси имомнинг шогирдлари орасида бўлганлиги эмас. Аксинча, унинг ўзи ҳам Дорул-Жузжония илмий анъанасининг давомчиси бўлиб, у ерда дарс берган ва ҳадис ривоят қилган . Шу тариқа, мадраса тарихи ва уламолари ҳақидаги энг яқин маълумотларни турли манбалардан ўрганган. Абул Муин Насафий ҳам Паздавий каби имомнинг зоҳид ва каромат соҳиби олим бўлганини таъкидлаган илк давр уламоларидан биридир . Имомнинг кароматларига қаратилган бу урғулар уни тасаввуфий шахсият сифатида тақдим этиш ниятидан келиб чиққан, деган замонавий даъво бизнингча бутунлай нотўғри. Бунинг хатолигини тушуниш учун эътибор қаратиш лозим бўлган энг муҳим жиҳат шундаки, биз зикр қилган илк давр олимларидан деярли ҳеч бири мутасаввиф сифатида танилмаган, тасаввуф табақаларида тилга олинмаган олимлардир. Ўзлари мутасаввиф бўлмаган бу олимлар имомни сўфий сифатида тақдим қилиш истагида бўлган, деб ўйлаш асоссиз ва мантиқсиздир.
Абу Бакр Ҳосирийнинг “ал-Ҳовий” номли асарида зикр этилган ҳолат имомнинг зоҳидлигига доир жонли бир намунадир. Ҳосирий Абу Бакр ибн Исмоил Самарқандий, Абул Ҳасан Фарро, Абу Мансур Мотуридий ва Абу Наср ибн Иброҳим каби олимлар солиҳ фақиҳлардан бўлгани, улар жума намозига уйларидан чиққанларида зарурат бўлмаса, масжидга пиёда боришгани, ҳеч қанақа махсус кийимлар киймай, оддий одамлар каби халқ орасида юришни афзал кўришганини айтади .
Нажмиддин Умар Насафий “ал-Қанд” асарида Имом Мотуридий Хизр алайҳиссаломни кўргани ҳақидаги ҳикояни келтиради. Бу ҳикояга кўра, Имом Абу Мансур Хизр алайҳиссаломни кўриб, ундан дуо сўраган, Хизр алайҳиссаломнинг дуоси ортидан имом ҳикмат илмига воқиф бўлган ва бидъатчи мазҳаб тарафдорларини мағлуб қилган. Сўнмаз Қутлу буни Бартолддан иқтибос келтириб, ривоят “турклар орасидаги Хизр билан боғлиқ култлардан келиб чиққан бўлиши мумкин"лигини айтади . Лекин биз Хизр алайҳиссаломга бўлган ишонч фақат туркларда эмас, балки барча мусулмонларда мавжуд экани ва уни "култ" деб аташ нотўғри эканлигини қайд этамиз . Бироқ, Имом Мотуридийнинг Хизр (а.с.) билан кўришганига доир ягона нақл бу эмас, бир-бирига гувоҳлик берувчи ва шу тариқа манбанинг ишончлилигини орттирувчи бошқа хабарлар ҳам бор. Имом Мотуридийнинг Хизр (а.с.) билан жами уч марта кўришгани айтилади .
Хизр алайҳиссаломдан дуо сўраш ва унинг дуоси орқали ҳикмат илмига воқиф бўлиш ҳақидаги қисқача ривоятни имом ҳақидаги бошқа бир ривоят яна ҳам тўлдиради. Бу ривоятга кўра, Хизр алайҳиссалом имомга ўзи ҳам ўқийдиган ҳожат намозини ўргатган ва имом ҳам бу намозни ўқиган . Демак, Хизр алайҳиссаломдан олинган ёрдам айнан ушбу ҳожат намозини ўрганиш ва имомнинг бу намозни ҳожати раво бўлиши ниятида ўқиши орқали содир бўлган. Насафий имомни "қудват ал-фариқайн" деб ҳам атаган, бу эса унинг зоҳирий ва ботиний илмлар соҳиби бўлган олим сифатида тан олинганини кўрсатувчи яна бир далилдир .
Кейинги даврда яшаган мотуридий мутакаллимларидан бири Саъдиддин Тафтазоний Имом Нававийнинг (ваф. 676/1277) “ал-Арбаин” асарига ёзган шарҳида Имом Абу Мансурнинг бир кароматини зикр қилади. Унга кўра, ўша даврдаги амир Самарқанд аҳлидан янги ва юқори миқдорда солиқ тўплаш ҳақида қарор чиқариб, бу қарорни етказиш учун шаҳарга ўз элчисини юборади. Элчи шаҳар пешволарини йиғиб, амирнинг солиқ тўғрисидаги талабини ўқиб эшиттиради. Солиқ ошишини эшитган Имом Мотуридий бу қарорни зулм деб ҳисоблайди. Элчига: “Амирнинг иродасини бизга етказдинг, энди бизнинг иродамизни унга етказ”, деб шуни қўшимча қилади: “У бизга нисбатан зулмини кучайтирди, биз ҳам тундаги баддуоларимизни кўпайтирмиз.” Шундан сўнг аҳоли тарқалади ва орадан бир неча кун ўтиб, амирнинг ўлдирилгани маълум бўлади . Диққат қилинадиган бўлса, бу ривоят Рустуфағнийнинг устози ҳақидаги “дуоси мақбул зот” деган таърифига тўлиқ мос тушади.
Баъзи манбаларда Имом Мотуридийнинг каломий масалаларни тасаввуф нуқтайи назаридан изоҳлагани ҳақида маълумотлар учрайди. Ушбу маълумотлардан бири Ато ибн Али Жузжонийнинг (ваф. 687/1288 йилдан аввал) “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарига ёзган шарҳида келтирилган. Унда “Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир”  маъносидаги оятга тааллуқли ҳолда келтирилган нақлга кўра, Имом Мотуридий иймон ва ислом сўзларини қуйидагича изоҳлаган: “Маърифатуллоҳ (Аллоҳни таниш) тўрт даражадан иборат: Биринчи даража — Ҳақ таолони ҳеч қандай кайфияциз ва ўхшатишсиз билишдир. Бу маърифат “ислом” дейилади ва унинг макони садрдир. Иккинчи даража — улуҳият билан танишдир, бунга “иймон” дейилади ва унинг макони қалб бўлиб, у садрнинг ичидир. Учинчи даража — Ҳақ таолони сифатлари орқали таниш ва унинг ўрни фуоддир. Тўртинчи даража — тавҳид, яъни ваҳдоният билан билишдир. Унинг ўрни фуоднинг сири, ичкарисидир. Сирнинг ҳам ичкари қисми хафий дейилади. Ҳидоят нури ўша ердан чиқади. Унга ҳеч бир банданинг ҳеч қандай аралашуви йўқ…” 
Жамолиддин Кўнявий мазкур нақлни келтирганидан сўнг, Имом Мотуридийнинг иймон нури қандай қилиб барча аъзоларга тарқалиши ҳақида яна тасаввуфий маънодаги бошқа изоҳларини ҳам келтиради . Шундай тасаввуфий изоҳларни айни шаклда Абу Наср Тожиддин Абдулваҳҳоб ибн Али Субкийнинг (ваф. 771/1370) “ас-Сайф ал-машҳур” асарида ҳам учратиш мумкин .
Жамол Қаршийнинг (ваф. 702/1303 йилдан кейин) “Мулҳақот ас-суроҳ” асарида келтирилган яна бир ривоят ҳам юқоридаги нақлларга мувофиқ келади. Ушбу ривоятга кўра, Бағдоддан халифа Муттақийнинг буйруғи билан фатво сўраш учун Самарқандга бир элчи келади. Элчи эски кийимда турган имомни кўриб, унинг имом эканига эҳтимол бермаган ҳолда “Мавлоно қайерда?”, деб сўрайди. Имом унга “Мавломиз Аллоҳдир”, деб жавоб қайтаради. Кейин элчи “Хожа қайерда?”, деб сўрайди, имом эса “Хожа Мустафодир”, деб жавоб беради. Элчи охирида “Абу Мансур ҳазратлари қайерда?”, деб сўраганида, имом “Абу Мансур мана шу фақирдир”, деб жавоб қайтаради . Ушбу ривоят имомнинг бошқалардан фарқли кийимда юрмагани ҳақидаги Ҳосирийнинг нақллари билан ҳам, унинг зоҳидона ҳаёти ҳақидаги бошқа тасвирлар билан ҳам тўлиқ мувофиқдир.
Меликшаҳ Сезеннинг “İмам Матуриди: Ҳаятı, Эсерлери ве İлми Шаҳсийети” китобидан таржима

[1] Баъзи мисоллар учун қар. Сöнмез Кутлу, "Билинен ве Билинмейен Йöнлерийле İмам Мâтурîдî", с. 32-34; "İмам Мâтüрîдî'нин Сûфîлештирилмеси вея Мутасаввıф Оларак Сунулмасı Мüмкüн мü?", İмам Мâтüрîдî ве Мâтüрîдиййе Геленеғи, (эд.) Ҳüля Алпер, İстанбул: İфав, 2018, с. 421-435; Меҳмет Калайцı, Тариҳи Сüреçте Эшарилик- Матуридилик İлишкиси, с. 222; Юнус Эраслан, Мâтüрîдîлик ве Тасаввуф, Анкара: Тüркийе Диянет Вакфı, 2021, с. 87.

[2] Тасаввуф тушунчаси атрофида шаклланган ушбу масалани тўлиқ тушуниш учун "тасаввуфни англаш муаммоси" ҳамда тасаввуфнинг институционаллашмаган даври бўлган "зуҳд даври" ҳақида кенг маълумотга эга бўлиш, шунингдек, ҳанафийлик анъанасини ушбу маълумотлар асосида баҳолаш керак.

[3] Маноқибнома асарларида учрайдиган барча ривоятлар тўлиқ тарихий ҳақиқатдан узоқ, деб баҳоланиши мумкин эмас. Аксинча, бу ривоятларнинг кўпи тарихий воқеликлар билан жиддий даражада мос келади. Бироқ, бундай асарлардаги тил ва услуб баъзан муболағали тус олади, буни ҳам эътиборга олиш керак. Шу сабабли, маноқибнома туркумидаги асарлардан фойдаланишда улардаги тарихий ҳақиқатларга мос келувчи ривоятларни аниқлаш учун синчковлик билан ёндашиш керак. Акс ҳолда, бу каби асарлардаги барча маълумотларни муболаға ёки тўқима деб баҳолаб, уларни рад этиш илмий ва ҳаққоний ёндашув бўлмайди. Қар. Зеки Велиди Тоган, Тариҳте Усûл, İстанбул: Эндерун Китабеви, 1985, с. 48-49; Аҳмет Яшар Оцак, Кüлтüр Тариҳи Кайнағı Оларак Эвлия Менâкıбнâмелери -ХВ-ХИИ. Йüзйıллар-, İстанбул: Тимаш, 5. Баскı, 2016, с. 61-62.

[4] Абул Юср Паздавий. Усул ад-дин. Б. 2-3.

[5] Абул Ҳасан Рустуфағний. Мухтасар Фавоид ар-Рустуфағний. Б. 54.

[6] Насафий. ал-Қанд. Б. 293; Кафавий. Катоиб. ИИ/38

[7] Шüкрü Öзен, Эбу Мансур эл-Матуридиънин Фıкıҳ Усулüнüн Ениден İншасı, с. 26.

[8] Мüстакимзаде Сüлейман Садеддин, Менакıб-ı İмам-ı Аъзам, с. 135 (27. Дипнот)

[9] Ибн Яҳё Башоғарий. Шарҳ Жумал усул ад-дин ли Аби Салама ас-Самарқандий. Сулаймония кутубхонаси, Шаҳид Али Пошо, №1648/2, вар. 162а

[10] Абу Али Яҳё ибн Али Зандавистий. Равзат ал-уламо ва нузҳат ал-фузало. Сулаймония кутубхонаси, Фотиҳ, №2635, вар. 10б

[11] Аҳмад ибн Мусо Кашший. Мажмуъ ал-ҳаводис ван-навозил. Сулаймония кутубхонаси, Йени Жами, №547, вар. 316б

[12] Абдурраҳман Цами, Нефаҳатü’л-Üнс, -Эвлия Менкıбелери-, (çэв.) Ламии Çэлеби, (ҳаз.) Сüлейман Улудағ & Мустафа Кара, İстанбул: Марифет, 1998, с. 298.

[13] Абул Юср Паздавий. Маърифат ал-ҳужаж аш-шаръиййа. (таҳқиқ) Абдулодир ибн Ёсин ал-Хатиб. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 2000. Б. 65.

[14] Заҳабий. Тарих ал-ислом. ХХХИВ/164.

[15] Абул Муин Насафий. Табсират ал-адилла. И/360, 473.

[16] Ҳосирий. Ал-Ҳовий фил-фатово. Сулаймония кутубхонаси, Ҳакимўғли, №402, вар. 277б.

[17] Сöнмез Кутлу, "Билинен ве Билинмейен Йöнлерийле İмам Мâтурîдî", с. 32-33; Аҳмет Йıлдıрıм, "İмам Мâтüрîдî Завийесинден Тасаввуфа Бакıш", Мâтüрîдî Дüшüнце ве Мâтüрîдîлик Литератüрü, (эд. М. Рашит Акпıнар, Рецеп Тузцу, Аслı Менекше, İстанбул, 2018, с. 167.

[18] Қуръони Каримда "Хизр қиссаси" сифатида маълум бўлган оятлар учун Қаҳф сураси 60–82 оятларига қаранг. Хизр алайҳиссаломнинг жисмоний ҳаёти тугагани ва у эндиликда жисмонан ҳаётда эмаслиги муҳаддисларнинг кўпчилиги томонидан айтилган. Хизр (а.с.) қиёматгача яшашини хабар берувчи кўплаб ривоятларнинг сохта экани таъкидланган. Бироқ, Хизр (а.с.) билан учрашилгани ҳақидаги ҳар бир ривоят сохта эмас. Чунки бу учрашувлар маънавий оламда, тушда ёки кўриниш бериш шаклида рўй бериши мумкин ва бу ҳолат жоиздир. Шунингдек, Ибн Ҳажар ва Айний каби муҳаддислар Хизр (а.с.) нинг вафот этганига далолат қилувчи ривоятларни таъвил қилиш мумкинлигини айтишган. Шу боис Хизр (а.с.) ҳақидаги ҳар қандай ривоятни инкор этавериш тўғри эмас.

[19] Улрич Рудолпҳ, Мâтурîдî, с. 223.

[20] Аҳмед б. Маҳмûд эл-Ҳазîнî, Цевâҳируъл-Эбрâр мин Эмвâциъл-Биҳâр, İстанбул Üниверситеси Ктп., ТЙ, нр. 3893, вр. 102а.

[21] Насафий. ал-Қанд. Б. 143.

[22] Тафтазоний. Шарҳ ат-Тафтазоний ала-л-аҳодис ал-арбаъин ан-Нававий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2013. Б. 156.

[23] Нур сураси, 35-оят.

[24] Ато ибн Али Жузжоний. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар, Б. 82-86. Ушбу нақл кейинги даврларда ёзилган қуйидаги манбаларда ҳам айни шаклда учрайди: Муҳаммад ибн Абу Бакр Розий. Ал-Ҳидоя мин ал-эътиқод. Байрут, 2001. Б. 315; Жамолиддин Кўнявий. Ал-Қалоид фи шарҳ ал-ақоид. Кўня вилоят қўлёзмалар кутубхонаси, №220, вар. 68б; Мустақимзода. Тафсир сура ал-Фотиҳа. Б. 70.

[25] Жамолиддин Кўнявий. Ал-Қалоид фи шарҳ ал-ақоид. Кўня вилоят қўлёзмалар кутубхонаси, №220, вар. 70а.

[26] Тожиддин Субкий. ас-Сайф ал-машҳур фи шарҳ ақида Аби Мансур. Истанбул, 2000. Б. 37.

[27] Нецдет Тосун, “Матуридиййе ве Тасаввуф İлишкиси”, Тасаввуф İлми ве Академик Араштıрма Дергиси, 2016. ХВИИ/38, 49-50.

Мақолалар

Яна ўқинг

Барча мақолалар
Ommabop maqolalar

Муборак байрам – мерос қадрият

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар,…

Ommabop maqolalar

Маънавий қудрат манбайи

ХИВ-ХВ асрлар Марказий Осиё тарихида Иккинчи Ренессанс даври сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу тарихий босқич нафақат қудратли марказлашган давлат барпо этилгани, балки…