Ҳар йили 16 ноябр куни дунё бўйлаб "Халқаро бағрикенглик куни" сифатида кенг нишонланади. Бу сана 1995 йилда ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган "Бағрикенглик тамойиллари декларацияси"га асосланади. Бир йил ўтиб, БМТ Бош Ассамблеяси 16 ноябрни расман халқаро кун сифатида белгилаган. Мақсад – миллатлар, динлар ва маданиятлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳондаги зиддият ва муросасизлик ҳолатларига қарши маънавий жавоб бериш эди. Бағрикенглик – бу фақат бошқаларни тоқат билан қабул қилиш эмас, балки уларнинг борлигини қабул қилиш, фарқларини, ўзига хос жиҳатларини қадрлаш, ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилиш демакдир.
Ислом сивилизацияси ва Шарқ маданияти азалдан бағрикенглик тамойилига амал қилиб, уни ҳаётга татбиқ этиб келган. Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда таъкидланган меҳр-шафқат ва инсонпарварлик руҳи бугунги бағрикенглик тамойилларининг илдизи нақадар чуқур эканини кўрсатади. Шу маънода, халқаро миқёсда белгиланган ушбу сана – қадимий маънавий анъаналарнинг замонавий ифодаси, инсонларни тинчлик, дўстлик ва ҳурмат муҳитида яшашга чорловидир.
Бағрикенглик исломнинг умумбашарий қадрияти бўлиб, барча инсонлар учун аҳамиятлидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари исломнинг бағрикенглик ва бошқа дин вакилларига ҳурмат борасидаги таълимотларини амалдаги ёрқин намунаси ҳисобланади. У зот турли дин вакиллари билан тинч-тотув яшаган, уларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан қараган ва кези келганда улар билан ҳамкорликда иш юритганлар.
Мусулмон жамиятларида бағрикенглик ва ўзгаларга ҳурмат ижтимоий ҳамжиҳатлик ва осойишталикни таъминловчи муҳим омилдир. Турли эътиқод, маданият ва турмуш тарзларига ҳурмат билан қараш жамиятда тинчлик ва ҳамкорлик муҳитини яратади, фаровонликни кафолатлайди. Исломнинг бағрикенгликка чорлови одамларни бир-бирини тушунишга ва меҳр-шафқат билан муносабатда бўлишга ундайди.
Бугун Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. "Халқаро бағрикенглик куни" алоҳида кайфият, ўзгача шукуҳ билан нишонланмоқда. Ҳар йили ноябр ойида "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, конференсиялар, давра суҳбатлари ташкил этиб келинади. Турли миллат ва дин вакиллари иштирокида ва ҳамкорлигида ўтказиладиган ушбу тадбирлар мамлакатимиздаги тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик сиёсатининг амалий кўриниши ҳисобланади. Президентимиз ташаббуслари билан динлараро мулоқот ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларнинг ҳуқуқий тенглиги ва эркинлигини таъминлаш аллақачон давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб улгурди.
Халқаро бағрикенглик куни бу фақат байрам эмас, балки ҳар бир инсоннинг яна бир бор ўз маънавий масъулиятини англаши ҳамдир. Бағрикенг бўлиш фикрда, эътиқодда ва турмуш тарзида ўзидан фарқли бўлган инсонларни тушуниш, уларни ҳурмат қилиш демакдир. Бундай руҳ ҳукмрон бўлган жамиятда эса нафратга эмас, муҳаббатга, зиддиятга эмас, ҳамжиҳатликка йўл очилади. Шу боис, ҳар биримиз бу кунни нафақат нишонлаш, балки унинг маъноси ҳаётимизда амалий ифода этишига ҳаракат қилишимиз лозим.
Ойбек Сотволдийев,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
бўлим бошлиғи
