Биз, 2026-йил 9-июл куни Самарқандда ўтказилган “Имом Мотуридий мероси: мўтадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференсия иштирокчилари – вазирлар, муфтийлар, уламолар, таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, академик доира вакиллари конференсия якунлари бўйича ушбу декларацияни юксак масъулият ва якдиллик билан қабул қиламиз.
Ғоявий зиддиятлар, мафкуравий хуружлар авж олган бугунги глобаллашув даврида дунёда тинчлик, ижтимоий барқарорлик ва сивилизациялар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда Имом Мотуридий мероси беқиёс аҳамият касб этишини эътироф этган ҳолда, қуйидагиларни таъкидлаймиз:
- Имом Мотуридий илгари сурган бағрикенглик, мўтадиллик ва маърифат ғоялари жамиятда диний-маънавий барқарорлик ҳамда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди мусаффолигини таъминлашда мустаҳкам ғоявий пойдевор бўлиб хизмат қилади;
- Имом Мотуридий калом илми тарихида энг йирик ва атоқли мутакаллимлардан бири сифатида аҳли сунна вал жамоа ақидавий таълимотини тизимлаштирган, унинг назарий асосларини мустаҳкамлаган буюк мутафаккир ҳисобланади;
- мотуридийлик таълимоти ақл ва нақл уйғунлигини таъминлаган мўтадил ислом тафаккурининг юксак намунасидир;
- Имом Мотуридий асос солган таълимот инсон қадри, адолат, масъулият, диний бағрикенглик ва ижтимоий ҳамжиҳатлик каби умуминсоний қадриятларни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади;
- Имом Мотуридий мероси замонавий дунёда экстремизм, радикализм ва зўравонлик ғояларига қарши курашнинг маърифий асоси бўлиб хизмат қилади.
Мотуридийлик таълимоти, ашъарийлик ақидавий мактаби билан бирга, аҳли сунна вал жамоанинг ягона ва бузилмаган эътиқоди ҳисобланишини, мазкур таълимотнинг мўтадиллик ва бағрикенглик хусусияти мусулмон жамиятларини мутаассибликнинг турли кўринишларидан ҳимоя қилувчи энг кучли восита эканини алоҳида эътироф этган ҳолда, уни оммавий ахборот воситалари ва таълим дастурлари орқали кенг тарғиб этиш долзарб зарурат эканини қатъий таъкидлаймиз.
Биз, конференсия иштирокчилари, мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик, мўтадиллик ва маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш мақсадида ўзаро илмий-маданий ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олдик. Бу борада қуйидаги стратегик вазифаларни амалга оширишни ўзимиз учун бирламчи мақсад этиб белгиладик:
- Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганиш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мажмуаси таркибида Имом Мотуридий инновацион музейини ташкил этиш эзгу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз;
- эътиқод мусаффолигини таъминлаш, турли радикал оқимларнинг ғоявий хуружларига қарши илмий асосланган раддиялар бериш малакасига эга бўлган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида диний таълим муассасаларида фалсафа, мантиқ, психология ва калом каби фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишни ташкил этиш таклифини илгари сурамиз;
- Имом Мотуридий ишлаб чиққан маърифат назариясини чуқур ўрганиш, шу асосда ёшларда илм-фанга қизиқиш уйғотиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворига асос солишни устувор вазифа деб белгилаймиз;
- биз, конференсия иштирокчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёйев жаноби олийлари томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, хусусан, “Учинчи Ренессанс” ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни, ушбу эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш йўлида бутун билим ва куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёр эканлигимизни маълум қиламиз.
Биз ушбу декларация орқали бутун ислом оламини тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўлида бирлашишга даъват этамиз. Имом Мотуридий мероси – бу ўтмишнинг эсдалиги эмас, балки келажак авлодларни эзгулик ва илм-маърифат билан тарбиялашнинг эътиқодий манбаидир. Ушбу ҳужжатни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва унинг ижроси юзасидан доимий ҳамкорлик қилишга барча иштирокчилар ўз розилигини билдирадилар.
Биз ишонч билан таъкидлаймизки, Имом Мотуридий мероси нафақат мусулмон жамиятлари, балки бутун инсоният учун тинчлик, адолат, бағрикенглик ва маърифатга асосланган барқарор тараққиётнинг муҳим маънавий пойдеворидир.
Конференсия иштирокчилари давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва диний-маърифий марказларни Имом Мотуридий илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда ушбу бой интеллектуал меросни келажак авлодларга етказиш йўлида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирадилар.
Ушбу Декларация Самарқанд шаҳрида қабул қилиниб, Имом Мотуридий таълимоти асосида тинчлик, мўтадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат маданиятини қарор топтиришга қаратилган халқаро ҳамкорликнинг муҳим дастурий ҳужжати сифатида эътироф этилади.
