Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг (кейинги ўринларда &ндаш; Имом Мотуридий) ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўтадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида қарор қиламан:
1. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2025-йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда &ндаш; Ташкилий қўмита) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) икки ҳафта муддатда Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллигини алломанинг ислом оламидаги обрў-эътибори ва нуфузига муносиб тарзда юқори савияда нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин:
(а) 2025-йил апрел ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик &ндаш; бағрикенглик, мўтадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
(б) хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш;
(в) Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш;
(г) Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;
(д) Имом Мотуридийнинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик филм яратиш;
(э) Самарқанд вилоятида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти йўналишида фаолият олиб борган алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий меросига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китоблари кўргазмасини ташкил этиш;
(ж) Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
(а) Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2025-йил май ва октябр ойларида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференсиясини ҳамда илмий мақолалар танловини ўтказсин;
(б) мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг илмий мероси ва ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини белгиланган тартибда шакллантириб борсин.
5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2025-йил давомида жойларда Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатларини ташкил эцин.
7. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда:
(а) хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил эцин;
(б) Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиамаҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий медиа ассоциациясига Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёйев
