Ilmiy maqolalar

“Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги илмий-амалий конференсия якунида қабул қилинган Хива декларацияси

Дунёнинг турли минтақаларида қонли тўқнашувлар, мафкуравий курашлар, ғоявий қарама-қаршиликлар, турли йўналиш ва оқимлар ўртасида ўзаро низо ва зиддиятлар тобора авж олиб…

 

Дунёнинг турли минтақаларида қонли тўқнашувлар, мафкуравий курашлар, ғоявий қарама-қаршиликлар, турли йўналиш ва оқимлар ўртасида ўзаро низо ва зиддиятлар тобора авж олиб бораётган бугунги мураккаб замонда муқаддас ислом динининг тинчликпарварлик ва инсонийлик моҳиятини кенг тарғиб этиш жаҳонда тинчлик ва осойишталик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, жамиятда турли бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Ислом таълимоти вужудга келган илк даврдан бугунги кунга қадар инсониятнинг маданий ва маънавий камолотида беқиёс ўринга эга бўлиб келмоқда. Ислом динининг маърифий роли келгусида ҳам умумбашарий тараққиёт ва фаровонлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев Жаноби Олийларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2023-йил 19-сентябрдаги 78-сессиясида илгари сурган “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференсия ўтказишга оид ташаббуси ҳамда ислом динининг асл моҳияти борасида билдирган фикрлари бу борада муҳим ва долзарб аҳамиятга эгадир.

Шу нуқтаи назардан, биз, “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” халқаро конференсияси иштирокчилари бу борада қуйидаги вазифаларни амалга ошириш муҳим эканини таъкидлаймиз:

1. Ислом динининг тинчликпарварлик ва инсонийлик моҳиятини очиб беришга қаратилган илмий ва оммабоп адабиётларни нашр этиш, уларнинг турли тиллардаги таржимасини амалга ошириш ҳамда тақдимотларини ўтказиш;

2. Мусулмон мамлакатларининг олим ва мутахассислари иштирокида экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши кураш самарадорлигини янада ошириш, илмий раддиялар бериш методологиясини такомиллаштириш бўйича мунтазам равишда илмий семинар ва давра суҳбатларини ташкил этиш;

3. Ислом динининг ижтимоий барқарорлик, ёшлар таълим-тарбияси, маърифат ва маданият, илм-фан ривожидаги ижобий ролини кўрсатиб беришга бағишланган китоб ва рисолалар, илмий мақолалар, халқчил нашрлар, филм ва роликлар тайёрлаш; 

4. Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломаларнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи ҳамда улар яратган асарларда ислом динининг эзгу ғоялари моҳияти тўлақонли очиб берилганини ҳисобга олиб, уларнинг илмий меросини ўрганишни тизимли йўлга қўйиш, жумладан, ҳали илмий муомалага киритилмаган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини жамлаш, танқидий матнларини нашрга тайёрлаш;

5. Ислом динининг тинчликпарварлик моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсадида мусулмон мамлакатлари ҳамда хорижлик олимлар иштирокида анъанавий тарзда “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмиямалий конференсия ўтказиш ҳамда конференсия материаллари тўпламини тайёрлаш ва нашр этиш;

6. Мусулмон мамлакатларининг олим ва мутахассислари иштирокида исломнинг тинчлик ва эзгулик дини эканини очиб бериш ҳамда бузғунчи оқимларга қарши раддия беришга бағишланган маҳорат дарслари, онлайн мулоқотлар ташкил этиш;

7. Жаҳоннинг етакчи университетлари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари томонидан экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши кураш доирасида амалга оширилган ишлар ва тадқиқотларни умумлаштирувчи ягона платформа — онлайн электрон портал яратиш;

8. Мусулмон мамлакатлари фатво марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда бугунги кун учун долзарб саналган мавзулар юзасидан қўшма фатволар тайёрлашни йўлга қўйиш. Фурсатдан фойдаланиб, ислом дини тинчлик, эзгулик ва маърифат дини эканини, унда бузғунчиликнинг ҳар қандай шакли қатъий қораланишини яна бир бор тасдиқлаймиз.

“Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференсия

иштирокчилари

Хива шаҳри,

2024-йил 16-октабр
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2024-йил 29-октабр, 219-сон

Мақолалар

Яна ўқинг

Барча мақолалар
Ommabop maqolalar

Муборак байрам – мерос қадрият

Ҳар йили зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида дунёнинг тўрт бурчагида яшовчи мусулмонлар бир хил туйғу – иймон ва шукроналик руҳида байрам дастурхонини ёзадилар,…

Ommabop maqolalar

Маънавий қудрат манбайи

ХИВ-ХВ асрлар Марказий Осиё тарихида Иккинчи Ренессанс даври сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу тарихий босқич нафақат қудратли марказлашган давлат барпо этилгани, балки…