2026-йил 22-октябр куни бутун дунёда дипломатия, тинчлик ва инсонпарварлик маркази бўлган Швейсариянинг Женева шаҳридаги БМТ қароргоҳида «Ислом сивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари» мавзусида халқаро илмий конференсия бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, 2025-йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий-маънавий меросини БМТ каби халқаро майдонларда кенг тақдим этиш ташаббусини илгари сурган эди.

2026-йил 7-октябр куни ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида ўтказилган халқаро тақдимотдан кейин Женева шаҳридаги БМТ қароргоҳида ташкил этилган мазкур конференсия ҳам ушбу хайрли ташаббуснинг изчил давоми бўлди.

Анжуманда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татяна Валовая, Ўзбекистоннинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси доимий вакили Элдиёр Тошматов, Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Женева дипломатик маркази раиси Роберт Блюм, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадийев шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Анжуман дастуридан ислом сивилизацияси ва буюк алломалар меросига бағишланган илмий маърузалар, видеороликлар ва муҳокамалар ўрин олди.
Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги тинчликсевар ва маърифий ташаббусларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш халқаро майдонда илмий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда бағрикенглик ғояларини глобал даражада кучайтиришга хизмат қилади.
