Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 22-октябр куни Женева шаҳридаги БМТ қароргоҳида “Ислом сивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари” мавзусида халқаро илмий конференсия ўтказилди.

Аҳамиятли жиҳати, Давлатимиз Раҳбарининг хайрли ташаббуслари доирасида ўтказилган анжуманда илк марта калом илми султони Абу Мансур Мотуридий илмий меросига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедовнинг “Имом Мотуридий мероси: бағрикенглик ва мўтадиллик фалсафаси” мавзусидаги маърузасида буюк аллома таълимотининг тарихий илдизлари, мотуридийлик илмий мактабининг бугунги глобал жараёнлар шароитидаги аҳамияти, шунингдек, Марказ фаолияти тарғиб қилинди.

Хусусан, “Имом Мотуридий мусулмон уммати ичида юзага келган турли эътиқодий қарашларга илмий асосланган раддиялар бериб, соф ислом ақидасини ҳимоя қилган ва ўзидан кейинги асрларда миллионлаб мусулмонлар эргашган мустаҳкам илмий мактабга асос солган. Бу тамойил ислом тафаккурида соғлом фикр ва илмий таҳлилларнинг ривожланишига мустаҳкам замин яратди. Имом Мотуридийнинг меросида мўтадиллик, бағрикенглик ва маърифат ғоялари бош ғоя сифатида устуворлик қилади”.

Марказ директори маърузасида алломанинг илмий меросини ўрганишда муҳим ўрин тутадиган “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот ал-Қуръон” асарларига ҳам тўхталиб ўтди. Ушбу асарлар Имом Мотуридийнинг ақида ва тафсир илмларига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиб, мусулмон дунёсидаги илмий тафаккур ривожида муҳим манбалар сифатида қадрланади.
Қўлёзма нусхаларининг турли мамлакатларда сақланаётгани эса аллома меросининг кенг географик ҳудудда ўрганилиб келинаётганидан далолат беради.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев ташаббуслари билан 2020-йилда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилгани аллома меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг илмий мактаби тарихини ўрганиш ва маърифий ғояларини халқаро миқёсда тарғиб қилишда муҳим босқич бўлди”.

Имом Мотуридий каби алломаларимиз меросининг халқаро майдонларда тақдим этилиши қадим Мовароуннаҳрда шаклланган илмий мактабларнинг умуминсоний аҳамиятини яна бир бор намоён этади. Аллома таълимотида мужассам бўлган соғлом тафаккур, илмий далилларга таяниш, бағрикенглик ва мўтадиллик тамойиллари бугунги кунда ҳам турли маданият ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, мутаассибликка қарши маърифатни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
