06.04.2021
499

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИДА ИЙМОН МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Зафар Фахриддинов, 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти, Тошкент, Ўзбекистон.

Тел: (93) 505-59-96 мобил. z.fahriddinov@iiau.uz 11, A.Қодирий, Тошкент, 100011, Uzbekistan.

Жаннатмакон юртимизнинг ислом цивилизациясида тутган ўрни нафақат мусулмон олами, балки, бутун дунё илмий ҳамжамияти эътироф этар даражада беқиёсдир. Бу эътирофнинг амалдаги исботи ўлароқ ICESCO ташкилоти томонидан 2007 йилда Тошкент шаҳри ва жорий 2020 йилда Бухоро шаҳри “Ислом маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Юртимиздан етишиб чиққан алломалар силсиласининг узилмаслиги муҳаддислар пешвоси Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810-870 й.) вафоти йилида навбатдаги бир буюк Имом Абу Мансур Мотуридий (870-944 й.) таваллуд топгани билан чуқур рамзийлик касб этган. Имом Бухорий ҳадис илмига улкан ҳисса қўшган бўлса, Имом Мотуридий Калом ва ақида илмига бетакрор улуш киритди. Тасаввуфий билимлар соҳасида аллома мақомидаги Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий (ваф.932 й.)эса ўзининг юз йилдан ортиқроқ узоқ ва баракали умри давомида ҳар икки имомга замондош бўлган. Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф каби йирик шаҳарлар бу ўринда моддий ва номоддий маданият ва қадриятларни ўзида жамловчи маданий марказлар ўлароқ қад кўтариб турган. Бухоро шаҳри эса у даврларда Мовароуннаҳрнинг маркази сифатида тан олинган[1].

Ҳаким Термизийнинг мазҳаб ва ақидавий қарашлари алоҳида акс этган асари маълум эмас. Аммо манбаларда унинг турли фирқаларга раддия сифатида ёзилган рисолалари тўғрисида қайдлар мавжуд. Алломанинг меросини атрофлича ўрганган мисрлик олим Муҳаммад Жуюший ҳам ушбу масалага эътибор қаратиб, Ҳаким Термизий Калом илмига оид бирор мустақил асар ёзмагани ҳолда, рофизийларнинг ақидаларидаги айрим нуқсонлар ҳақида “ар-Радд ала-р-рофиза”, муаттила фирқасига раддия ўлароқ битилган “ар-Радд ала-л-муаттила” каби асарларида муаллифнинг турли фирқаларга аҳли сунна нуқтаи назаридан берган раддияларини акс этганини таъкидлайди[2].

Абулҳасан Ҳужвирий (ваф. 466/1073 ёки 470/1077 й.) ўзининг «Кашфу-л-маҳжуб» асарида: «Ал-Ҳаким фиқҳни Абу Ҳанифанинг хос асҳобларидан бирининг қўлида ўрганди[3]», – деб ёзади. Ибн Арабий (560/1165-638/1240 й.) ҳам ўзининг «ал-Футуҳоту-л-Маккийя» асарида Ҳаким Термизийнинг ҳанафий мазҳабида эканини зикр қилиб, Ҳужвирийнинг ушбу маълумотини тасдиқлайди[4]. Ҳаким Термизийнинг ҳанафий мазҳабидан бўлгани унинг қўллаган ибораларидан ҳам англашилади, дейиш мумкин. Хусусан, у «Будувву-ш-ша’н»нинг бошланиш қисмида муаллиф ўзи ҳақда “илму-л-осор ва илму-р-раъй”ни жамлаганини ёзади[5]. Жумладаги “илму-л-осор” ҳадис илмини акс эттириб, одатда илк ҳанафий олимлар асарларида ҳадис “осор” сўзи билан ифодаланган. “Илму-р-раъй” эса кенг маънода ижтиҳод ва фиқҳ илмини, тор маънода эса ҳанафий мазҳабининг ақлга таянувчи усулини англатади. Одатда, аҳли ҳадислар “раъй” билан шуғулланмаган. 

Бундан ташқари, Ҳаким Термизийнинг фиқҳ ва ақидада ҳанафий мазҳабида бўлганини унинг ақидавий қарашларидан билиб олиш мумкин. Хусусан, унинг «Баёну-л-фарқ» асарида иймонга қуйидагича таъриф берилган: 

«Иймон жумҳур уламолар наздида ва шариатга кўра Ҳақни тасдиқ этиш – қалб билан қабул қилиш ва тил билан тасдиқлашдир[6]. Иймон ўз зотига кўра қуёш каби ноқис бўлмайди, лекин худди қуёш нурининг тафти ҳавода булут, туман, қаттиқ иссиқ ёки қаттиқ совуқ турганда камроқ бўлгани каби иймон нурининг тафти ҳам баъзи сабабларга кўра камаяди»[7].

Ҳаким Термизийнинг юқоридаги таърифи Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг «ал-Фиқҳу-л-акбар» асаридаги иймон шартлари ҳақидаги ақидага тўлиқ мувофиқ келади[8]. Айтиш жоизки, бу ҳолат ўша даврдаги минтақада мавжуд бўлган шофеий ва аҳли ҳадисларнинг ақидаларига ҳамоҳанг эмас эди. Шунингдек, Ҳаким Термизий ўз асарларида уларнинг баъзи ёндошувларига очиқчасига қўшилмаслигини баён қилган ва ҳатто уларнинг услубларини танқид қилган[9].

Иймон масаласи Ҳаким Термизийнинг диний матнлар луғати, аниқроғи Қуръон луғатига тегишли “Таҳсил назоири-л-Қуръон” (Қуръоннинг пурмаъно сўзларини ўрганиш) асарида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилади. Ҳаким Термизий “Баёну-л-фарқ” асарида иймон масаласида «ал-Фиқҳу-л-акбар»га мувофиқ “иқрор” шартини алоҳида қайд этиб ўтган бўлса-да, унинг сўзларидан тасдиқнинг бирламчи экани маълум бўлади. “Таҳсил назоири-л-Қуръон”да ҳам у иймоннинг тасдиқ эканига ишора қилади:

“Унинг [Қуръондаги] иймон сўзига келсак, бундай важҳдадир: “Унинг тафсири олдинги бобга кириб бўлди. Тасдиққа [келсак] – чиндан ҳам, бу ўринда иймон тасдиққа эврилади. Чунки, тасдиқ қалбнинг ишидир. Чиндан ҳам, банда осойишталик ва барқарорлик топгандан сўнг тасдиқ этади. Барқарорлик ва осойишталик моҳиятини англаш ўша тасдиқдандир[10]”.

Дарҳақиқат, мотуридия ақидавий таълимотига кўра, иймон бу тасдиқнинг ўзидир. Аслида тил билан иқрор бўлмоқ ҳам амалнинг бир қисми ҳисоблангани ҳолда тўғридан-тўғри иймоннинг рукни ҳисобланмай, мўмининг бу дунёда иймон эгаси ўлароқ ҳукм қилиниши учун керак бўлган шартдир. Яъни, мўминнинг иймони унинг иқрор бўлиши билан юзага чиқади ва унга шаръий масалалар бўйича ана шу иқрорига қараб муомала қилинади. Иқрорга қараб таомланиш, покликка риоя қилиш, никоҳланиш каби масалалардаги шаръий мажбуриятлар ва ҳуқуқлар келиб чиқади. Айни ёндошув Имом Мотуридийнинг Калом илмига оид шоҳ асари “Китобу-т-тавҳид”да ҳам ўз аксини топган:

“Сўнгра, Қуръон даллиллари ва иймон аҳли иттифоқ қилган ҳамда тилдан жорий бўлган нарса орқали собит бўлдики, дарҳақиқат – иймон тасдиқдир[11]”.

Ҳаким Термизийнинг юқорида келтирилган иймон ҳақидаги қарашлари Имом Мотуридийнинг қарашлари билан солиштирилса унинг ҳанафий мазҳабида бўлганига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Бундан ташқари Ҳаким Термизий, ўз қарашларининг далили сифатида иймоннинг қалбдан туйиладиган туйғу эканини исботловчи бир қатор оятларни келтирган. Масалан, “Таҳсил назоири-л-Қуръон”да Ҳужурот сурасининг 7-оятида келган:

وَلَكِنَّ اللَّهَ حَبَّبَ إِلَيْكُمُ الإِيمَانَ وَزَيَّنَهُ فِي قُلُوبِكُمْ

“...ва лекин Аллоҳ иймонни сизларга севимли қилди ва уни қалбларингизда безаб қўйди”... мазмунидаги жумла қуйидагича шарҳланган:“Чиндан ҳам, уни [иймонни] севги билан севимли қилди ва ақл билан безади[12]”...

Ҳаким Термизий иймонни тасдиқ деб, тасдиқ эса “феълу-л-қалб” – қалбнинг иши эканини қайд этганидан кўрса бўладики, у амални иймоннинг бир қисми деб ҳисобламаган. Шу билан бирга, иймон ҳиссиёт орқали туйиладиган ва ақл орқали англанадиган туйғу эканини ҳам таъкидлаб ўтган. Алломанинг асарларида ақидавий масалаларни ёритишда ақлга урғу берилиши ҳам Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти билан уйғунликнинг яққол намунасидир. Мотуридияга кўра, Аллоҳни таниш шаръан вожибдир, лекин ақл таниш вожиб бўлишининг воситасидир. Хусусан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли-с-сунна” тафсири муқаддимасида у зотнинг шундай деганлари келтирилади:

“Оқил (ақлини таниган) болага Аллоҳ таолони таниш вожиб бўлиб, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло инсонларни уларда мавжуд ақллар билан Ўзининг ваҳдонияти ва рубубиятини танийдиган фитратда яратган[13]”.

Юқорида келтирилган жумлалар Ҳаким Термизий ва Имом Мотуридийнинг ақидавий қарашларида мунтазам ҳамоҳанглик борлигини кўрсатади. Ақл иймонни вожиб қилувчи шартлардан бири экани бевосита Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ақидавий қарашларига бориб тақалади. Имом Мотуридийнинг издоши Имом Абу-л-Баракот Насафийнинг ҳанафий мазҳабида юксак эътиборга эга “Мадорик” номли тафсири шарҳида, бу қараш бевосита Абу Ҳанифанинг сўзларидан келиб чиққани мисоллар билан келтириб ўтилган. Улардан бирида шундай дейилади:

“Агар Аллоҳ таоло пайғамбар юбормаганда ҳам халққа Уни ақллари билан таниш вожиб бўларди[14]”.

Маълум бўладики, ақл маърифат ва иймонни ҳосил қилишнинг асосий воситаси экани ҳанафий мазҳаби шаклланган вақтларданоқ ақидавий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ақл ва нақлни тенг мақомда кўриш мотуридия таълимотининг таянч хусусиятларидан бири бўлиб, бу ёндошув бевосита Қуръон оятлари, саҳиҳ ҳадислар ва хулафои рошидин амалиётига бориб тақалади. Қуръони каримнинг Мулк сураси 10-оятида айни мазмун бор:

وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ

“Ва: “Агар эшитган ёки ақл ишлатган бўлганимизда дўзах эгалари ичра бўлмас эдик”, - дедилар”.

Юқоридаги оятда “эшитган” (نَسْمَعُ) феъли нақлий далилга, “ақлини ишлатган” (نَعْقِلُ) феъли ақлий далилга ишора қилади. Яъни қадимда “раъй” деб номланган ақлоният (рационализм) услуби бевосита исломнинг муқаддас манбаларидан келиб чиққан ва уларга асосланган. Бу эса бугунги кундаги айрим жоҳил тоифалар динда ақлнинг ўрнини инкор қилиб, “ақлга таяниш мўътазилийларнинг услуби экани” қабилидаги даъволари пучлигини кўрсатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар икки алломанинг асарларини чуқур тадқиқ ва тарғиб қилиш исломнинг маърифатпарвар моҳиятини очиб бериш ҳамда турли мутаассиб гуруҳларга қарши маъанавий курашда ҳам долзарб аҳамиятга эга. 

Гарчи, Ҳаким Термизийнинг бизгача сақланиб қолган асарларида ўлка мутакаллимлари ҳақида бирор гап учрамаса ҳам, келтириб ўтилган ва бошқа кўплаб мисоллар Ҳаким Термизийни айнан ҳанафия-мотуридия ақидаси билан якдил олим сифатида гавдалантиради. Бундан Мовароуннаҳрдаги ҳанафийларнинг бир-биридан алоҳида илмий фаолият юритган тақдирда ҳам, уларнинг фикрий ва ақидавий қарашлари уйғун тарзда ривожланган, деган хулосага келиш мумкин.

Келтириб ўтилганларни барчасини умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

  • Ҳаким Термизийнинг ҳадисларга муносабати унинг “раъй” аҳлидан бўлгани туфайли, муҳаддисларникидан кескин фарқ қилган;
  • Ҳаким Термизий ва Имом Мотуридий ақидавий ва фиқҳий жиҳатдан бир мазҳаб вакиллари бўлган. Ҳаким Термизийнинг назарий ёндошув ва қарашлари ҳанафий мазҳаби асосида юзага келган;
  • Ҳаким Термизийнинг ҳанафий мазҳабида бўлганини бир қатор мумтоз ислом манбалари тасдиқлайди. Биргина Тожуддин Субкий (ваф. 1370 й.) Ҳаким Термизий шофеий мазҳабида бўлганини қайд этса-да, бу ҳолат катта эҳтимол билан чалкашлик натижасида юзага келган, дейиш мумкин[15];
  • Ҳаким Термизий асарлари таҳлили унинг ақидавий қарашлари Имом Мотуридий қарашлари билан ҳамоҳанг эканини кўрсатади;
  • Ҳаким Термизийнинг фиқҳий ва ҳадисларни саралаш борасидаги мавқеи ҳам муҳаддисларникидан кўра фақиҳларнинг ёндошувига мос келади. Шу жиҳатдан тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки ҳар икки аллома ҳамфикр, ҳаммаслак ва ҳаммазҳаб бўлган.


 

[1] Авайза К. Ал-Ҳаким ат-Термизий – ал-фақиҳ ан-нāқид. Байрут: Дāру-л-кутуби-л-илмия,1993. – Б. 42

[2] Ал-Жуюший М. Ал-Ҳаким ат-Термизий Муҳаммад ибн Али – дирāсатун ли-āсāриҳи ва афкāриҳи. Қоҳира: Дору-н-наҳзати-л-арабийя, 181.

[3] Ал-Ҳужвирий, Абу-л-Ҳасан Али ибн Усмон ал-Ғазнавий. Кашфу-л-маҳжуб. Илмий-танқидий матнни нашрга тайёрловчи В.Жуковский. Ленинград: ГАТ, 1926 – Б.178.

[4] Қаранг: Усмонов И. Ал-Ҳаким ат-Термизий таълимотининг Ибн ал-‘Арабий қарашларига таъсири // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент,  4/2003.– Б. 183-186.

[5]  Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али.Будувву-ш-ша’н (Ҳаким Термизий йўлининг бошланиши). Тарж. Ж.Чўтматов. Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018.– Б. 26.

[6] Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али.  Байāну-л-фарқ байна-с-садр ва-л-қалб ва-л-фуāд ва-л-лубб. Нашрга тайёрловчи Юсуф Валид Маръий. Аммон: Муассасату Āли-л-байт лил-фикр ал-исломий, 2009.  – Б. 44. 

[7] Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али. Байāну-л-фарқ байна-с-садр ва-л-қалб ва-л-фуāд ва-л-лубб. Нашрга тайёрловчи Юсуф Валид Маръий. Аммон: Муассасату Āли-л-байт лил-фикр ал-ислāмий, 2009. – Б. 60. 

[8] Қаранг: АбуҲанифа Ну‘мон. Ал-Фиқҳ ал-акбар / С.М.Олтинхон Тўра таржимаси. – Т.: Адолат, 2003. – Б. 52.

[9] Батафсил маълумот учун қаранг: Усмонов И., Фахриддинов З. ваб. Тасаввуфга кириш. Тошкент:ЎзХИА, 2019. 48-52.

[10] Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али. Таҳсил назāири-л-Қуръāн. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Зайдон. Қоҳира: Матбаату-с-саāда, 1970.– Б. 125.

[11] Ал-Мотуридий, Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд ас-Самарқандий. Китāбу-т-тавҳид. Нашрга тайёрловчи Б.Тўполўғли, М.Аручи. Истанбул-Байрут: Иршод, Дору Содир 2001. – Б. 426.

[12] Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али. Таҳсил назāири-л-Қуръāн. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Зайдон. Қоҳира: Матбаату-с-саāда, 1970. – Б. 124.

[13] Ал-Мотуридий, Абу Мансур Муҳаммад ибн  Маҳмуд ас-Самарқандий. 1/Таъвилāт аҳли-с-сунна. Нашрга тайёрловчиМ.Бāсаллум. Байрут: Дāру-л-кутуби-л-илмия, 2005. – Б. 176.

[14] Қаранг: ал-Ҳиндий, Муҳаммад ибн Абдулҳақ ал-Ҳанафий. Ал-Иклил ‘алā  Мадāрики-т-Танзил ва ҳақāиқи-т-таъвил. Байрут: Дāру-л-кутуби-л-илмия, 1971. – Б. 310.

[15] Қаранг: Тожуддин ас-Субкий. Табақāту-ш-шāфи‘ийя ал-кубрā. 6 томлик / Мустафо Аҳмад Ато нашрга тайёрлаган. – Байрут: Дāру-л-кутуби-л-илмия, 1999. Т. I.  – Б. 449.

Qo‘shimcha malumot

BUYUK HIDOYAT IMOMI ABU MANSUR MOTURUDIY
Keyingi yillarda yurtimizda barcha sohalar qatori diniy-maʼrifiy sohada ham katta oʻzgarishlar va islohotlar boʻlyapti. Buni biz soʻnggi besh yil ichida...
ADIB AHMAD YUGNAKIYNING “HIBATU-L-HAQOYIQ” ASARIDA MA’RIFIY QARASHLAR
Jamiyat a’zolarining maqsadlarini ularning intilishlari, ehtiyojlari, bajarayotgan vazifalari va ijti­moiy qadriyatlar belgilab beradi. Bu qadriyatlarning shakllanishi oiladan boshlab, ta’lim va...
IQLISHIYNING “AN-NAJM MIN KALAM SAYYIDI-L-ARAB VA-L-AJAM” ASARI TASNIFI
“Iqlishiy” nisbasi bilan mashhur bo‘lgan Abu Abbos Ahmad ibn Ma’d ibn Iso ibn Vakilning “an-Najm min kalam sayyidi-l-arab va-l-ajam”nomli asari...

Izoh qoldirish

Izohlar

Мы в соц сетях

Aloqa

Telefon:
E-mail:
Manzil:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry