30.11.2021
342

АБУ БАКР ИЁДИЙ

(ваф. 361/971 й.) 

Абу Бакр Иёдий иёдийлар сулоласининг вакили ҳисобланиб, Абу Аҳмад Иёдийнинг укасидир. Унинг “ал-Масоил ал-ашрия” номли асари машҳур бўлган. Абу Бакр Иёдий Адид ад-Давла томонидан расмий лавозимларга тайинланган. У Имом Мотуридийдан сўнг, Абу Салама Самарқандийдан олдин вафот этган. У Имом Мотуридийнинг замондоши, Самарқанднинг машҳур олимларидан бири бўлган, маҳаллий аҳоли ўртасида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган.Ибн Закариёнинг “Шарҳ Жумал усул ад-дин” асарида келтирилган ривоятда қайд этилишича, фақиҳ Абдуссамад ибн Аҳмад Арбинжоний Имом Мотуридий вафот этганида Абу Бакр Иёдийнинг: “Умматнинг олимлари диний илм ва ҳукмларни ўргатишда пайғамбарлар кабидир. Ўтмишда бир пайғамбарнинг умри ўз якунига етиб, ҳал қилиниши лозим бўлган янги масалалар юзага келганида, уларнинг ечимини топиши лозим бўлган олимлар қолмаса, янги пайғамбар юборилгани каби, ушбу умматнинг ичида ҳам ҳар бир асрда вафот этган олимларнинг ўрнига янги олимлар келади ёки қиёмат бошланади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларни тўғри йўлни кўрсатувчилардан маҳрум қилмайди”, – деганини келтирган.

Абу Бакр Иёдий ўзининг айрим ақидавий қарашлари акс этган “ал-Масоил ал-ашрия ал-Иёдия” асарини вафотига яқин ёзиб тугатган ҳамда халқни мўътазилийлик ғояларидан узоқ бўлиши учун уни одамларга эълон қилган.

Абу Бакр Иёдий ушбу китобида ўнга яқин ақидавий масалани ёритиб берган. Жумладан:

  • бандаларнинг феълларини яратувчи, шубҳасиз, Аллоҳдир. Бандаларнинг феъллари Аллоҳнинг қазоси ва машиати (хоҳиши) орқали пайдо бўлади;
  • Аллоҳ азалий холиқ (яратувчи)дир. Унинг илми ва сифатлари азалийдир. Ушбу сифатлар на Аллоҳнинг Ўзи ва на бошқасидир;
  • идрок ва иҳота қилмасдан туриб Аллоҳ таолони охиратда кўриб бўлмайди. Бироқ Аллоҳ таоло кўришни истаган бандасига истаган шаклда Ўз жамолини лутф қилади;
  • Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, у махлуқ (яратилган) ҳам эмас, муҳдас (кейин пайдо бўлган) ҳам эмас;
  • гуноҳи кабира содир этган мўминларнинг ҳолати Аллоҳ таолонинг машиати (хоҳиши)дадир. Аллоҳ хоҳласа, Ўз лутфи билан уларни мағфират қилади, хоҳласа, адолати билан уларни қилган гуноҳларига яраша жазолайди. Ўз жазосини олган ҳар бир мўмин охир-оқибатда жаннатга киради;
  • бандалар учун фойдали (аслаҳ) ёки фойдасиз бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ таоло хоҳлаган ишни хоҳлаган шаклда қилишга қодир. Аллоҳ таоло Ўз ишига жавобгар эмас, бандалар эса жавобгардирлар;
  • Муҳаммад алайҳиссаломнинг гуноҳи кабира қилган мўминларни шафоат қилишлари ҳақдир;
  • қабр азоби ҳақдир;
  • Аллоҳ таоло, албатта, бандаларнинг дуоларини қабул қилади, банданинг дуосида ҳикмат ва фойда бор;
  • ҳар қандай қадар (тақдир), хоҳ у хайрли бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, Аллоҳдандир. Ҳосирийнинг таъкидлашича, юқорида санаб ўтилган ўнта масала ўша даврда Самарқанд ҳанафийларининг асосий эътиқодий қоидалари сифатида эътирофга этилган, уларга ишонмаганлар эса “соҳиб аш-шарр вал бидъат” (бидъат ва гуноҳ эгалари) ҳисобланган. Бироқ Абу Бакр Иёдий даврида унинг ушбу асари аҳли сунна вал жамоа олимлари ўртасида асосий манба сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қола олмаган. Чунки Имом Мотуридий ушбу ўнта масалани кенгроқ тарзда ва бошқа ақидавий масалаларни ҳам ёритган ҳолда ўзининг “Китоб ат-тавҳид” асарида ёритиб берган. Шу тариқа Имом Мотуридий сиймоси ва унинг асарлари III-IV/IX-X асрларда турли адашган оқимларга қарши курашда асосий омил бўлиб хизмат қилган. Бироқ Имом Мотуридий ҳаётлик вақтида унинг таълимоти алоҳида мактаб сифатида эътироф этилмаган бўлса-да, ҳанафийлик таълимотининг бир қисми сифатида тан олинган.

Қўшимча малумот

АБУ АҲМАД ИЁДИЙ
Абу Аҳмад Иёдий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёдийнинг ўғли бўлган. “Дор ал-Жузжоня” мактабидан етишиб чиққан аллома Имом...
ҚИВОМУДДИН ИТҚОНИЙ
Олимнинг тўлиқ исми Қивомуддин Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Фаробий Итқоний бўлиб, у 1286 йилда Сайҳун дарёси...
АБУ НАСР ИЁЗИЙ
(ваф. IX асрнинг сўнгги чораги) Тўлиқ исми Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Самарқандий бўлган Абу Наср Иёзий Абу...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry