27.08.2021
364

АБУ НАСР ИЁЗИЙ

(ваф. IX асрнинг сўнгги чораги) 

Тўлиқ исми Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Самарқандий бўлган Абу Наср Иёзий Абу Мансур Мотуридийнинг устози ҳисобланади. Айни вақтда у Имом Мотуридий билан сабоқдош ҳам бўлганини инобатга оладиган бўлсак, унинг IX асрнинг биринчи ярмида Самарқандда туғилганини тахмин қилиш мумкин. Табақот ва тарожум жанрига оид манбаларда қайд этилишича, Иёзий Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлган. Насафий тақдим этган шажарага кўра, Иёзийнинг насаби ўнинчи бобосида Саъд ибн Убодага етиб боради.

Манбаларда нақл қилинишича, Иёзий Имом Мотуридий билан бирга Абу Бакр Жузжонийдан таълим олган. Шу билан бир қаторда, у ўз даврининг бошқа олимларидан ҳам ислом илмларини ўрганган.

Йигирма ёшида талабаларга дарс бериш фаолиятини бошлаган аллома калом ва фиқҳ илмлари соҳасида 40 га яқин шогирд етиштириб чиқарган. У кўплаб жангларда бевосита қатнашган, ҳатто мана шундай жанглардан бирида вафот этган. 

Кафавийнинг келтиришича, Иёзий ўғли Абу Аҳмад билан бирга жангга кирган ва асир тушган. У бошқа асирлар билан бирга мамлакат ҳукмдорининг ҳузурига келтирилган. Ҳукмдор қўлига камонни олиб, асирлардан камон ипини ким торта олишини сўраган. Шунда Иёзий камон ипини торта олишини, аммо бунинг учун ўқ керак бўлишини айтган. У қўлига ўқни олиши билан, уни камонга жойлаб, ҳукмдорни отиб ўлдирган. Бироқ ўзи ҳам шу заҳоти ўлдирилган.

Ақида ва фиқҳда ҳанафийлик тарафдори бўлган Иёзий мўътазилийлик ва нажжорийлик каби адашган фирқаларга қарши кескин кураш олиб борган, мотуридийлик таълимотининг кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган. 

Иёзий ёш жиҳатидан анча катта бўлиши ҳамда улар ўртасида устоз-шогирдлик муносабати мавжуд бўлишига қарамай, Имом Мотуридийга нисбатан катта эҳтиром билан муносабатда бўлган. Жумладан, Насафийнинг таъкидлашича, у Имом Мотуридийнинг илмий савиясини юксак баҳолаган. Ҳатто ҳеч қачон у келмасдан туриб дарсни бошламаган.

Иёзий ақидавий масалаларда бир томондан нақлий далилларга таянган бўлса, бошқа томондан, ақлга ҳам алоҳида эътибор қаратган. У Абу Ҳанифанинг изидан бориб, мўътазилийлик ва бошқа адашган фирқаларнинг ғояларига раддия берган. Жумладан, манбаларда унинг турли фирқа вакиллари билан баҳс-мунозаралар олиб боргани, улар ўз қарашларини ифодалашда фойдаланадиган оятларни илмий асосда шарҳлаш орқали уларнинг ғояларини пучга чиқариб, мағлуб этгани зикр этилган. 

Аллома Аллоҳнинг сифатларига бағишланган “Масала ас-сифат” номли асарнинг муаллифи ҳисобланади.

Унинг Абу Аҳмад ва Абу Бакр исмли ўғиллари Мовароуннаҳр ҳудудида аҳли сунна ақидаси ва ҳанафийлик фиқҳининг кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшганлар. Унинг катта ўғли Абу Аҳмад фиқҳ илмини чуқур эгаллаган олимлардан бўлган. Унинг устози Ҳаким Самарқандийнинг таъкидлашича, Мовароуннаҳр ва Хуросонда сўнгги юз йилда илм, заковат, балоғат, назокат, иффат ва тақво бобида унга ўхшаш ҳеч ким дунёга келмаган.

Абу Ҳафс Кабирнинг набираси Абу Ҳафс Ижлий: “Абу Ҳанифа мазҳабининг тўғри эканини исботловчи далил Абу Аҳмаднинг ушбу мазҳабда эканлигидир. Чунки бундай юксак савияли олим ҳақ бўлмаган мазҳабга эътибор қаратмас эди”, – деган.

Абу Бакр Муҳаммаднинг келтиришича, Абу Аҳмад калом илмида моҳир бўлиб, ўн моддадан иборат бўлган, аҳли сунна ва мўътазилийлик ўртасидаги асосий фарқларни баён қилишга қаратилган “ал-Масоил ал-ашр ал-Иёзия” номли асар ёзган.             

  

 

 

Қўшимча малумот

АБУ БАКР ИЁДИЙ
(ваф. 361/971 й.) Абу Бакр Иёдий иёдийлар сулоласининг вакили ҳисобланиб, Абу Аҳмад Иёдийнинг укасидир. Унинг “ал-Масоил ал-ашрия” номли асари машҳур...
АБУ АҲМАД ИЁДИЙ
Абу Аҳмад Иёдий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёдийнинг ўғли бўлган. “Дор ал-Жузжоня” мактабидан етишиб чиққан аллома Имом...
ҚИВОМУДДИН ИТҚОНИЙ
Олимнинг тўлиқ исми Қивомуддин Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Фаробий Итқоний бўлиб, у 1286 йилда Сайҳун дарёси...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry