06.09.2021
349

ҚИВОМУДДИН ИТҚОНИЙ

Олимнинг тўлиқ исми Қивомуддин Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Фаробий Итқоний бўлиб, у 1286 йилда Сайҳун дарёси соҳилидаги Фароб шаҳрига қарашли Итқон қасабасида туғилган. Олим Итқоний, Фаробий, Туркистоний ва Ўтрорий нисбалари билан танилган. Лақаби Қивомуддин бўлган. Баъзи манбаларда исми Лутфуллоҳ экани ҳам такидланган. Ҳанафий фиқҳида юксак илм соҳиби бўлгани ва бу мазҳабга таассуб даражасидаги боғлиқлиги сабаб “Абу Ҳанифа” кунясини олгани ҳам зикр қилинади. Ўзи каби ота-боболарининг исмида ҳам “амир” сўзининг учраши унинг давлат арбоби оиласига мансуб бўлганига ишора қилмоқда. У аввал Итқонда таҳсил олди ва ўз даври олимларидан Аҳмад ибн Асъад Ҳарифонийдан илм ўрганди. Шунингдек, Нишопурда Абул Баракот Насафийнинг дарсларида ҳам ҳозир бўлди.

Ҳанафий фиқҳида ва араб тили илмларида замонасининг пешқадам олимларидан саналган Итқоний 720/1320 йилда Дамашққа, айни шу йили ҳажга йўл олди. Қайтишда эса Қоҳира ва Бағдодга сафар қилди. Бағдодда қозилик ва “Машҳади Абу Ҳанифа” мадрасасида мударрислик қилди. 747/1346 йилда иккинчи марта Дамашққа борди ва Заҳабийдан кейин “Дорул ҳадисиз Зоҳирийя” ҳамда “Ганжийя” мадрасаларида мударрислик вазифаларида ишлади. Бу ерда хуфтон намозларидан бирида имомнинг, эҳтимол шофеъий мазҳабига мансублиги сабабидандир, рукуъдан қайтаётганда қўлларини кўтарганидан асабийлашиб, намозини қайтариб ўқиган ва имом билан баҳслашиб қолган. Мана шу мавзуга доир бир рисола ҳам таълиф этган Итқонийга шофеъий фақиҳи Тақийюддин Субкий қарши чиққан ва асарига раддия ёзган. Бу воқеалардан кейин Итқонийнинг нуфузига футур етгани ва вазифасидан олингани нақл қилинади. Манбаларда унинг 757/1356 йилда Қоҳирага кетиши ҳам ушбу воқеалар билан боғланган.

Мисрдаги таниқли мамлук саркардаларидан Сарғатмиш Носирий юртига ташриф буюрган Итқонийни шахсан ўзи кутиб олган. Уни ўзи қурдирган Сарғатмишийя мадрасасига мударрис этиб тайинлагани, у ерда фақатгина ҳанафий фиқҳини ўқитишини ва шунингдек, “Ҳидоя” китобига шарҳ ёзишини буюргани манбаларда акс этган. Қоҳирада ал-Жомеъул Мардинийда ҳам дарс берган Итқонийнинг етиштирган шогирдлари ичида энг машҳури бир неча бор Ҳалаб ва Дамашқ қозилигига тайинланган Абул Валид ибнуш Шиҳнадир. Олимнинг “котиб” унвонини олганидан айни вақтда хаттот ҳам ҳам бўлгани англашилмоқда. Унинг кўчирган китобларидан бири Абу Зайд Дабусий қаламига мансуб “Тақвимул адилла” асари бўлиб, у Сулаймония кутубхонасида (Лолали, №690, вар.261а) сақланади.

Итқоний 1357 йилда 73 ёшида Қоҳирада оламдан ўтган. Унинг жанозасига катта жамоат йиғилган ва олим Қоҳира ташқарисидаги Қуббатун Наср мавзеси яқинига дафн этилган.

Олимнинг илмий мероси

Итқонийнинг калом илмига доир иккита асари маълум. Булар “ар-Рисола ал-алўийя” ва “ар-Рисола шаддаҳот ал-муътазила” асарларидир. Иккала асарнинг қўлёзмалари ҳам Нидерландиядаги Лейден университети кутубхонасида сақланади (№ОР 706, вар.21б-29а;  №ОР 706, вар.34б-38а).

Олимнинг яна бир қатор асарлари бизга маълум. 1.“Ат-Табйин” номли асари Аҳсикасийнинг “ал-Мунтаҳаб фи усулил мазҳаб” номли асарининг шарҳи ҳисобланади. 716/1316 йилда ёзилган ушбу асарнинг бир нечта нусхалари мавжуд бўлиб (Сулаймония кутубхонаси., Жоруллоҳ Афанди, №508-509; Лолали, №745; Фотиҳ, №1311; Тўпқопи Саройи Музей Кутубхонаси, Аҳмад Учинчи, №342), Собир Носир Мустафо Усмон тарафидан Азҳар университетида докторлик диссертатсияси доирасида асарнинг таҳририй танқиди амалга оширилган (1980). 2. “Ғоятул баён ва нодиратул ақрон” (Сулаймония кутубхонаси., Домад Иброҳим Пошо, №625-626; Асад Афанди, №827-832; Исмихон Султон, №154-159; Янгижомеъ, №490-502). Ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар манбаларидан “Ҳидоя” асарининг шарҳидир. Муқаддимада қайд этилганига кўра, муаллиф шарҳни 721/1321 йилдаги Қоҳира зиёрати асносида бошлаган, Бағдод ва Аррондалигида ишни давом эттирган, ниҳоят Дамашққа иккинчи келишида 747/1346 йилда асарни тамомлаган. 3. “Рисола фи тарки рафъил ядайн” (Сулаймония кутубхонаси., Фотиҳ, №2269/3; Лолали, №3706/15; Лола Исмоил, №98/9). Бу рисолада намозда рукуъдан аввал ва кейин қўлларни кўтариш хусусидаги баҳс қаламга олинган. 4. “Қасидатуш Шафо маъа шарҳиҳи” (Сулаймония кутубхонаси., Домад Иброҳим Пошо, №1151/3; Ҳожи Маҳмуд Афанди, №3930/1). Араб тили грамматикаси бўйича ёзилган мазкур асарнинг матни ҳам, шарҳи ҳам Итқонийга оид. 5. “аш-Шомил фи шарҳи Усулил Паздавий”. Паздавий қаламига мансуб “Канзул вусул” асарининг энг йирик шарҳларидан бири. Баъзи манбаларда асарнинг тугалланмай қолгани такидланса-да, автограф нусха бўлиши мумкин бўлган бир нусхадан (Сулаймония кутубхонаси., Жоруллоҳ Афанди, №487, вар.1а; Жоруллоҳ Афанди, №485, 488, 489, 500) асарнинг 1352 йил 6 октябрда Қоҳирада якунлангани маълум бўлмоқда. 6. “Вардатул арвоҳ фил асмоил марвийя фил муаннасатис самўийя” (Сулаймония кутубхонаси., Лола Исмоил, №706/23). 7. “ал-Лубоб фил илмил ҳисоб” (Сулаймония кутубхонаси., Янгижомеъ, №301/6). 8. “Дурар” (Манзуматуд дурар) (Сулаймония кутубхонаси., Лолали, №1328/1, автограф). Сирожуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Сажовандийга оид “ал-Фароиз ас-Сирожийя”нинг манзум шакли бўлиб, 710/1310 йилда Бухорода қаламга олинганидан қирқ йил ўтиб, амир Сарғатмишга тақдим қилинган. Шунингдек, Итқонийнинг “Рисола фи ъадами сиҳҳатил жумъа фи мавзиъайн минал Миср” номли бир асари ҳам бўлгани манбаларда келтирилган. 

Итқоний ўзининг бебаҳо асарлари билан ҳанафий мазҳаби ривожига улкан ҳисса қўшган. Ўз даврида мазкур мазҳаб ҳимояси учун бел боғлаган кишилардан бўлган. Камолпошозода (ваф.940/1534) ўзининг “ар-Рисола фи табақотил мужтаҳидин” номли асарида “мужтаҳид” унвонини олган 50 дан ортиқ ҳанафий олимлар қаторида Итқонийни ҳам санаб ўтган.

Қўшимча малумот

АБУ БАКР ИЁДИЙ
(ваф. 361/971 й.) Абу Бакр Иёдий иёдийлар сулоласининг вакили ҳисобланиб, Абу Аҳмад Иёдийнинг укасидир. Унинг “ал-Масоил ал-ашрия” номли асари машҳур...
АБУ АҲМАД ИЁДИЙ
Абу Аҳмад Иёдий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёдийнинг ўғли бўлган. “Дор ал-Жузжоня” мактабидан етишиб чиққан аллома Имом...
АБУ НАСР ИЁЗИЙ
(ваф. IX асрнинг сўнгги чораги) Тўлиқ исми Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Самарқандий бўлган Абу Наср Иёзий Абу...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry