24.09.2021
360

ҲОФИЗ КЎҲАКИЙ

 

Мовароуннаҳрлик таниқли муаррих, фақиҳ ва муфассир Камолуддин Султон Муҳаммад Ҳофиз Кўҳакий Фаркандий Тошқандий 1490 йилда Тошкентда туғилган. Мавлоно Али Қушчининг набираси ҳисобланади. Ушбу олим ёшлигидан илм талабида Миср, Ироқ, Шом, Яман, Ҳижоз, Афғонистон, Эрон, Туркия, Шарқий Туркистонга сафар қилган. Бобур ҳузурига элчи бўлиб борган. Ўз ерининг бир қисмида мадраса ташкил этиб, ўзи ҳам унда дарс берган. 1572 йилда вафот этган, Қаффол Шоший мақбараси яқинида дафн этилган.

Бугунги кунда Ҳофиз кўҳакий илмий мероси ўрганилмоқда. Тошкентнинг эски шаҳар қисмида ушбу ном билан аталувчи жоме масжид ҳам мавжуд. Олим ўз даврида бир қатор илмлардаги асарлари билан машҳур бўлган.

Олимнинг асарлари

Олимнинг ўндан ортиқ асарлари мавжуд бўлиб, улар орасида «Рисола фи фан тафсир вусул вфуру вмантиқ вкалом», «Тарихи оли Чингиз», «Шарҳ одоб мунозара», «Тарихи Тошқанд» кабилари мавжуд.

Қуръон шарҳига оид «Ҳошия ала тафсир Байзовий» (Тафсир Байзовийнинг ҳошия-изоҳи) асари мавжуд. Ушбу тафсир XIII асрда яшаган машҳур хуросонлик муфассир Қози Байзовийнинг тафсирига ёзилган шарҳ саналади. Қози Байзовийнинг ушбу тафсири ислом оламида кенг тарқалган ҳамда диний таълим муассасаларида тафсир фанидан дарслик сифатида ўқитилган. Унда қуръон оятлари латиф иборалар билан кенг шарҳланган. 

Ҳофиз Кўҳакийнинг ушбу ҳошия-изоҳ тафсири мукаммал ўрганилмаган асар саналади. Ушбу китобнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти хазинасида сақланади. 

Олим қаламига мансуб яна бир нечта тафсир китоблари ҳам мавжуд. Жумладан, «Тафсир оятил Курсий» (оятул курсий тафсири) асари ҳам сақланмоқда. Ушбу тафсир китоби Аллоҳу ла илаҳа илла ҳува жумласи билан бошланади. 

Ҳофиз Кўҳакий Аллоҳ сўзини барча ҳамду саноларга ҳақдор, вожибул вужуд бўлган Зотга нисбатан айтиладиган атоқли исм дейди. Аслида Илоҳ бўлган ҳамза тушиб қолиб, ўрнига алиф ва лом келган, кейин махсус Зотга атоқли бўлиб аталган. Алиф ва лом ан-нажм (юлдуз) ва саъақ (чақмоқ) сўзларидек алилоҳда ҳам сўз билан бирга келади ҳамда ажралмасдир. Алилоҳ аслида барча ибодат қилинадиган маъбудларга айтилади, кейин ибодатга ҳақдор бўлган Зотгагина қўлланиладиган бўлинди. Ла илаҳа илла ҳуванинг мақсади ҳам манашу саналади. 

Муфассир шарҳининг давомида савол­-жавоб услубидан ҳам фойдаланади. Жумладан, шундай дейди: «Агар сўралсаки, Аллоҳ сўзи ибодатга муносиб махсус Зотга белгиланган бўлса, унда «У осмону ерларда Аллоҳдир» жумласининг маъноси «Аллоҳ Аллоҳдир» дегани билан бир хил бўлиб қолади ҳамда Қул ҳуваллоҳу аҳад эса (Айтинг У Аллоҳ ягонадир) тавҳид маъносини бермай қўяди». Биз жавоб берамиз: «У Зот маъбуди барҳақ сифати билан машҳур бўлган эди, ибодатга муносиблик сифати (эганинг) хабари сифатида келади ва шу билан эътироз ўз ечимини топади. Иккинчиси масаласида (Қул ҳуваллоҳу аҳад) эса, мақсад «У илоҳлик сифатида ягона ва ёлғиз Аллоҳдир» деб айтиш билан мулоҳазаларга жавоб топилади. Оятал курсийдаги Ла сўзи илоҳлик жинсини, яъни илоҳликка муносиблар йўқлигини инкор қилмоқда. Шу тарздаараб тили қоидалари ва мантиқий мисоллар асосида Аллоҳ сўзининг маъноси ва келиб чиқишини очиб беради. 

Мазкур оятга берилган шарҳлардан бевосита, Ҳофиз Кўҳакийнинг наҳв, мантиқ илмлари бўйича чуқур қарашларга эгалигини, оятларни шарҳлашда ўзига хос услубни танлаганини англаб олиш мумкин. Наҳвий таҳлилларида турли наҳвий қабила ва мактаб қарашларини баён этади. Жумладан, Бану Тамим қабиласининг ла калимаси борасидаги фикрларини беради. Чунки ушбу қабила ла калимасини на аслан ва на тақдиран бор деб ҳисобламас эканлар. Давомида эса, мантиқий, фалсафий тасаввуфий мисолларга чуқур киришиб кетади, узундан узоқ савол-жавоб услубини қўллайди. Тавҳид борасида хулосаи калом сифатида «Тавҳидда икки масала бор. Биринчиси, бошқа илоҳнинг йўқлиги ва иккинчиси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феълан борлиги»ни келтиради.

Бундан муаллифнинг фалсафий ва мантиқий илмларда чуқур мулоҳаза юритиши, ўша даврда бундай масалалар кенг баҳс қилингани келиб чиқади. Тафсир охирида 1044 йилда ёзилгани тўғрисида белги қўйилган. 

 

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry