01.08.2023
432

АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган «Баҳр улум» («Илмлар денгизи») номли асари ҳанафий мазҳабидаги нақлга асосланган тафсирлар орасида юқори баҳоланади. 

Абу Лайс ёшлигидан илмга ўта чанқоқ бўлиб ўсади. Фиқҳ, ҳадис, тафсир, турли тиллар, тарих, буюк зотлар сийратлари, одоб-ахлоқ, зуҳд илмларини пухта эгаллайди ва бундай илмларга оид китоблар ёзади.

Абу Лайс ўз даврида “фақиҳ”, яъни ислом ҳуқуқи илмининг билимдони номи билан шуҳрат топган. Ривоятларга қараганда, Абу Лайснинг ўзи ҳам “фақиҳ” деб аталишини яхши кўрар экан. Бир куни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тушларига кириб, “фақиҳ” деб чақирган эканлар.

Абу Лайс айтади: “Самарқандда 40 йил фатво бердим. Ушбу давр ичида олдинги олимларнинг гапларигагина таяндим. Менинг китобимдан қиёмат куни ғийбат чиқмайди. Ўнг қўлимни чап қўлимдан ажратган пайтимдан буён ёлғон гапирмадим, ҳеч кимга қушнинг бошини сувга солиб кўтарганда қоладиган сувчалик ёмонлик қилмадим”.

Дарҳақиқат, Абу Лайс тақводор, буюк олим, фозил бўлиб, юз минг ҳадисни ёддан билган. 

Олимнинг устозлари ва асарлари

Манбаларда унинг 24 нафар устозлари санаб ўтилади. Улар орасида машҳур Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Муҳаммад ибн Фазл Балхий, Луқмон ибн Ҳаким кабилар бор эди.

Олим қаламига мансуб 42 та китоб борлиги санаб ўтилади. Уларни мазмун-моҳиятига кўра, қуйидаги 4 та асосий йўналишга бўлиш мумкин: 

Биринчи, илмий бўлиб, у ўзи ўрганган илмларни бошқаларга етказиш мақсадида уларни нақл этган. 

Иккинчи, имон, тоат, ахлоқ-одобга чақирувчи китоблар. 

Учинчи, фирқа ва оқимлар ҳақида маълумот берувчи ва уларга раддиялар келтирилган асарлар. 

Тўртинчи, олдинги ўтган мужтаҳид олимларнинг фиқҳий ҳукмларини жамлаши ва ўз фиқҳий  қарашларини баён этилган китоблар. 

Алломанинг фиқҳ илмига оид «ан-Навозил» («Нозил бўлганлар»), «Хизона фиқҳ» («Фиқҳ хазинаси»), одоб ахлоққа доир «Танбиҳ ғофилин» («Ғофилларга танбеҳ»), «Бўстон орифин» («Орифлар бўстони») каби асарлари ҳам ўз даврида машҳур бўлган. 

“Тафсир Самарқандий” асари

Аллома яшаган давр саҳиҳ билан саҳиҳ бўлмаган ривоятлар бир-бири билан аралашган, ақидавий ва фиқҳий баҳслар кучайиб, турли фирқалар кўпайган, нақлий тафсирлар ўрнини ақлийлари эгаллаган пайтга тўғри келган эди. Шунга қарамай, у ўз асарида оятларни оятлар, ҳадислар, саҳобалар ва тобиинлар сўзлари билан шарҳлайди, мўътабар манбаларга эътимод қилади ҳамда турли фирқаларга раддиялар беради. Бунга, албатта, алломанинг илмий салоҳияти, унинг Қуръон ва бошқа нақлий илмларни мукаммал билгани омил бўлган. У тафсирда турли қироатлар, оятларни нозил бўлиш сабаблари, носих ва мансух, араб тили қоидаларига тааллуқли илмларга ҳам эътибор қаратган.

Абул Лайснинг мазкур тафсирида кўплаб ривоятлар келтирилиши, мотуридийлик қарашларига асослангани, сураларнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар ва айрим аҳли китоблар ривоятларидан фойдаланган.

Тафсирда жумладан шундай мисолларни кўриш мумкин. Нисо сураси, 48-оятида шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмайди ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган бандаларидан кечирур”. 

Ушбу оят тафсирида Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ушбу оят банда гуноҳи кабир билан вафот этса, дўзахда абадий қолади дейдиганларнинг гапларини рад этади. Чунки “Ўзи хоҳлаган бандаларини кечиради” ояти мазмунига гуноҳи кабира қилганлар ҳам киради”.

Нур сурасининг 31-оятида: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар”, дейилади. Абу Лайс оятни шарҳлаб шундай дейди: “Ушбу оят гуноҳ билан банда имондан чиқмасликка далилдир. Чунки Аллоҳ тавбага буюрмоқда. Тавба эса, фақат гуноҳ қилганларга нисбатан бўлади. Бу ерда гуноҳлар катта ва кичикка ажратилмаябди, аксинча барчани эй мўминлар деб, тавбага чорланмоқда. Парвардигор уларни гуноҳ қилганларидан кейин ҳам мўминлар демоқда”.

Юқоридаги мазмун давомида Ҳужурот сураси, 7-оятида айтилади: “...Аллоҳ сизларга имонни суюкли қилди ва уни дилларингизга зийнат қилди ҳамда сизларга куфрни, фисқу фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир”. 

Мазкур оят тафсирида Самарқандий шундай дейди: “Оятда мўмин кишининг фисқу фужур, гуноҳни ёмон кўришига далил бор. Чунки Аллоҳ сизларга куфрни, фисқу фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди деди. Мўмин киши гуноҳ қилса, уни яхши кўрганидан эмас, балки шаҳвати ва ғафлати сабабли қилиб қўяди.

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...
МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ
Инсоният тарихидаги ўзгармай сақланган ягона китоб Қуръони каримдир. Ана шундай илоҳий Китобга юзлаб шарҳлар ёзилган. Улардан биринчиларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry