25.09.2021
367

ҚАФФОЛ ШОШИЙ

Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган бўлиб, 976 йилда вафот этган. Шофиий мазҳабида бўлган мовароуннаҳрлик ушбу муфассир илм ва фазлдаги юксак мартабси сабабли «Ҳазрати Имом» номи билан улуғланган.

Олимлар уни ҳадис талабида кўп юртларни кезган муҳаддис, ўз даврининг усул илми билимдони, дея таърифлашган. Шоший амалиётда шофиийлик мазҳабида, ақидада ашъарийликда бўлган. Ҳатто унинг Абул Ҳасан Ашъарийдан ақида илмини ўргангани ривоят қилинади. Ушбу фикрлардан келиб чиқиб, Мовароуннаҳрда шофиий мазҳаби вакиллари ҳам фаолият олиб борган, дейиш мумкин. Чунки шундай олимнинг анъанавий ҳанафийлар юртидан етишиб чиқиши ва фаолият юритиши мазкур мазҳабнинг маълум маънода ўз илдизига эга бўлганини кўрсатади. Манбаларда ҳам Қаффол Шошийнинг Мовароуннаҳрда шофиийлик мазҳабини тарқатган олимлардан деб зикр қилиб ўтилади.

Қаффол Шошийи илк сабоқни Абул ҳайсам Саиддан олган. «Вафоёт аъён» китоби муаллифи Ибн Халикон Қаффол Шоший ҳақида: «Бу зот ўз даврининг буюк алломаси, фиқҳшунос, муҳаддис, тилшунос, муфассир ва шоири бўлиб, илм бобида юқори поғонада турар, Мовароуннаҳрда шофиий мазҳабини у каби пухта биладиган киши йўқ эди», – деб ёзади.

Қаффол Шошийнинг «Тафсир кабир» («Катта тафсир»), «Далоилун нубувва» («Пайғамбарлик далиллари»), «Адаб қози» («Қози одоби»), «Жадал ҳасан    », «Жавомиъ калим», «Маҳосин шариъа» каби асарлар ёзган. Шошийни кўпчилик фиқҳ, усулул фиқҳ каби илмлардаги асарларини яхши билади. Бироқ унинг тафсир асари ҳам бўлганлиги бир нечта манбаларда таъкидланади. 

Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари Дамашқдаги «аз-Заҳира» кутубхонасидан Қаффол Шошийнинг «Жавомиъ калим», «Адаб қози», «Илм жадал» китобларининг қўлёзма нусхалари микрофильмини келтирган эди. Ҳозирда бу микрофильм Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.

«Ҳазрати Имом» ёки халқ тилида «Ҳастимом» Тошкентнинг энг қадимий маҳаллаларидан бири бўлиб, у биз сўз юритаётган машҳур аллома номи билан аталади. У зот шу ернинг ўзида яшаб, шу ернинг ўзида вафот топган ва шу ерда дафн этилган.

 “Тафсир кабир” асари

Аслида ушбу тафсир бизгача етиб келмаган бўлса-да, лекин бир нечта олимлар ундан истифода этганлар. Жумладан, мазкур тафсирдан Имом Самъоний, Фахруддин Розий, Имом Қуртубий, Абу Ҳайён Тавҳидий, Суютий ўзининг “Асрор Танзил” китобида фойдаланган. 

Масалан, Самъоний (ваф. 489/1096) тафсирида шундай дейди: “Албатта у агар билсаларингиз улуғ қасамдир (Воқеа сураси, 76‑оят)” Аллоҳнинг қасами буюкдир ва ҳар бир қасам ичган нарсаси ҳам шундай. Айтиладики, ушбу қасамнинг буюк деб хосланишига сабаб Қуръон билан Қуръон устига қасам ичилаётганидадир. Ушбу фикрни Қаффол Шоший айтади». 

Ибн Арабий ўзининг «Аҳком Қуръон» китобида Бақара сураси 222-ояти, яъни «Сиз уларга (аёлларга) покланмагунларигача яқинлашманг» шарҳида айтади: «Мен Абу Бакр Шошийнинг шундай деганини эшитганман: «Агар ла тақраб (яқинлашманг) феълини ро ҳарфини фатҳа билан ўқисангиз, маъноси: ишга аралаштирманг, киришиб кетманг, агар рони замма билан ўқисангиз, маъноси: унга яқин борманг бўлади». 

Табоғун сураси 16-оятида: «Аллоҳга имконият қилганингизча тақво қилинг, қулоқ тутинг ва итоат этинг» дейилади. Муаммар Қатодадан ривоят қилиб, ушбу оят Оли Имрон сураси 102-ояти – «Аллоҳга тақво даражасича тақво қилинг» билан насх қилинган дейди. Бу каби ривоятлар тобиинларнинг бир қисмидан ҳам нақл қилинган. Олимларнинг яна бир жамоаси эса, ушбу оят насх қилинган эмас, балки рухсат берган дейиш авлороқдир, дейди. Қаффол юқоридаги оят «Аллоҳга тақво даражасича тақво қилинг» оятини изоҳламоқда, чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир кишига ўз тоқатидан ортиқча нарсани юкламайди, деб айтади. 

Қаффол Шоший бугунги кунда Ҳастимомда дафн этилган. Мана бир неча асрдирким, Қаффол Шоший ҳазратларининг мақбараси мусулмонларнинг мўътабар зиёратгоҳидир. Аллома қабрига илк бора даҳма Амир Темур даврида қурилган. Тошкент шаҳридаги ҳозирги меъморий  обида 1542 йилда Амир Бароқхон томонидан барпо этилган.

Мақбара олди томонининг деворига нақшинкор қилиб Қуръон оятлари ёзилган. Улар орасида жумладан "Ва айт, эй Раббим! Мени бир муборак манзилга тушургин! Сен (манзилга) туширувчиларнинг энг яхшисидурсан" (Мўминун сураси, 29-оят) ҳамда "Албатта, одамларга муборак ва оламга ҳидоят бўлиши учун қурилган биринчи ибодатхона Маккададир" (Оли Имрон сураси, 96-оят), деган ояти карималар мавжуд.

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ
Инсоният тарихидаги ўзгармай сақланган ягона китоб Қуръони каримдир. Ана шундай илоҳий Китобга юзлаб шарҳлар ёзилган. Улардан биринчиларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry