25.09.2021
369

МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ

Инсоният тарихидаги ўзгармай сақланган ягона китоб Қуръони каримдир. Ана шундай илоҳий Китобга юзлаб шарҳлар ёзилган. Улардан биринчиларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий (тахм. 820-932) томонидан ёзилган тафсир китобидир. 

У зот онаси ва она томонидан бўлган бобосидан ҳадис ривоят қилиши оилавий муҳитининг қанчалик илму ирфонга йўғрилганлигини намоён этишга кифоя қилади. Шунинг учун у зот ёшлик ва йигитлик йиллариданоқ Қуръони каримга алоҳида муҳаббат руҳида тарбия топди. 

Ҳаким Термизий чамаси йигирма етти ёшларида ҳаж сафарига чиққани ҳақида сўзлар экан, жумладан, қуйидагиларни ёзади: “Ҳаждаги бу вақтларда мултазам (Каъбанинг ҳажарул асвадга ёнма-ён бўлган эшиги) олдида туриб, Аллоҳдан мени ислоҳ қилишини ва дунёда зоҳид этишини ҳамда Ўзининг Китобини ёд олиш билан ризқлантиришини сўрадим. Шундан бошқа ҳожатларимни сўролмасдим... Ҳаждан қайтдим. Батаҳқиқ, менга йўлда Қуръонни ҳифз қилиш шавқи берил. Шу сабаб йўлда ундан бир миқдорини ёд олдим. Қачонки Ватанга етганимда Аллоҳ менга буни ўз хайру саховати билан осон қилди, ҳатто бу ишни ниҳоясига етказдим. Энди Аллоҳ Қуръон қироати билан мени туни билан қойим қилди, мен эса унинг қироатидан малолланмас эдим. Ниҳоят, мен унинг ҳаловатини топдим”. 

Ҳаким Термизий Қуръони каримни нафақат ўқиш, балки уни жисму жонига сингдириб олишдек улуғ даражага етган. Шунинг учун у зотнинг барча асарларида оятлар ва уларга берилган изоҳларни жуда кўплаб учратиш мумкин бўлади. 

Демак, олим деярли барча асарларида тафсирлардан кенг фойдаланган эканлар. Шу маънода у зотнинг Қуръони каримга алоқадор асарлари сифатида қуйидагиларни қайд этиш мумкин:

1. “Таҳсилу назоир ал-Қуръон” (Қуръондаги сўзларнинг турлича маъноларини ўрганиш) асари. Ушбу асарда Қуръондаги 81 та калимага батафсил тўхталган. Китоб вужуҳ ва назоир, яъни Қуръондаги бир сўз турли ўринларда ҳар хил маънода қўлланилади. Масалан, ал-ҳуда, яъни ҳидоят сўзи бир ўринда “дуо”, бошқа бир ўринда эса “маърифат” дея тафсир қилинади. Демак, назоир бу бир лафз (сўз)нинг турли ўринларда келиши бўлса, ушбу сўзнинг ҳар хил маънода ишлатилиши вужуҳ дейилади. Шу маънода “ҳидоят” сўзининг турли ўринда келиши “назоир” (ўхшаш), унинг турлича тафсирлари эса “вужуҳ”дир. Шу тариқа олим Қуръондаги 81 сўзга тўхталиб ўтган. 

2.      “Ал-Амсал минал китаб вас сунна” (Қуръон ва Суннатдаги масаллар) асари. Бу асар  Қуръон илмларининг муҳим бир тармоғи бўлган “Илм ал-амсал ал-Қуръон” (Қуръондаги мисоллар илми) йўналишида битилган. Қуръони карим маъноларини инсонлар чуқурроқ англашлари учун улар тушунадиган воқеа-ҳодисалар ёхуд нарсалар орқали мисоллар келтирилган ва уларни ўрганиш алоҳида илмий йўналиш сифатида шаклланган. 

Термизий бу масалаларда оят ва ҳадисларда келган мисоллардан таъсирланган ва уларни асос қилиб олган ҳолда, ўз асарларида тегишли мавзуни эътибордан четда қолдирмаган. Номи келтирилган асарида Термизий мисоллар келтириш ҳақидаги оятлардан намуналар келтиради: “Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир” (24/35), “Сизга мисоллар келтирмадикми?” (14/45), “У (Аллоҳ) сизга ўзингиздан мисол келтирди” (30/28), “Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр (тафаккур) юритсалар” (59/21) ва дейди: “Сўнгра билгинки, мисоллар келтириш ашёлар унга ғойиб ёки яширин ҳолда бўлганлар (яъни, ғайбий ва фаҳмий масалаларни англатиш) учундир. Кишилар улардан ашёлар яширин қолгани сабабли мисоллар келтирилишига муҳтождирлар. Улар ўзлари учун ғайб бўлган нарсаларни идрок этишлари учун Аллоҳ уларга ўзининг ҳузуридаги нарсадан эмас, балки ўзларидан ва ўзларининг ҳузурларидаги нарсалардан мисоллар келтирди”, “зеро, Аллоҳ мисоли йўқ Зотдир” (“У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” (42/11), “Аллоҳга зарбул масал келтирманглар!” (16/74). “Мисоллар- кўзлар ва қулоқлардан ғайбда бўлган нарсалар учун келтириладиган ҳикмат намуналари бўлиб, жонлар ўзлари идрок этган нарсаларини кўз билан кўриб тургандек бўлишига йўл топиши учундир”. Қуръонда мисолларни тушунган кишилар олимлар дейилган (“Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” (29/43). 

Мисоллар, шунингдек, қалблар ва нафслар учун ойна бўлиб, у зоҳирий-ташқи кўз ва қулоқлар билан ботиний-ички (қалбдаги) кўз ва қулоқлар орасини боғловчи муҳим воситадир ҳамда ушбу мисоллар нафсга ҳам етиб бориши, яъни, унга таъсир кўрсатиши учун киши тарбия босқичларидан ўтиши лозим.

Ҳаким Термизий ушбу асарида уч тур мисолларни таҳлил этган. Қуръон оятларида келган масалалар бирламчи ўринда бўлса, ҳадиси шарифдаги мисолларга ҳам тўхталиб ўтилган. Шунингдек, учинчи турда юқоридаги икки манбадан таъсирланган ҳолда ўзи ҳам айрим мисолларни келтиришга кенг ўрин берган. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули бу илмни кўрсатиб бераяптими, демак, унга эргашиш ҳамда энг асосийси: билиш ва билдириш масаласида бу услубни қўллаш мумкин ва керак! 

Шу тариқа Ҳаким Термизий мисоллар келтириш илмига асос солди. Кейинчалик Ғаззолий ҳам ўз ижодида бунга кенг йўл очди. 

3. Тафсир. Ушбу асар “Фотиҳа” сурасининг тафсирини тўлиқ ўз ичига олгани ҳолда “Бақара” сураси ҳам шарҳланган. Бироқ ушбу сура тафсири тугалланмай қолган. 

Тафсирда оятлари бошқа оятлар, ҳадиси шарифлар, ўтган олимларнинг сўзлари билан ҳам тафсир қилинган. Унда айрим адашган фирқаларга раддиялар ҳам мавжуд. Шунингдек, оятларнинг грамматик таҳлили билан бирга тилшунослик асослари ва ҳикматлари ҳам мужассам. 

Ҳужвирий ва Навоий каби муаллифларнинг таъкидлашларича, Ҳаким Термизийнинг ушбу асари умрининг охирида битилган бўлиб, тугалланмай қолган. Ушбу нодир асар дунё тадқиқотчилари томонидан бугунги кунгача “йўқолган” деб келинаётган эди. Аммо изланишлар давомида ушбу тафсир Туркиянинг Бурдур шаҳридаги Миллий кутубхонадан топилди. У 70 варақ, 139 бетдан иборат. Қўлёзма унвони “Китаб фийҳи тафсир ас-сура ал-фатиҳа ва оят мин суро ал-бақара” (Фотиҳа ва Барақар сурасининг айримларини ўз ичига олган китоб) деб номланган. 

Таъкидлаш лозимки, ушбу асар Мовароуннаҳр диёрида битилган илк ёзма тафсирлардан бири эканлиги билан ниҳоятда улкан аҳамият касб этади. У юртимизда мукаммал тафсир битиш ва оятларни сўзма-сўз тафсир қилишни бошлаб бериш йўналиши нуқтаи назаридан ҳозирги кунгача бизга маълум бўлган ёзма тарздаги илк манба дейиш ҳам мумкин.

Ўз даврида муфассир олим Имом Қуртубий (ваф. 1273) ўзининг “ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон” тафсирида юқоридаги китобдан кўп фойдаланган экан. 

4. “Мушкил ал-Қуръон” (Қуръоннинг нозик жиҳатлари) асари. Айнан Қуртубий Ҳаким Термизийнинг яна бир асари ҳақида маълумот берадики, у ҳам бўлса, бугунги кунгача Ҳаким Термизий тадқиқотчилари бу олимнинг асарлари ичида қайд этмаган “Мушкил ал-Қуръон” асаридир. Ушбу асар қўлёзмаси ҳозирча топилмаган бўлса-да, унинг номидан асар Қуръондаги айрим нозик масалаларга бағишланган. 

Айтиш мумкинки, Муҳаммад Ҳаким Термизий Мовароуннаҳр тафсир мактабининг шаклланиши ва услуб жиҳатдан ўз йўлини топишида алоҳида ўрин тутувчи шахслардан биридир. Зеро, Мовароуннаҳр тафсир мактаби тафсир йўналишида оятларни сўзма-сўз ва ислом илмлар нуқтаи назаридан кенг таҳлил этишни бошлаб берган асосий йўналиш саналади.

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry