01.08.2023
384

НАЖМИДДИН КУБРО

Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга бўлганликларини кўрсатади.

Шундай муфассирлардан бири Хоразмлик сўфий, муфассир, фақиҳ аллома Шайх Нажмуддин Кубро Абул Жанноб Аҳмад ибн Умардир (545-618/1150-1221). Нажмуддин Кубро ўз даврининг кўплаб шаҳарларида бўлиб, олимлардан сабоқ олган. Жумладан, Мисрда Ҳофиз Салафий, Табризда Муҳаммад ибн Асад, Исфаҳонда Ибн Абул Макорим, Ҳамадонда Ҳофиз Абул Ало, Нишопурда Абул Маолий Фуровийдан илм ўрганган.

Ўз навбатида Хоразмда ҳадис ва бошқа бир қанча илмлардан дарс ҳам берган. Ундан Абдулазиз ибн Ҳилола, Носируддин Мансур, Шайх Сайфуддин Бохарзий каби шогирдлар таълим олганлар. Олим Ибн Ҳилола шундай дейди: “Унинг кўплаб илмий суҳбатларида бўлганман. У ўн икки жилдли Қуръон тафсири ва тасаввуфга оид рисолалар ёзган. Фиқҳ ва алгебрадан ҳам бохабар бўлган. Тасаввуфнинг йирик шайхларидан бирига айланган ҳамда унинг мурид ва шогирдлари кўп бўлган”.

Ўз даврида Фахруддин ар-Розий ҳам у билан учрашиб, унинг фазл ва камолини эътироф этган. Мўғуллар босқини пайтида ўз мухлислари билан шаҳар ҳимоясига чиққан ва натижада қаттиқ жанглардан кейин 1221 йилда шаҳид бўлган.

Олимнинг тафсир китоби

Нажмиддин Кубронинг «Таъвилот ан-Нажмия фит тафсир ишорий суфий» номли китоби бугунги кунда араб тилида чоп этилган. Ҳозирда у тасаввуфий тафсирлар орасида мўътабарларидан бири саналади. Бироқ муаллиф уни шаҳид бўлганлиги сабабли охирига етказа олмай қолади ва Зарият сураси 19-оятида тўхтаб қолади. Нажмиддин Кубронинг шогирдларидан саналган Ало Самноний уни тугатади ва ўзи шарҳлаган қисмини «Айнул ҳаёт» деб номлайди. Лекин Самноний китобини баракотли бўлиши мақсадида Фотиҳа сурасини ҳам тафсир қилади. Кейин Тур сурасидан давом эттириб, охирги сурагача шарҳлайди. 

Бақара сураси 249­-ояти айтилади: «Қачонки Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: «Албатта Аллоҳ сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади. Бас, ким ундан сув ичса менинг (аскарим)дан эмас ва ким ундан ичмаса, у мендандир. Магар ким қўли билан фақат бир ҳовуч олса (жоиздир)». Бас, у дарёдан озгиналаридан бошқа ҳаммалари ичдилар». 

Нажмуддин Кубро ушбу оятнинг тасаввуфий маъноси ҳам бор бўлиб, унинг мазмуни қуййидагича дейди: “Албатта Аллоҳ таоло халқни дунё дарёси, унинг зийнат суви ва унда халқ учун ниманики безаган бўлса ўша нарсалар билан имтиҳон қилди”. 

Бу ерда дарё дунёга, Толутнинг аскарлари эса, дунё аҳолисига ўхшатилмоқда. Ўз навбатида одамларга дунё дарёсига ғарқ бўлманглар дейилгани билан инсоният унутган ҳолда зеб-зийнатларни орқасидан кетиб қолади. Чунки Оли Имрон сураси 14-оятида «Инсонлар (кўзи)га аёллар ва болаларга (нисбатан бўлган) истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилиб қўйилди» деб айтилган. 

Ушбу суранинг Бани Исроил қавми ҳақида баён қилинган 247-оятида шундай дейилади: «Пайғамбарлари уларга айтди: «Албатта Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ қилиб тайинлади». (Улар) «У қаёқдан бизга подшоҳлик қилсин, ахир биз подшоҳликка ундан ҳақлироқмиз-ку, қолаверса, унга кенг-катта мол-давлат ато қилинмаган бўлса», дейишди. Пайғамбар айтди: «Албатта Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ҳамда илм ва жисмда қувватини зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради». Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир». 

«Таъвилот ан-Нажмия»да бунинг тафсири тасаввуфий моҳият билан ўзига хос тарзда шарҳланади. Жумладан, аслида Илоҳий ҳикмат бажариб бўлингани, ноқис ақллар эса буни англамаслиги мумкинилиги айтилади. Шу маънода Бани Исроилнинг инсоний ақлларига ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки фаришталар ҳам Одам (а.с.)нинг яратилишидаги илоҳий ҳикматни англамай, ҳайратланишган ва ер юзида фасод қиладиган одамни яратасанми, дея эътироз билдиришган. Аллоҳ таоло Одамни (а.с.) фаришталардан афзал қилиб, халифаликни унга бергани каби Толутни ҳам Бани Исроил ичида афзал қилиб, подшоликни унга берган. Лекин ушбу қавм ўзларини Толутдан устун кўрганлар. Толут эса, Аллоҳга тавозелик қилган ҳамда ўз пайғамбарига итоат этган. Аллоҳ эса, унинг даражасини кўтариб, подшоликни ато этади. 

Нажмиддин Кубро камтарлик борасида гапирганда, Жаброил фариштанинг Ерга келиб, ундан тупроқ олиши ва бу тупроқдан одам яратилиши ҳақидаги ҳикояни келтиради. Ер шу заҳоти камтарлик қилиб, бунга муносиб эмаслигини айтади. Камтарлик натижасида эса, инсондек буюк мавжудот ер жинсидан яратилади.

Нажмиддин Кубро Қуръондаги талоқ борасида келган оятларни шарҳлар экан, айрим айблар сабабли суҳбатдош билан алоқаларни узиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтади. (Тариқатдаги) Суҳбат эгалари бир ёки иккита айб билан тарк қилинмайди, балки айблари кўп бўлиши керак”. Яъни уларни битта ёки иккита айблари билан тасаввуфий суҳбатлардан чиқарилиб юборилмайди, балки бундай айблар кетма-кет содир бўлгандагина шундай чоралар кўрилади. “Чунки Ҳизр ҳам Мусо (а.с.)дан икки ва учта содир бўлган камчиликлардан кейин тарк этган” . Каҳф сурасида Мусо билан солиҳ банда – Ҳизр учрашуви, уларнинг юрт кезиб, Ҳизр томонидан қилинган ишларга Мусо (а.с.)нинг ақли етмагани ва натижада унга танбеҳ берганлиги зикр қилинади. Бундай ҳолат уч бора такрорланади ва шундан кейингина Ҳизр Мусо (а.с.)ни тарк қилади.

Бақара сураси 144-оятида: «Юзингизни Масжид ҳаром томонга буринг. Сизлар (ҳам) қайси ерда бўлсангиз юзларингизни у томонга буринглар», – дейилади. Нажмиддин Кубро “Юзингизни Масжид ҳаром томонга буринг”ни “Юзингни Масжиди ҳаромга буриб, қалбинги Масжиди ҳаром Роббиси томонга бур”  деб шарҳлайди. 

Ушбу тафсирдан машҳур мутасаввиф ва муфассир олимлардан Исмоил Ҳаққий «Руҳул баён», Муҳаммад Олусий «Руҳул маоний», Шайх ан-Найсобурий «Ғароибул Қуръон»да ва бошқалар фойдаланганлар. 

Қўшимча малумот

АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...
МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ
Инсоният тарихидаги ўзгармай сақланган ягона китоб Қуръони каримдир. Ана шундай илоҳий Китобга юзлаб шарҳлар ёзилган. Улардан биринчиларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry