24.09.2021
362

ХОЖА ПОРСО

Хожа Порсо Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Мовароуннаҳрнинг улуғ олимларидан, Нақшбандия тариқатининг машҳур шайхи ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг яқин шогирди. 1355 йилда Бухорода туғилган. Порсо (диндор) лақабини унга устози Баҳоуддин Нақшбанд берган. Фиқҳ илмини улуғ олимлар силсила вакили бўлган Абу Тоҳирдан олган. 

Ривоят қилинишича, Баҳоуддин Нақшбанд Хожа Порсони юксак қадрлаган ва Ҳижозга кетаётганларида вафот этишидан олдин барча омонатни унга топшириб, ўз ўрнига уни тайин этган.

Хожа Порсо ҳам 1420 йилда ҳаж қилиш ниятида йўлга чиқади ва Насаф, Сағониён, Термиз, Балх, Ҳирот, Жом ва бошқа шаҳарларни зиёрат қилади. Бу ерда унга катта ҳурмат кўрсатилади. Ҳажни адо қилгач, касалликка чалинади ва Мадинага отланади. Шу ерда мазкур йилнинг 25-зулҳижжа ойида вафот этади. Жума куни Аббос (р.а.)нинг қабри ёнига дафн этилади. Вафотидан сўнг, унинг ўрнига ўғли Абу Наср Порсо Маҳмуд ибн Муҳаммад ўтиради. У ҳам илм ва тасаввуфда отаси каби беназир эди.

Муҳаммад Порсо, Амир Темурнинг фарзанди Муҳаммад Жаҳонгирнинг ўғли Халил Мирзо, шунингдек, Шоҳрух Мирзо яхши алоқада бўлганлар. Муҳаммад Порсо Шоҳрух Мирзо билан турли масалалар бўйича ёзишмалар ҳам олиб борганлиги манбаларда қайд этилган.

Олимнинг илмий мероси

Алломанинг умумий ҳисобда йигирмага яқин асарлари мавжудлиги манбаларда айтилган. Улар орасида “Рисолаи қудсия” (“Хожа Баҳовуддиннинг қудсий калималари ҳақидаги рисола”), “Авсофи қудсияи машойихи тариқат” (“Тариқат машойихларининг қудсий калималари”), “Эътиқодот” (“Эътиқод ҳақида рисола”), “Рисола дар одоби мурид” (“Мурид одоблари ҳақида рисола”), “Рисолаи кашфия” (“Кароматлар ҳақида рисола”), “Рисолаи маҳбубия” (“Дўстлик ҳақида рисола”), “Мухтасари тарихи Макка” (“Макка шаҳрининг қисқачатарихи”), “Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор” (“Алоуддин Аттор мақомоти”), “Мақомати Хожа Баҳовуддин Нақшбанд” (“Хожа Баҳовуддин Нақшбанд мақомати”), “Ҳафтоду дў фирқа” (“Етмиш икки фирқа”) кабиларни айтиб ўтиш мумкин.

Тафсирга оид «Тафсир-и Қуръон» асари бўлиб, муаллиф қаламига мансуб бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади. Айрим қисмларини Абдураҳмон Жомий ёзган.

Форсча-арабча ва насх хатидаги мазкур тафсирда Қадр сурасидан Ҳумаза сурасигача бўлган қисмлар қамраб олинган. Хожа Муҳаммад Порсо тасаввуф пешволаридан бўлгани учун ҳам бошқа асарлари қатори тафсирида ҳам унга эътибор қаратади. Тафсирда 30-жузнинг бир нечтагина сураси тафсир қилинганига гувоҳ бўламиз. Булар: “Фотиҳа”, “Қадр”, “Баййина”, “Залзала”, “Адият”, “Қориа”, “Такасур”, “Аср” ва “Ҳумаза” сураларидир.

Бундан ташқари Ҳофиз таниш Бухорийнинг “Абдулланома”сида Хожа Абу Наср Порсонинг (ваф. 986/1537 й.) ўғли Хожа Абдували Порсо ҳақида гапирилиб, унинг Нуротага боргани зикр қилинади.

ХV асрларга тўғри келадиган хатда форс тилида қуйидагилар битилган (маъноси): “Ушбу тафсир ҳақиқатлар султони, муфассирлар ва муҳаддислар бурҳони ҳазрати Хожа Муҳаммад Порсоникидир. Хатти шариф ҳам ўша кишиникидир, Аллоҳ сирларини муқаддас ва азиз килсин. Бу саҳифа аввалидан (кейинги) янги битилган уч саҳифадаги хатти шариф ҳақоиқ панох маорифи дастгох ҳазрати мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомийникидир. Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин”. 

Демак, асар котиби муаллифнинг ўзи бўлган. Хожа Муҳаммад Порсонинг бундан бошқа дастхатини Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида учрамайди. Балки дунёнинг бошқа кутубхоналарида сақланётган хатда жумладан Техрондаги дастхатда бўлиши мумкин.

Хожа Порсо мотуридияга мувофиқ равишда “муқаллиднинг имони саҳиҳ”, деб айтади: “Имон Аллоҳнинг ягоналиги ва бошқа сифатларини қатъий тасдиқ этишдир. Қатъий тасдиқ яхши мартабадир. Албатта ориф банда муқаллиддан юқори даражада. Муқаллид ҳақ йўлда бўлса, у мўмин ҳисобланади”. 

Мотуридийликда шаҳодат калимасини тақлидан айтган киши ҳам мўмин ҳисобланади. Уларнинг имони зоҳиран эътиборга олинади, қалбларининг ҳолати Аллоҳга ҳавола қилинади.

Мотуридийлик таълимоти ҳақида гапирганда, Хожа Порсо “Фасл ал-хитоб”да алоҳида фаслни Имом Мотуридий ва Ҳаким Самарқандий мавзусига бағишлаганини таъкидлаш керак. Унда, шундай дейилади: 

“... Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий ўз даврида ҳидоят илми шайхи, аҳли сунна ва жамоа раиси бўлган. Шайх Абу Мансур 335 йил вафот этган ва Чокардиза қабристонигa дафн этилган. Унинг қабри зиёратчилар кўп келиши билан машҳур. Худди шу даврда шайх Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Зайд ал-Ҳаким ас-Самарқандий ва бошқа уламо шайхлар яшаганлар. Шайх Абулқосим ва шайх Абу Мансур бир-бирлари билан то ўлим ажратмагунча дўст бўлганлар”.

Юқоридаги матндан Порсонинг Имом Мотуридий ва Ҳаким Самарқандийга эҳтиромли муносабатини илғаб олиш қийин эмас. Шу билан бирга Порсо “Фасл ал-хитоб”да имон, Аллоҳнинг сифатлари, бандага тоқати етмайдиган нарсани юклаш, қазо ва қадар, пайғамбарлик ва бошқа илоҳиёт масалаларида ҳам мотуридийлик йўлини тутади.   

Шу билан бирга Порсо айнан эътиқодий масалаларга бағишланган махсус “Эътиқодот” асарини ҳам таълиф этиб, унда ақидавий масалаларни ҳанафийлик-мотуридийлик асосида кўриб чиқади. Асарда шундай сатрлар келтирилган: “Бир жамоа Абу Бакр ва Умар (р.а.)ни сўкиб, биз Али тарафдорларимиз деса, алдаган бўлади. Улар Иблис тарафдорлари ва Али (р.а.) улардан безордирлар”. 

Имон ҳақида шундай ёзилган: “Мўминнинг имонида шубҳа бўлмаслиги керак. Зеро, имондаги шубҳа куфр бўлади”. Яъни мотуридийликда истисно қилиб “мен иншааллоҳ мўминман” дейилмайди, ашъарийликка хилоф равишда. Балки “мен ҳақиқатда мўминман. Феъл бандадан бўлиб, тавфиқ Аллоҳдан. Имон Аллоҳнинг инъоми, тасдиқ қилиш ва иқрор бўлиш банданинг феълидир. Қуръон – Аллоҳнинг каломи бўлиб, махлуқ эмас. Банданинг ўқиши махлуқ”. 

Хожа Муҳаммад Порсо нақшбандия тариқатанинг йирик вакили ва уни давом эттирган ҳамда ривожлантирган олим бўлиб, нақшбандия тариқати тарихида катта мавқега эга бўлган. Диний, тасаввуф, одоб-аҳлоқ ва фиқҳга оид асарлари билан Ислом маданияти тарихида ўчмас из қолдирган. Унинг ижодини ҳар томонлама ўрганиш эса маданий ва маънавий ҳаётимиз тарихини ўрганишда катта қимматга эгадир.

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry