24.09.2021
455

АБУЛ БАРАКОТ НАСАФИЙ

Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий ўз даврида тафсир, ақида, фиқҳ ва усул фиқҳ илмларининг етук пешвоси сифатида машҳур бўлган.

Абул Баракот Насафий тахминан 1232 йилда қадим Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида таваллуд топган. Кейинчалик Бухорода таълим олган, ёшлик даври диний-илмий муҳитдаги оилада ўтган, илм талабида кўплаб мамлакатларга борган ва катта обрў-эътиборга сазовор бўлган. Илмга берилиб, сиёсий жараёнлардан узоқда яшаган ва натижада илмий доираларда катта шуҳрат қозонган. 

Насафий тахминан 1280 йилларда Кирмон шаҳридаги “Қутбия султония” мадрасасида мударрислик қилган. Сўнгра Бағдодга келиб, у ерда талабаларга ҳам таълим берган. 

Насафий жуда тақводор ва диёнатли шахс бўлган. Араб ва форс тилларини мукаммал даражада билган.

Имом Насафий1310 йилда вафот этган.

Абул Баракот Насафийнинг етук олим бўлиб етишишида албатта, устозларининг меҳнати катта бўлган. Ана шундай устозларидан бири таниқли олим Абул Важд Шамсул аимма Муҳаммад Кардарийдир. Хоразмлик Имом Кардарий 1202 йилда таваллуд топган ва машҳур «Фатовойи Қозихон» муаллифи Фахруддин Қозихон (ваф. 1195 й.) ҳамда «Ҳидоя» соҳиби Бурҳонуддин Марғиноний (1118-1197) каби буюк устозлардан таълим олган. Кардарий 1244 йилда вафот этган ва Бухорода, Субазмуний қабри олдида дафн қилинган.

Шундай машҳур устозлар илмидан баҳраманд бўлган Абул Баракот “Ҳофизуддин”, яъни “динни ҳимоя қилувчи” деган шарафли номга сазовор бўлган. 

Имом Насафий устозлари орқали Абу Ҳанифага бориб етадиган силсиласи мавжуд.

Аллома илмий мероси

Имом Насафийнинг асарлари асосан тафсир, ақида, фиқҳ ва усул фиқҳ илмларини ўз ичига қамраб олади.

Имом Абул Баракот Насафий Мовароуннаҳр юртидан чиққан мутааххир уламоларнинг тақводорларидан ҳисобланади. Имом Насафий ўз замонасининг зиддиятлари, сиёсат оламидаги қаттиққўллик, ҳар тарафлама ҳужум қилаётган мўғул истилочиларининг зулмларига қарамасдан ўз асрининг фиқҳ ва усул илмларида етук олим, ҳадислар ва уларнинг маъноларини билимдони, Аллоҳ таолонинг китобини яхши англовчи – муфассир бўлиб етишдилар. Мана шундай тақвоси ва ихлоси сабаб ҳозиргача уламолар ва илм толиблари ўртасида бу зотнинг китоблари мўьтабар манбалар сифатида қадрланиб ўқилмоқда, шаръий масалаларнинг ечимини топиш мақсадида кенг ва самарали фойдаланилмоқда, шунингдек тадқиқотчилар томонидан ўрганиб келинмокда.

Абул Баракот Насафийнинг умумий ҳисобда 13 та илмий асари мавжудлиги ва уларнинг барчаси бизгача етиб келгани маълум. Жумладан,

Ақида илмига оид:

«Умдат ақоид» («Ақидалар асоси») асари;

Унинг шарҳи “Эътимод фил-эътиқод” (Эътиқоддаги таянч) 

Фиқҳ (ислом ҳуқуқи)га оид:

«Канз ад-дақоиқ» («Нозик масалалар хазинаси») асари ислом ҳуқуқи бўйича «Ҳидоя»дан кейинги ўринга қўйилади.

«Вофи» («Мукаммал»). Ушбу асарни машҳур олимлар мўътабар, мақбул ва латиф китоблар қаторида санайди. 

«Кофи» («Кифоя қилувчи») – “алВофи”нинй шарҳи. Бу китоб Абул Баракот Кирмондаги мадрасада «Вофи»дан дарс бериб юрган кезларида юзага келган бўлиши мумкин. Чунки талабалар «Вофи»ни осонроқ ва тезроқ тушунишларига эҳтиёж сезилган. Абул Баракот талабаларнинг шу эҳтиёжини қондириш мақсадида унга шарҳ битган. Асарда намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, савдо-сотиқ каби турли фиқҳий масалалар батафсил шарҳланган. 

«Мустасфо фи шарҳ ан-Нофиъ фи-л-фуруъ» («Фиқҳга оид ан-Нофининг Мукаммал номли шарҳи»).

«Мусаффо фи шарҳ манзумот ан-Насафия фи-л-хилаф» («Қиёсий ҳуқуқшуносликка оид ан-Насафий назмининг Аниқланган номли шарҳи»).

«Манор» («Маёқ») номли усул фиқҳ ва унинг қонун-қоидалари ҳақидаги асар. Унда Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёс асосида ҳукм олиш каби услублар баён этилган.

Ушбу асарни шарҳ – «Кашф асрор» («Сирларни очиш») 

Тафсир илмига доир:

«Мадорик танзил ва ҳақоиқ таъвил» («Қуръон моҳияти ва таъвил ҳақиқатлари») Насафийнинг энг машҳур асари бўлиб, у мусулмон оламидаги Қуръонга ёзилган мўътабар тафсирлардан биридир. Абул Баракотнинг тафсирга оид асари қолганлари ичида мавзу, услуб ва илмларнинг кенг қамровлилиги жиҳатидан шоҳ асар ҳисобланади. Шунингдек, ушбу зот тафсир соҳасида машҳур асар ёзиш билан Имом Мотуридий услубини давом эттиради ҳамда Қуръон оятларини тафсир қилиш мобайнида мотуридийлик ақидавий таълимотининг мустаҳкамланишида катта ҳисса қўшади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Насафий даврида мўътазилий, қадарий, жабарий, қарматий каби турли ботил оқим вакилларининг қарашлари ўз таъсирига эга бўлган бўлса керакки, олим тафсирда уларга кўп бора илмий жавоб ва тушунтиришлар берган. Чунки мўғуллар даврида илм-маърифат ва илмий тафаккурнинг йўқолиши баробарида одамларни бирлаштирадиган ягона ғоя ҳамда мафкура ҳам йўқ бўлиб борган. Бу ҳолатдан турли оқим ва тоифа вакиллари ўз ақидаларини ёйиш учун усталик билан фойдаланмоқчи бўлганлар. Бундай пайтда ислом таълимоти кенг ёйилган ўлкаларда Қуръоннинг асл маъносини талқин этувчи мукаммал тафсирларга ҳам эҳтиёж сезилгани табиий ҳолдир. 

Тафсирнинг ёзилиши ҳақидаги ушбу мулоҳазаларни Имом Насафийнинг ўзи айтган қуйидаги сўзлари ҳам исботлайдилар: «Мендан яқинларим Қуръонни таъвил қилувчи, турли қироатлар ва ҳаракат услублари кўрсатилган, аҳли сунна ва-л-жамоа ақидасига мувофиқ келадиган, адашганлар ва бидъат аҳли сўзларидан холи бўлган, малоллик туғдирмайдиган ҳамда тушунарсиз даражада қисқа бўлмаган тафсир ёзишимни сўрар эдилар. Мен дастлаб иккиландим. Ниҳоят, Аллоҳнинг тавфиқ ва инояти ила тафсир ёзишга киришдим ҳамда уни оз муддат ичида ёзиб тамомладим. Китобимни «Мадорик танзил ва ҳақоиқ таъвил» деб номладим. Аллоҳ барча ишларни енгиллаштирувчи, хоҳлаган нарсасини қилишга қодир ва дуони тез ижобат қилгувчи зотдир».

Замонавий араб олимларидан Абу Адиб Муҳйиддин шундай дейди: «Бу китоб олдин ҳам ҳозирда ҳам катта эътибор билан илм давраларида ва диний олийгоҳларда дарслик сифатида ўқитилади. Менинг ўзим унинг катта бир қисмини устозим шайх Абд ар-Роҳман аз-Забийдан Дамашқдаги «Ғарроъ» жамиятига қарашли Шариат илмлари институтида 1956 йилларда таҳсил олиб юрган кезларимда ўқиганман».

Тафсирдан намуналар

 Оли Имрон сураси: «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) ета олмайсизлар», 92-ояти тафсирида Насафий қуйидаги фикрларни беради: «Фақат суйган нарсаларни берибгина мақсадга етилади». Давомида ушбу ривоятни келтиради: Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олар ва уни садақа қилар эди. Шунда ундан сўралди: «Нима учун унинг пулини садақа қила қолмайсиз?». У: «Шакар менга суюклироқдир. Шу сабаб суйган нарсамдан эҳсон қилишни хоҳладим», – деб жавоб беради».

Мазкур тафсирда илм ва яхшилик каби фазилатларнинг кўкка кўтарилишини кузатиш мумкин. Жумладан, Насафий илм ҳақида шундай дейди: «Илм, агар у руҳонийлар ёки роҳибнинг охират ҳақида эгаллаган илми бўлса ҳам инсонни тўғри йўлга бошловчи воситалардан биридир. Чунки, Моида сураси 82-оятида: «Одамлар ичидан «Биз насронийлармиз», деб айтувчиларни мусулмонларга яқинроқ дўст эканини кўрасиз. Бунга сабаб улар орасида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ҳамда уларнинг кибрга берилмаслигидир», – дейилган. Бу билан Насафий илм ким томонидан эгалланган бўлишига қарамай, унинг улуғлиги ва афзаллигини ҳамда илм руҳонийларнинг Қуръонда ижобий зикр қилинишига сабаб бўлганини исботламоқчи бўлади.

Абул Баракот Насафий ўз даврининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўзига қадар шаклланган илмий анъанани давом эттирди ва шу асосда илмий асарлар яратди. У зот қолдирган илмий мерос асрлар оша бугун ҳам ўз қийматини йўқотмаганлиги, мусулмон оламида ўзига хос обрў-эътибор, мақомга эга экани ушбу тақдим этилган рисоладан англашилган бўлса ажаб эмас. 

Шу сабаб Абул Баракот Насафий ҳақида Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Фавоидул баҳия фи тарожумил ҳанафия” китобида шундай дейди: “У замонасининг тенги йўқ комил имоми, фиқҳ ва усулда етакчи, ҳадис ва унинг маъноларини жуда яхши билувчи олим эди”.

Ҳожи Халифа: “Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, Ер аҳлининг устози, суннат ва фарзнинг жонлантирувчиси, Қуръон маъноларини кашф қилувчи, муҳаққиқ олимларнинг машҳури” – деб таъриф беради.

Ибн Ҳажар Асқалоний (1372-1449) эса Абул Баракот Насафийни “Алломаи дунё”, деб таърифлаганлар.

 

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry