24.09.2021
415

АБДУЛҲАМИД КЕШИЙ

Мовароуннаҳрда тафсир илмининг кенг ривож топганини маҳаллий муфассирларнинг илмий мероси ҳам исботлайди. Булардан бири “Абд ибн Ҳумайд” номи билан машҳур бўлган муҳаддис Абу Муҳаммад Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Кеший (786-863). 

Бу аллома «Ҳофиз ҳадис (Ҳадислар билимдони), «Соҳиб муснад кабир» (Муснад кабир асарининг муаллифи») ва «Соҳиб тафсир кабир» (Тафсир кабир асарининг муаллифи) каби номлари билан машҳур бўлган. Шунингдек, «Имом», «Ҳофиз» (ҳадисларни кўп ёдлаган), «Ҳужжат», «Жаввол» (кўп саёҳат қилган киши) каби юксак лақаблар билан эътироф этилган. Абдулҳамид Кеший Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан дастлабки улуғ муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва араб тили бўйича бой асарлар қолдирган алломалардан бўлган. 

Абдулҳамид Кешийнинг отаси, бобоси ҳам ўз даврининг кўзга кўринган илмли кишиларидан бўлганлиги манбаларда қайд этилган. Бобоси ҳақида Муҳаммад ибн Абддан шундай маълумот келтирилган: «Бобом Ҳумайд ибн Наср ҳар соҳада: араб тили, аруз, назм ва бошқа илмлар бобида билимли киши эди, шунингдек, у киши адиб, қори ҳам бўлган. Қуръони каримни ғоятда чиройли қироат қилар ҳамда одамларга ҳам тиловат қилишдан таълим берар эди. Бобом Қуръони каримни тунда бир марта ва кундузи бир марта хатм қилар эди. У киши, тахминан, ўттиз йил давомида ҳар куни рўза тутган, мен унинг фақат икки ҳайит ва ҳайитдан кейин уч кун, ташриқ кунлари овқатланганлигини кўрганман, холос. Мен унинг тунда ҳам, кундузи ҳам ухлаган ҳолларини кўрган эмасман. Агар унинг кўзларига уйқу ғолиб келса, ёнбошлаб олмасдан, ўтирган ҳолида бироз мизғиб оларди. Уйга фақат бир зарурат иш юзасидан ёки таҳорат олиш учунгина кирарди. Бошқа вақтларда узлуксиз масжидда бўлар эди. Ниҳоятда тақволи, парҳезкор инсон эди». 

Абд ибн Ҳумайд Кеший илм талабида дунёни кезиб, юздан ортиқ устозлардан таълим олганлиги, сўнг ўз она юрти Мовароуннаҳрга қайтиб фаолият олиб боранлиги, кўплаб шогирдлар етиштирганлиги маълум.

Манбаларда унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Олим “Муснад кабир”, “Тафсир”, “Сулосиёт” каби асарлар муаллифи бўлиб, у 55 дан ортиқ шайхлардан ҳадис ривоят қилган. Энг машҳур устози Язид ибн Ҳорун, Абдураззоқ ибн Ҳумом Санъонийдир. Шарқшунос олим С.Прозоров уни “... асли Бағдодлик, Кешда яшаган муҳаддис”, у Имом Бухорийнинг устози бўлиб, кунларини масжидда ибодат билан ўтказиб, фақат тунда уни тарк этишини айтиб, ўта тақводор бўлганлигини қайд этиб ўтади.

Абд ибн Ҳумайднинг Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларидан чиққан кўплаб шогирдлари бўлган, энг машҳур шогирлари Имом Муслим бўлиб, Кешийдан 372 та ҳадис ривоят қилган. Имом Термизий 180 та, шунингдек, Имом Бухорий  ҳам ундан бир неча ҳадис нақл қилган.

Абд ибн Ҳумайд Кеший тафсири

Абд ибн Ҳумайд Кеший Мовароуннаҳрдаги дастлабки муҳаддислардан саналган ва унинг тафсири ҳам асосан ҳадислардан иборат бўлган бўлган. Тафсирнинг бу тури тафсир илмида “нақлий тафсир” деб аталади. 

Ушбу тафсир китоби 2004 йилда Махлаф Баниҳ томонидан ўрганилган ва “Қитъатун мин тафсирил имом Абд ибн Ҳумайд” (“Имом Абд ибн Ҳумайднинг тафсиридан бир парча”) номи билан бир жилдда, 137 саҳифа ҳолида, Дор Ибн Ҳазм нашриётида чоп этилган. 

Тадқиқотчи Махлаф Баниҳнинг таъкидлашича, Мадина мунавварага сафар уюштирган пайтида у ердаги қўлёзма китоблар орасида, Ибн Абу Ҳотам тафсирини топади. Мазкур қўлёзма китоби ҳошиясида эса, Абд Ибн Ҳумайд Кешийнинг тафсирини ўрганади ва нашр эттиради. Ушбу китоб ҳошияда ёзилгани сабабли кўпчиликнинг эътиборидан четда қолган. 

Тафсир Оли Имрон ва Нисо суралари шарҳидан иборат. Буюк аждодимизнинг тафсирга бағишланган ушбу китобини таржима қилиб, нашр этиш ҳам мумкин бўлади.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Ажаиб фи асбабин нузул” китобида Абд ибн Ҳумайд Кеший тафсирини 4 та буюк тафсир, яъни Ибн Жарир Табарий, Ибн Мунзир, Ибн Аби Ҳотам тафсирлари қаторида санаб ўтади. Бу тўрт тафсир ислом оламида маълум ва машҳур бўлган дастлабки асарлардан эди.

Абд Ибн Ҳумайд Кеший ўз тафсирида Саиъд ибн Жубайрдан қуйидаги  ривоятни келтиради: “Каъбанинг атрофида 360 та бут бўларди. Араб қабилаларидан бути ёки икки бутлари бўларди. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди...”  оятини нозил қилди. У деди: “Шунда барча бут ва санамлар Каъбада юз тубан ҳолларида йиқилдилар”.

Абд Ҳумайд Кешийдан қуйидаги ривоятлар келтирилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Болаларингизга одоб берингизлар ва одобларини чиройли қилингизлар!”. Фарзандларга чиройли одоб бериш ота-оналар зиммасидаги масъулият эканлиги ушбу ҳадисдан кўриниб турибди. 

Яна бир ривоятда Абдулҳамид Кеший Абу Ҳурайрадан нақл қилади: «Абу Бакр Сиддиқ  Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга ўтирган эди. Бир киши келиб, уларни ҳақорат қила бошлади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) жилмайиб жим турдилар. Ҳақорат қилишда ҳаддидан ошгач, Абу Бакр ҳам унга жавоб қайтариш ва тўхтатиш учун ўрнидан турди. Бундан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) ғазабланиб ўрниларидан туриб кетдилар. Абу Бакр: «Эй Расулуллоҳ (с.а.в.)! У мени ҳақорат қилиб турганда, сиз табассум қилиб, жим турдингиз. Мен уни тўхтатиш учун турганимда ғазабланиб, ўрнингиздан туриб кетдингиз», – деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаришталар сизни ўрнингиздан жавоб бериб турган эди. Сиз ҳам унга жавоб қайтаришни бошлаганингизда фаришталар кетиб, ўрнига шайтон келди. Мен шайтон бор жойда ўтирмайман», – дедилар”. 

Нисо сураси 10-оятида “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар...”, дейилади. Ушбу оятни тафсир қилишда Ҳумайд Кеший Бизга Юнус хабар берди, у Шайбондан, у Қатода (р.а)дан Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар...” ояти нозил бўлди. Бизга Набий (а.с) шундай деганлари зикр қилинди: “Аллоҳ таолога икки заифдан тақво қилинг. Эй, Аллоҳнинг Расули Икки заиф ким? дедилар. Набий (с.а.в): “Етим ва аёл кишидир. У етим қолдирилди, унга мерос қолдирилди. (Етимлик билан) у синалди. У (етим қолган билан) синалдилар” деди. Бу масалани инсонлар ўзларининг ўша болаларини етим қолдириб вафот этган отанинг ўрнига қўйиб кўришлари билан етимларнинг ҳаққидан қўрқишга чақиради. 

Қуръони каримни тушуниш, оятлар мазмунига англаш, исломни соф ҳолатида билиш инсониятни камолотга етаклайди. Бугунги замоннинг  кўплаб ижтимоий-ахлоқий муаммоларига жавоб топишда Қуръони каримнинг, хусусан тафсирларнинг аҳамияти беқиёсдир. Айниқса, нақлга асосланган тафсирлар ўзида ишончли маълумотларни жамлаганлиги сабабли инсонларнинг тўғри йўл топишларида ўзига хос ўринга эгадир. Қуръон ва ҳадислар инсонларни гўзал ахлоқ ва юксак инсоний фазилатларга чақириши, инсонларга ўзаро ҳурмат, бир-бирларининг ҳақларидан эҳтиёт бўлишлари, қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик, дўст-биродарлик ришталарини мустаҳкам боғлашга чақирувчи ҳаётий қўлланма сифатида бир неча минг йиллардан бери фойдаланилади.

Қўшимча малумот

АБУ ҲАФС УМАР БУЖАЙРИЙ САМАРҚАНДИЙ
Манбаларда муҳаддис ҳақида кам зикр этилган. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид...
Имом Бухорий
Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Бардазбеҳ Абу Абдуллоҳ Жуъфий. Муҳаддис, муаррих, ҳадис илмида мўминлар амири....
ИМОМ ДОРИМИЙ
(798–869) IX асрда фаолият юритган самарқандлик муҳаддислардан Имом Доримий ҳадис илмида алоҳида ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry