20.06.2022
386

ИМОМ ДОРИМИЙ

(798–869) 

 IX асрда фаолият юритган самарқандлик муҳаддислардан Имом Доримий ҳадис илмида алоҳида ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, 798 йилда таваллуд топган. Худди шу йили йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий вафот этган. Манбаларда шу тарихий воқеа сабаб Имом Доримийга «Абдуллоҳ» деб исм қўйилгани қайд этилади. Муҳаддиснинг бобоси Бану Тамим қабиласи мавлоси ҳамда Пайғамбар (с.а.в.)нинг котибларидан бири бўлган Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Зайд Манот ибн Тамимга боғланган ҳолда алломага «Доримий» нисбаси қўлланган. Шу билан бирга, Имом Доримийни «Дорамий» нисбаси билан атаганлар ҳам бор. Абу Тоҳирхожа «Самария» асарида Имом Доримий ҳақида «...У ҳадис айтувчилардан. Шавдор туманига қарашли Испаний қишлоғидадир. У Самарқанд музофотидан бўлган, қадимда Дорам деб аталадиган қишлоқдан бўлгани учун Дорамий деб донг чиқарган.... Дорамийнинг таржимаи ҳоли белгилик эмас...» каби мазмундаги маълумотни келтиради. Бунда Абу Тоҳирхожа унинг нисбасини «Дорам» деб номланган жой номи билан боғлайди. 

Имом Доримий ёшлик чоғлариданоқ ақл-заковати,ўткир зеҳни, айниқса, эслаб қолиш қобилиятининг ўта кучлилиги билан барчани ҳайратга солган. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий: «Имом Доримий комил муфассир эди. У ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эди. У зотнинг ёд олиш зеҳнлари, ҳалимликлари, босиқликлари, тиришқоқликлари, дунёвий зоҳидликлари, ибодатлари зарбулмасал қилингандир», – деб таъриф беради. Манбаларда Имом Доримийнинг оиласи ҳақида сўз бормасада, унинг куняси «Абу Муҳаммад»лигини эътиборга олиб, Муҳаммад исмли ўғли бўлганини билиш мумкин. Олимнинг яқинлари, қариндошлари ҳам илм аҳлларидан бўлган. Жумладан, алломанинг тоғаси

Абу Усома Аҳмад ибн Муовия, акасининг ўғли Абу Аҳмад Фазл ибн Муҳаммад Доримий ҳам ҳадис ривоят қилганлар.

Имом Доримий дастлабки таълимини ўз юрти Самарқандда олади. Сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлардан бўлмиш Фустот (Қоҳира), Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина, шунингдек, Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлардан диний ва дунёвий фанлар, айниқса, ҳадис илми бўйича ўз билимларини оширади. Бу даврда муҳаддислар Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларини асл ҳолида келажак авлодга етказиш учун ишончли ривоятларни олиб, уни соф кўринишда, ҳар қандай сохталиклардан холи бўлган ҳолда тўпладилар. 

Имом Доримий ҳаётининг асосий қисмини илм талабида сафар қилиш билан ўтказган олимлар сирасига кирган. У сафарлари давомида ҳадисларни эшитиб, жамлаш билан чекланмай, ҳадис иснодларининг олий, муттасил (узлуксиз), ундаги ровийларнинг сони кам бўлишига ҳам катта эътибор қаратган. Аллома илмий сафарларини Хуросон шаҳарларидан бошлайди. Жумладан, машҳур ҳофиз Назр ибн Шумайлдан (ваф. 818 й.) Марв шаҳрида ҳадис илмидан сабоқ олиб, кўплаб ҳадислар тинглайди. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг:«Сизлар етмишта умматга баробарсиз (тенгсиз). Сизлар умматларнинг энг сўнггиси ва Аллоҳ наздида энг эътиборлисисиз!», деган мазмундаги ҳадисларини ёзиб олиб,ўзининг ҳадислар тўпламига киритади. 

Сўнгра Имом Доримий Ироқ шаҳарларида бир қанча устозлардан таҳсил олади. Жумладан, муҳаддис тахминан 17-18 ёшларида Басра шаҳрида бўлиб, турли ровийлардан ҳадис тинглайди. Хусусан, басралик Равҳ ибн Асламдан (ваф. 815 й.) ҳадислар эшитади. Кейин эса,Ироқнинг Бағдод, Восит, Куфа, Ҳийт каби шаҳарларида бўлиб, ўз даврининг кўпдан-кўп етук муҳаддисларидан ҳадис илмини ўрганади. Имом Доримий ўзининг «Сунан» асарида 250 дан ортиқ шайх-устозлардан ҳадис ривоят қилган. Устозларининг асосий қисмини Куфа, Басра, Бағдод каби шаҳарлардан чиққан ровийлар ташкил этади. Манбаларда унинг устозлари қаторида Муҳаммад ибн Башшор, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фарёбий, Абу Мусаҳҳар Димашқий, Марвон ибн Муҳаммад, Абулваҳҳоб ибн Саид, Язид ибн Ҳорун Во-ситий, Саид ибн Омир Забъий, Жаъфар ибн Авн, Зайд ибн Яҳё ибн Абийд Димашқий, Ваҳб ибн Жарир, Холид ибн Муҳаммад, Ҳаббон ибн Ҳилол, Ашҳол ибн Ҳотам Жумаҳий, Заҳҳок ибн Муҳаммад, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абул Муғийра Форёбий, Абдусамад ибн Абдулворис, Яҳё ибн Ҳассон, Асвад ибн Омир, Бишр ибн Умар Заҳроний каби алломалар зикр этилади. 

Хатиб Бағдодийнинг «Бағдод тарихи» асарида Имом Доримий ҳаж сафарига кетаётганида Куфада тўхтаб, Яҳё ибн Абдулҳамид Ҳаммоний (ваф. 842 й.) ва бошқа муҳаддислар билан суҳбатда бўлгани, суҳбатлар кўп ҳолларда баҳс-мунозараларга айланиб, ҳадис ровийлари, иснодларнинг ишончлилиги хусусида тортишувлар бўлгани айтилади. Хатиб Бағдодий келтирган маълумотлардаги суҳбатдошларнинг ҳаёт йилларини аниқлаш орқали Имом Доримий тахминан 40 ёшларида ҳаж ибодатини амалга оширгани, сафар чоғида ҳам ўзининг асарлари устида тинмай изланганини англаш мумкин.

Имом Доримий араб халифалигининг кўп шаҳарларида ўз билимларини ошириб, ниҳоят ўз ватани – Самарқандга қайтиб келади. Илм йўлида узоқ йиллар олиб борган тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида у ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилди. Ўрта аср

олимлари «Имом Доримийнинг Самарқандда ҳадис ва осор илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор», деб якдиллик билан алоҳида таъкидлайдилар. Алломага умрининг охирги йилларида Бош қози лавозими таклиф қилинади. Бироқ унинг илм олишга бўлган беҳад қизиқиши ва шаҳарнинг Бош қозиси лавозими катта масъулиятни талаб этишини англагани ушбу таклифни рад қилишига сабаб бўлган.

«Сунан» номи билан танилган «Муснад»и (луғавий маъноси «Таянч» ёки «Иснодли ҳадислар тўплами») олимнинг шоҳ асари ҳисобланади. Олимлар «Сунан»нинг номланишига турлича муносабат билдирадилар. Ҳофиз Ироқий, Имом Заҳабий асардаги барча ҳадислар тўлиқ иснод билан берилгани учун уни «ал-Муснад», Алоуддин Муғултоий ҳадисларининг ишончлилиги даражасидан келиб чиққан ҳолда «ас-Саҳиҳ», Ибн Ҳажар Асқалоний ва Суютий каби бошқа уламолар фиқҳий ҳадислар тўплами бўлгани боис «ас-Сунан» деб атайдилар. Бироқ айрим тадқиқотчилар муаллиф асарини умумий ном билан, яъни «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад ли сунан Расулуллоҳ с.а.в.» (Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларининг ишончли муснад тўплами) деб атаган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирадилар. Ибн Ҳажар Асқалоний мазкур асарни «Сиҳоҳ ситта»нинг олтинчи китоби сифатида қабул қилади. «Сунан» икки жилддан иборат бўлиб, китобларга, улар ўз навбатида бобларга бўлинади. Асар арабларнинг исломдан аввалги баъзи одатлари, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сийратлари,ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилатига оид жами 163 саҳифалик муқаддима ҳамда 23 та китобдан ташкил топган. «Сунан» 3506 ҳадисни ўз ичига олган 1403 бобдан иборат.

Манбаларда Имом Доримийнинг «Китоб ат-Тафсир» – Қуръони карим тафсирига оид асари бўлгани ҳақида маълумот берилади. Имом Доримий ушбу асарида Қуръонни тўлиқ тафсир қилганми ёки айрим жузлари-ними, бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Бироқ ушбу асарнинг тарихий аҳамияти катта. Чунки у бизгача етиб келган биринчи тафсир, деб ҳисобланган Ибн Жарир Табарийнинг (839–922) тафсиридан тахминан ярим аср илгари ёзилган асардир. Шунингдек, алломанинг «ал-Жомеъ» (Тўплам), фиқҳий масалаларга бағишланган «Китоб ас-сунна фи-л-ҳадис» (Ҳадисдаги суннат амаллар ҳақида китоб), «Китоб саум ал-мустаҳозот ва-л-мутаҳаййирот» (Узрли аёлларнинг рўзаси ҳақидаги китоб) каби асарлари бўлгани ҳақида манбаларда зикр этилади. Имом Доримийнинг «ас-Сулосиййот фи-л-ҳадис» – «Уч ровийли ҳадислар тўплами» номли асари ҳам мавжуд.Муҳаддиснинг ушбу асари «Сунан»нинг таркибига киритилган ўн беш ҳадисдан иборат бўлган тўплам бўлиб,уч ровийли иснодга эга бўлган ҳадислардан таркиб топган.

Имом Доримийнинг вафот этган санаси, дафн этилган мавзеси ҳақида турли хил фикрлар мавжуд. Бироқ аксарият ишончли манбаларда, жумладан, Хатиб Бағдодий, Абу Ҳафс Насафий, Шамсуддин Заҳабий каби олимларнинг таъкидлашларича, Имом Доримий вафот этган сана милодий ҳисобда 869 йилнинг 18 ноябрига тўғри келади. Айрим турк ва араб тадқиқотчиларининг китобларида аллома дафн этилган жой сифатида Хуросоннинг Марв шаҳри кўрсатилади. Бироқ Шамсуд-дин Заҳабий «Тарих ал-ислом» асарида олимнинг укаси Иброҳим ибн Абдураҳмон Доримийнинг (ваф. 880 й.) Самарқандда вафот этгани ҳамда акасининг ёнига дафн қилингани ҳақида маълумот беради. Шунингдек, Нажмуддин Умар Насафий Имом Доримий Чокардиза қабристонига дафн қилинган, унга Самарқанд амири Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад жаноза ўқиган, деб айтса, «Самария»да Имом Доримийнинг қабри Шавдор туманидаги Испаний (ҳоз. Испандий) қишлоғида, Самарқанд шаҳри билан мозорнинг ораси 11 чақиримча йўл, деб келтирилади. Муҳаддис жанозасини эҳтиром юзасидан Самарқанд амирининг шахсан ўзи ўқигани ҳамда укаси дафн этилган жойи ҳақидаги маълумотлар олимнинг қабри Самарқанд яқинида эканига далолат қилади. 2000 йилда Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, Испандий қишлоғида Имом Доримий мақбараси ва Жомеъ масжид таъмирланиб, обод қилинди. 

Мустақиллик йилларида юртимизда Имом Дори-мийнинг илмий-маънавий мероси бўйича бир қатор илмий тадқиқотлар олиб борилди, илмий-оммабоп китоблар чоп этилди. Хусусан, «Имом Доримийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси» мавзуидаги номзодлик диссертацияси (М.Алимова, 2009) ҳимоя қилинди; Тошкент ислом университети қошидаги Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази томонидан улуғ алломаларимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида илмий-оммабоп тилда ҳикоя қилувчи «Буюк аждодларимиз» туркумида «Имом Доримий» (М.Алимова, 2009), аждодларимизнинг ислом дини ва маданияти ривожида алоҳида ўрин тутган асарларини таржима қилиш, илмий-танқидий матнларини тайёрлаш ва чоп этишга қаратилган «Маърифат зиёси» туркумида «Сунани Доримий: сайланма» (Таржимонлар жамоаси, 2011) каби рисолалар, кўплаб илмий мақолалар нашр этилди.

Имом Доримийнинг илмий-маънавий мероси, шубҳасиз, XXI асрда ғоят долзарб аҳамиятга молик турли масалалар – миллатлар, халқларнинг тинч-тотувлигини мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш каби мақсадларга хизмат қилади. Олимнинг «Сунан» асаридаги ҳадислар ислом дини таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланмай, меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллилик, катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик сингари чин инсоний фазилатларни ҳам улуғлайди. Ушбу асар юртимиз илм-фани ва маданияти тарихини чуқур ўрганиб, халқимизга етказишда, миллий қадриятларимизнинг тикланишида катта аҳамиятга эга.

 

т.ф.н Маҳфуза Алимова

Қўшимча малумот

АБУ ҲАФС УМАР БУЖАЙРИЙ САМАРҚАНДИЙ
Манбаларда муҳаддис ҳақида кам зикр этилган. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид...
Имом Бухорий
Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Бардазбеҳ Абу Абдуллоҳ Жуъфий. Муҳаддис, муаррих, ҳадис илмида мўминлар амири....
АБДУЛҲАМИД КЕШИЙ
Мовароуннаҳрда тафсир илмининг кенг ривож топганини маҳаллий муфассирларнинг илмий мероси ҳам исботлайди. Булардан бири “Абд ибн Ҳумайд” номи билан машҳур...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry