28.01.2023
291

Имом Бухорий

Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Бардазбеҳ Абу Абдуллоҳ Жуъфий. Муҳаддис, муаррих, ҳадис илмида мўминлар амири. Имом Заҳабий ва имом Суютий олимни муҳаддисларнинг тўққизинчи табақасида келтиришган.

Имом Бухорий ҳижрий 194 йил шаввол ойининг ўн учинчисида, жума куни (милодий 810 йил 20 июль) Бухоро шаҳрида зиёли оилада дунёга келган. Имом Бухорий ёшлик пайтидан илмга чанқоқ бўлган. Айниқса, ҳадис илмига иштиёқи чексиз эди. У илк бора ҳадис илмини ўз онасидан олган. Маълумотларга кўра, имом Бухорийнинг онаси ўз даврининг оқила аёлларидан бўлган. Алломанинг отаси Исмоил ҳам илмли кишилардан саналган. Шунингдек, тижорат билан ҳам шуғулланган. Бироқ имом Бухорийнинг отаси унинг ёш пайтидаёқ вафот этади. 

Манбаларда ёзилишича, Муҳаммад ибн Исмоил ёшлик пайтида кўзи яхши кўрмаган. Лекин онасининг дуо ва илтижолари туфайли соғайиб кетган. Бу ҳақда адабиётларда шундай ёзилган: “Имом Бухорийнинг онаси тушида Иброҳим пайғамбарни кўриб, у зот имом Бухорийнинг онасига “Эй аёл, Аллоҳ сенинг кўз ёшларинг ва дуоларинг сабаб ўғлингга кўзининг нурини қайтарди”, деган. Имом Бухорийнинг кўзи ёшлигида нима сабабдан ожиз бўлиб қолганлиги ҳақида аниқ маълумотлар учрамайди. 

Бухорий илмга чанқоқлиги сабабли қисқа вақт ичида оммавий билимлардан ўз улушини тўла-тўкис олишга эришади. У ҳадислар ёдлашни 10 ёшидан бошлайди. Даставвал Бухорода ўз даврининг таниқли муҳаддиси Доҳилийдан ҳадис илми бўйича сабоқ олади. Ҳадисларни ўрганиш бўйича бу олим ташкил этган ҳалқанинг шуҳрати кенг тарқалган эди. Имом Бухорий ҳам бошқалар қатори унинг дарсларида мунтазам иштирок этган. Шу тариқа, имом Бухорий 16 ёшигача ўз ватани тарихини ва Мовароуннаҳрдаги машҳур уламолардан ҳадис илмини чуқур ўрганиш баробарида бу соҳа бўйича ўз устозлари билан илмий баҳслар олиб борди. Айни вақтда машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакиъ ибн Жарроҳ каби олимларнинг тўпламларини ёд олган. Унинг устозлари ва замондошлари бу ёш йигитнинг илмга чанқоқлигини кўриб таажжубда қолишарди. 

Имом Бухорий 821 йилдан бошлаб ҳадисларни ўрганишни бошлади ва 826 йилгача ўз ватанидаги машҳур муҳаддислардан ҳадис илми борасида сабоқ олди. 

Имом Бухорий илм талабида кўп юртларга сафар қилди, оламга донғи кетган йирик илмий марказларни айланиб чиқди. У ўзи ҳақида: “Мен сафарларим давомида Шомда, Асқалонда, Мисрда, Арабистон ярим оролида икки марта, Басрада тўрт марта, Ҳижозда олти марта бўлдим. Куфа ва Бағдодда эса неча марта бўлганимни аниқ эслолмайман”, деб ёзади.

Имом Бухорийдан ривоят қилишларича, у “Мен мингта ёки ундан ҳам кўпроқ шайхлардан ҳадис ўргандим ва уларнинг ҳар биридан ўн минг, балки ундан ҳам зиёдроқ ҳадис ёздим” деган. 

Ривоят қилинишича, имом Бухорийнинг сафарлари давомида унинг шогирдлари сони тобора ортиб борган. Шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ёзишича: “Имом Бухорийнинг дарсларида жуда кўп таниқли муҳаддис олимлар иштирок этар эдилар. Улар орасида Абу Исо Термизий, Абу Абдураҳмон Насоий, Муслим ибн Ҳажжож, Абу Ҳузайма сингари муҳаддислар бор эди. Ҳали ёш йигит бўлган имом Бухорийдан ҳадисларни эшитиб ўрганиш учун ер юзининг турли бурчакларидан минглаб муҳаддислар келар эдилар”.

У илмий изланишлари давомида 100 мингта саҳиҳ ҳадис ва 200 мингта саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан билган. Имом Бухорийнинг котиби унинг ҳадис илмига иштиёқини тавсифлаб шундай ёзади: “Агар имом Бухорий билан сафарга чиқсак, кечга яқин бирорта хонадонда тунаш учун қолар эдик. Ўша кечаси имом Бухорий 15 мартадан 20 мартагача туриб, шам ёқиб, ёдига тушган ҳадисни ёзиб, кейин яна ётарди”.

Имом Бухорий ўзининг ижодий изланишлари самараси орқали келажак авлодга қимматли дурдона асарлар яратиб қолдирди. У ёзган асарларнинг сони йигирмадан ортиқдир. Улар сарасига “Жомеъ ас-саҳиҳ”, “ал-Адаб ал-муфрад”, “ат-Тарих ал-кабир”, “ат-Тарих ал-авсат”, “ат-Тарих ас-сағир”, “Бирр ал-волидайн”, “Китоб ал-куно” (бу асар “ат-Тарих ал-кабир”нинг бир жузи ҳисобланади), “Китоб ал-илал”, “Асоми ас-саҳоба”, “Қазойя ас-саҳоба ва-т-тобеин” (олимнинг 18 ёшида ёзган китоби) ва бошқаларни киритиш мумкин. Афсуски, бу асарларнинг кўпи бизгача етиб келмаган.

Имом Бухорий “Саҳиҳ”ининг тўлиқ номи “ал-Жомеъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умур Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва сунаниҳ ва айямиҳ” бўлиб, фақат саҳиҳ ҳадислар тўпланган биринчи асар ҳисобланади ва у 16 йилда ёзиб тугатилган. Олим ҳар бир ҳадисни китобга ёзишдан аввал ғусл қиларди, икки ракат нафл намоз ўқирди. Китоб ниҳоясига етгандан сўнг, уни имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маин, Али ибн Мадийний ва бошқа машҳур муҳаддисларга кўрсатди. Улар “Саҳиҳ”ни юқори баҳолашди ва ундаги ҳадисларнинг саҳиҳлигига гувоҳ бўлишди. 

“Саҳиҳи Бухорий” кўп маротаба нашр қилиниб, унга кўплаб шарҳлар битилган. Ровийларининг ишончлилиги ва ҳадис матнидан кўп ҳолларда фойдаланилгани ва бошқа сабаблар учун Қуръондан кейинги энг ишончли манба сифатида қаралади ҳамда барча аср уламолари танишиб чиқиб, аввал ёзилган барча мусаннафотлардан афзал ва юқори эканлигини тасдиқ этганлар.

Асар 600000 ҳадисдан саралаб жамланган. Ибн Салоҳ ва Нававийларнинг фикрига кўра, китобда умумий ҳисобда 7275 та ҳадис, такрорсиз эса 4000 ҳадис жамланган.

Олимнинг “ал-Адаб ал-муфрад” китобида фақат одобга оид 1322 та ҳадиси шарифни 644 та бобда келтирган. “Ал-адаб ал-муфрад”да ҳам имом Бухорий “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги услубни қўллаган. Баъзи жойларда Қуръони карим оятларини ва саҳобаларнинг асарларини ҳам келтирган. Ушбу асарда келган барча ҳадислар ҳам “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги ҳадислар даражасида эмас.

Шунингдек, “ал-Адаб ал-муфрад”да имом Бухорий “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да санади тўлиқ бўлмаган ҳадисларнинг санадини охирига етказган. Кўп муҳаддислар аниқлай олмаган ровий ва баъзи сўзларни аниқлаб берган.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий умрининг охирларида ўз юртига қайтиб келади. Бухорода узоқ яшай олмай, Самарқандга йўл олади. 870 йилнинг шаввол ойида, шанба кунига ўтар кечаси Хартанг қишлоғида вафот этади ва эртасига пешин намозидан сўнг шу ерга дафн этилади.

Имом Бухорий дафн этилган жойда дастлаб XVI асрда мақбара бунёд этилган. Мустақилликка қадар эътиборсиз қолган ушбу маконда муҳаддис таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан қайта таъмирлаш ва барпо этиш ишлари олиб борилди. Сўнгги йилларда юртимиз алломаларининг мангу қўним топган зиёратгоҳларини ободанлаштириш ишлари таҳсинга сазовор. Хусусан, Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини янада ободонлаштириш таклифи илгари сурилди. Мазкур таклиф ижроси ўлароқ мажмуада тўрт бурчагида тўртта баланд минораси бор муаззам кўринишдаги масжид биноси бунёд этилди. Унда бир пайтнинг ўзида 9200 нафар намозхон ибодат қилиши мумкин. Катта масжид биносидан ташқари маъмурият биноси, хизмат кўрсатиш корпуси, аёллар ва эркаклар учун алоҳида таҳоратхона, миноралар ва айвонлар барпо этилди.

Қўшимча малумот

АБУ ҲАФС УМАР БУЖАЙРИЙ САМАРҚАНДИЙ
Манбаларда муҳаддис ҳақида кам зикр этилган. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид...
ИМОМ ДОРИМИЙ
(798–869) IX асрда фаолият юритган самарқандлик муҳаддислардан Имом Доримий ҳадис илмида алоҳида ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ...
АБДУЛҲАМИД КЕШИЙ
Мовароуннаҳрда тафсир илмининг кенг ривож топганини маҳаллий муфассирларнинг илмий мероси ҳам исботлайди. Булардан бири “Абд ибн Ҳумайд” номи билан машҳур...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry