28.01.2023
120

АБУ ҲАФС УМАР БУЖАЙРИЙ САМАРҚАНДИЙ

Манбаларда муҳаддис ҳақида кам зикр этилган. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Бужайрий Самарқандийдир. “Бужайрий” нисбаси билан танилган кишилар Самарқанд диёридаги Иштихонга қарашли Хушуфағон қишлоғидан чиққан алломалардир.

Умар Бужайрий 838 йили Хушуфағонда, зиёли оилада таваллуд топган. Болалик даври мана шу ерда ўтган ва отаси Абу Умар Бужайрдан дастлабки таҳсилни олган. 

Умар Бужайрийнинг ҳаёти ва илмий меросига оид маълумотлар имом Заҳабийнинг “Сияр аълам ан-нубало”, Самъонийнинг “ал-Ансоб”, Зириклийнинг “ал-Аълом” асарларида келтирилган. 

Муҳаддис илм ва ҳадислар ўрганиш талабида Хуросон, Басра, Куфа, Шом, Миср, Ҳижоз каби бир қатор илм марказларига сафар қилган. Унинг устозлари қаторида имом Бухорий ҳам бўлган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадис тўпламига ёзилган энг машҳур шарҳ саналмиш “Фатҳ ал-Борий” асарида Ибн Ҳажар Асқалоний Умар Бужайрий тилидан қуйидаги маълумотни зикр этади: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобимни Масжидул Ҳарамда тасниф қилдим. Бу китобга киритилган ҳар бир ҳадисни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб, икки ракат намоз ўқиб, унинг саҳиҳлигига аниқ ишонч ҳосил қилганимдан кейин киритдим”, – деб айтаётганини эшитдим, – дейди”.

Шу билан бирга, Бужайрий Абу Маҳмуд Муҳаммад ибн Муовия, имом Доримий, Абд ибн Ҳумайд Кеший каби кўплаб машҳур муҳаддислардан таҳсил олиб, улардан ҳадислар ривоят қилган.

Олим кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. У зотдан Бухоро, Самарқанд, ва Шошга мансуб бир қанча олимлар, хусусан, Муҳаммад ибн Собир Бухорий, Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший, Абул Фазл Яҳё ибн Аҳмад Аздий Самарқандий таҳсил олган ва ҳадис ривоят қилганлар. 

Зириклий “ал-Аълом” асарида таниқли олим Заҳабийнинг: “Абу Ҳафс Бужайрий бошқалар жамламаган китобни жамлади, мен у зотдан олтмиш мингдан ортиқ ҳадис эшитганман”, деган сўзини зикр қилган.

Абу Бакр ибн Абу Усмон айтади: “Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайрнинг ҳузурига бордим ва ундан (ҳадис) ёзиб олдим. Сўнг унинг ёнидан кетдим ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Хузайманинг олдига келдим. У менга: “Ибн Бужайрнинг ҳузурига боришга сени нима ундади? Ундан нимани истифода этдинг?” деди. Унга ёзиб олган ҳадисимни айтдим. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ менга Ибн Бужайрнинг ҳузурига сафар қилишга имкон берганида мана шу ҳадис учун унинг олдига борган бўлардим”, деди”.

Хатиб Бағдодий айтади: “Осорлар ҳақида аҳли маърифатлардан эди. Ўз юртининг бир неча олимлари ундан ривоят қилганлар”.

Ибн Малука айтади: “Хуросон имомларидан, ҳадислар эшитиб, уларни ривоят қилган. Бир неча китоблар ёзган. Саҳиҳи Бухорий ҳадисларини тахриж қилган”.

Манбаларда олимнинг Фотиҳа ва Бақара суралари тафсири, имом Бухорий ҳадисларини тахриж қилган “ал-Жоме ал-Муснад”, қолаверса “Китоб ас-Сафина” номли асарлар ёзиб қолдиргани ҳақидаги маълумотлар зикр этилган. 

Айрим манбаларда унинг “ал-Жоме ал-Муснад” ва “ал-Мустахраж ала Саҳиҳ ал-Бухорий” асарлари алоҳида мустақил асарлар сифатида кўрилса, бошқа манбаларда уларнинг айнан бир асар экани таъкидланади. Олим асарларининг таҳқиқини амалга оширган замонамиз тадқиқотчиларига кўра бу икки ном ҳам бир асарнинг турли номлари ҳисобланади. Хусусан, Мадина ислом университети устози Муҳаммад ибн Бакр Оли Ибод Бужайрийнинг “ал-Жоме ал-Муснад ал-мустахраж ала Саҳиҳ ал-имом ал-Бухорий” ва “Тафсир” китобларини жамлаб нашр эттирган. Шунингдек, Муҳаммад ибн Али Азҳарий “ал-Жоме ал-Муснад” асарини қўлёзма нусхалар асосида таҳқиқ қилиб, “ал-Мустахраж ала Саҳиҳ ал-Бухорий ва ал-мусамма ал-Жоме ал-Муснад” номи остида икки жилдда унинг замонавий нашрини амалга оширган.

Мустахраж туркумидаги асарда муаллиф ўзи тадқиқ қилаётган асар соҳибидан ривоят қилинган ҳадиснинг ўзи орқали ривоят қилинган санадини зикр қилади. Масалан, Бужайрийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асарига ёзган мустахраж асарида имом Бухорий ривоят қилган ҳадиснинг ўзига етиб келадиган бошқа йўлини зикр қилади. Санад силсиласини имом Бухорий ва ўзи бирлашадиган шайхга қадар етказади.

Бужайрийнинг мазкур асари “Саҳиҳи Бухорий”га ёзилган илк мустахраж асар ҳисобланади. Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида асарнинг биргина тўлиқ бўлмаган қўлёзма нусхаси сақланади. Асарнинг бош ва охирги қисмлари мавжуд эмас. Қўлёзманинг сақланган қисми ғазотлар боби билан бошланиб, Қуръон фазилатлари боби билан якунланган. Умумий ҳисобда “Саҳиҳи Бухорий” тўпламининг 4428–5062-ҳадисларини қамраб олиб, 635 ҳадисни ўз ичига олади. Бу эса “Саҳиҳи Бухорий” ҳадисларининг 8% демакдир. Ундаги ҳадисларнинг олий санад билан ривоят қилингани асарнинг аҳамиятини кўрсатади. Муаллиф баъзи ҳадисларни имом Бухорий билан бир шайхдан ривоят қилган бўлса, баъзи ҳадисларни фақат ўзи ривоят қилган.

Муҳаддис Умар Бужайрий Самарқандий 923 йили 85 ёшида вафот этган.

 

Қўшимча малумот

Имом Бухорий
Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Бардазбеҳ Абу Абдуллоҳ Жуъфий. Муҳаддис, муаррих, ҳадис илмида мўминлар амири....
ИМОМ ДОРИМИЙ
(798–869) IX асрда фаолият юритган самарқандлик муҳаддислардан Имом Доримий ҳадис илмида алоҳида ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ...
АБДУЛҲАМИД КЕШИЙ
Мовароуннаҳрда тафсир илмининг кенг ривож топганини маҳаллий муфассирларнинг илмий мероси ҳам исботлайди. Булардан бири “Абд ибн Ҳумайд” номи билан машҳур...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry