30.03.2021
446

МУҲАММАД ЗОҲИД КАВСАРИЙ

(1879-1952) 

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий 1879 йил 16 сентябрда Туркиянинг Дузжа вилояти Ҳожиҳасан қишлоғида туғилган. Унинг келиб чиқиши черкес оиласига мансуб бўлган. Отаси Ҳасан Ҳилмий афанди 1831 йил Кавказнинг Шабзарида туғилган бўлиб, мударрис сифатида фаолият кўрсатган. У 1863 йил Кавказнинг Чор империяси томонидан босиб олиниши натижасида оиласи ва талабалари билан биргаликда Дузжа вилоятига кўчиб ўтиб, у ерда ўз номига қўйилган Ҳожиҳасан қишлоғига жойлашган. У ерда нақшбандия тариқати халифаларидан шайх Давлатга қўл бериб, ўзи ҳам 1865 йил халифалик рутбасига эришган. 1867 йилдан Ҳожиҳасан қишлоғидаги мадрасада иш фаолиятини бошлаган. 1870 йил Истанбул шаҳрига бориб, у ерда Аҳмад Зиёвуддин Кумушхонавийнинг дарсларида қатнашиб, ундан “Далоил ал-хайрот” асари бўйича ижоза олган. Кейинги йил эса Ҳижозга бориб, у ерда нақший шайхларидан Мусо Маккий билан учрашиб, ундан хилофат ижозасини олган. Дузжага қайтиб келгач, Ҳасан Ҳилмий афанди мадрасада талабаларга дарс бериш билан шуғулланиб, 1926 йил, қарийб юз ёшда вафот этган.

Зоҳид Кавсарий дастлабки илмни отасидан олган. Сўнгра Дузжадаги Рушдия мактабида муфтий Ҳусайн Важиҳ афанди қўлида давом эттирган. 1893 йил Истанбулга бориб, у ерда Қозиаскар Ҳасан афанди Дорул ҳадис мадрасасида таълим олган. У мадраса ҳамда Фотиҳ масжидида ташкил этилган кўплаб илмий мажлисларда иштирок этган. Кавсарийнинг таъкидлашича, унинг илмий қарашларининг шаклланишида Али Зайнулобидин афанди ва Иброҳим Ҳаққи афандиларнинг таъсири катта бўлган. У Истанбулда ўн йил таълим олиб, 1904 йил мадрасани тамомлаган, 1906 йил эса дарсиом унвонига эришган.

Зоҳид Кавсарий Фотиҳ масжидида мударрислик фаолияти давомида мадрасаларни ислоҳ қилиш учун тузилган комиссия таркибига киритилган. У Кастамону шаҳрида очилган янги мадрасада ҳам уч йил хизмат қилган. Кавсарий биринчи жаҳон урушидан кейин Сулаймонияда мадрасатул мутахассисин мударрислигига тайинланган. 1919 йил шайхулислом вакиллиги мақоми бўлган дарс ваколати лавозимига тайинланган, бироқ бир муддат ўтиб ушбу вазифадан озод этилган. 

Зоҳид Кавсарий ҳаёти давомида Иттиҳод ва Тараққий жамиятига мансуб давлат, сиёсат ва фикр одамларига мухолиф бўлиб яшаган. У 1922 йил ўзини озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарилганини эшитгач, Мисрга йўл олди. Аввал Искандарияга, сўнгра Қоҳирага ўтди. Искандариядан Байрутга, у ердан Шомга борди. Шомда Дорул кутуб аз-Зоҳирия кутубхонасида қўлёзма асарлар устида тадқиқотлар олиб борди. 1926 йил Қоҳирага қайтиб, ал-Азҳарда таҳсил оладиган турк талабалари яшайдиган Тақиййат ал-Атрок Абу аз-Заҳаб номли таккада истиқомат қила бошлади. 1928 йил илмий талабида иккинчи бор Шомга сафар қилган бўлса-да, у ерда ўзига муносиб давра топа олмай, кейинги йил яна Қоҳирага қайтди. Қоҳирада Дижвий, Муҳаммад ибн Жаъфар Каттоний ва Аҳмад Рафиъ Таҳтовий каби олимлардан ислом илмлари бўйича ижоза олди. Бирор даромад манбаи бўлмагани сабабли моддий қийинчиликларга дуч келишига қарамай, таклиф этилган ёрдамларни қабул қилмаган. Туркча хужжатларни араб тилига таржима қилиш мақсадида Дор ал-муҳофазат ал-Мисрия идораси томонидан ўтказилган имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, маош олиб ишлай бошлади. Бу орада оиласини Истанбулдан олиб келтирди. У Истанбулда экан вақтида Ўғли ва бир қизи вафот этган бўлиб, Қоҳирага аёли ва икки қизи келди. Қизларидан Саниҳа 1934 йилда, Малиҳа эса 1947 йилда Қоҳирада вафот этди.   

Кавсарий Қоҳирада яшаган вақтида бир томондан ўз уйини мадрасага айлантириб, талаба етиштирган бўлса, иккинчи томондан кўплаб ислом илмларига оид асарларнинг илмий нашрини амалга ошириш билан машғул бўлди. Асосан Миср, Яман, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Малайзия, Сурия, Ироқ ва Туркия мамлакатларидан келган талабаларга ижоза берди. Абдулҳамид Кутубий Мисрий, Аҳмад Аванг Ҳусайн, Аласониялик Жамол Ўгут, Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, Аҳмад Ҳайри Пошо, Муҳаммад Рашод Абдулмутталиб, Абул Фазл ибн Сиддиқ, Али Улвий Куружу, Меҳмед Эҳсон Афанди, Мустафо Рунюн ва Муҳаммад Ҳусайн унинг шогирдларидан ҳисобланадилар. Шу орада Мисрдаги реформистик ҳаракатларга қарши кайфиятда бўлгани сабабли уни мамлакатдан чиқариб юборишга уринишлар кузатилган бўлса-да, шайх Абдулмажид Синдуний ва бир муддат вақф ишлари вазири бўлган ал-Азҳар шайхи Мустафо Абдураззоқнинг аралашуви билан бундан қутулиб қолди. Илмий фаолияти ва нашрлари билан эътибор қозонган Кавсарий Мисрдаги илм аҳли орасида алоҳида мавқега эга бўлди. Ал-Азҳарда ўқиган шогирдлари воситасида Ҳиндистон ва Покистондаги олимлар билан алоқа ўрнатиб, кенг илмий доира яратди. 1950 йил Демократик партиянинг ҳокимият тепасига келиши билан Туркияга қайтишни умид қилган бўлса-да, турли хасталиклар билан овора бўлиб қолди ва 1952 йил 11 августда ватан ҳасратида Қоҳирада оламдан ўтди. Ортидан аёли ҳам дардга чалиниб, Туркияга қайтди ва беш йилдан сўнг у ҳам вафот этди. 

Қарашлари. Сўнги даврларда ислом илмлари ривожига катта ҳисса қўшган танқидчи ва тадқиқотчи олим Зоҳид Кавсарий мазҳабга эргашиш ва мухолиф мазҳаб вакилларини танқид қилишда қатъий ҳаракат қилган. Мисрда ёзган китоб ва мақолаларида ислом динига зид бўлган янги тушунча ва фирқаларни қоралаган ҳамда ижтимоий-диний масалалар билан шуғулланган. У аҳли сунна мутакаллимларини танқид қилганларга мухолиф бўлиб, ўз қарашларини қатъий ҳимоя қилди. Ақидада мотуридийлик тарафдори бўлган Кавсарийнинг каломга доир асосий қарашлари қуйидагилардан иборат: аҳли суннага кирувчи мотуридия ва ашъария мактаблари кўплаб масалаларда муштарак қарашларни илгари сурган, уларнинг орасидаги фарқлар жуда оз, шу сабабли икки мазҳабни бир-бирига яқинлаштиришга уриниш маънисиз, мазҳабсизлик эса динсизликка олиб борувчи бир йўлдир. Диний ҳукмларни ҳаётга татбиқ этиш учун мазҳабга эргашиш мажбурийдир. Салафия (Хашвия) эса салаф мазҳабига мансубликни даъво қилувчи ва калом илмидан бехабар аҳли ҳадис гуруҳининг мазҳабидир. Ушбу мазҳаб ташбиҳ ва тажсимга олиб борувчи эътиқодларни ўз ичига олгани учун аҳли суннага кирмайди. Исботи вожиб масаласида Қуръони каримда келган далиллар таржиҳ этилиши лозим. Чунки бу далилларда мушоҳадага, шуурли ва шуурсиз барча борлиқларнинг ўз-ўзидан вужудга келишининг имконсиз эканига диққат қаратилади. Аҳли сунна мутакаллимлари ва мўътазилийлар ўртасидаги илоҳий сифатларга боғлиқ қаршлардаги фарқлар нисбий бўлиб, муҳим эмас. Ибн Таймиянинг илоҳий каломни қадим, ҳарф ва товушлардан ташкил топган каломни эса ҳодис ва зоти билан қоим деб қабул қилиши ҳодисларнинг Аллоҳнинг зотига нисбат бериш маъносига келади, бу эса имконсиздир. Наслардаги Аллоҳга изофа этилган ва унга ҳаракат, макон, жиҳат, махлуқотларга хос хусусиятларни нисбат берган лафзларни мутлақо таъвил қилиш лозим. Буларни таъвил қилмаганлар мушрик ҳисобланадилар. Шу сабабдан Ибн Ҳузайманинг “Китоб ат-тавҳид” асари ширк китобидир. Аҳмад ибн Ҳанбал салафийлар даъво қилганидек, ташбиҳ ва тажсимни қабул қилмаган, аксинча, хабарий сифатларга оид баъзи насларни салафлар қилганидек, ижмолий таъвилга боғлаган. Қадарга имон инсоннинг амалларни мажбурият остида бажариши маъносини бермайди. Акси тақдирда инсоннинг иродаси ўзи масъул бўлган феълларда қадарнинг бир парчаси ҳолига келиб қолади. Тавассул насларга асосланган амалиёт бўлиб, уни ширк сифатида қабул қилиш ахмоқликдир. Инсоннинг ўз феълларини ўз иродаси билан амалга ошира олмаслигини ифода этган баъзи ҳадислар феълларнинг иродий эканини таькидлаган оятларга зид келгани учун заиф ҳисобланади. 

Зоҳид Кавсарийнинг Ибн Таймияга ва унинг шахси билан салафийларга қарши чиқишида Ибн Таймиянинг Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиё орқали тавассул қилганларни мушрик деб ҳисоблаганининг таъсири бўлиши мумкин. 

Ҳадис бобида ажралиб турган Зоҳид Кавсарий йигирмага яқин ҳадис китобларини устозларида ўқиб, ривоят ижозасини олди. Абу Ҳанифанинг ҳадис тушунчасига оид танқидларга жавоб сифатида қаламга олган “Таъниб ал-хатиб” ва “ан-Нукат ат-тарифа” номли асарлари катта шов-шувларга сабаб бўлган, унга раддиялар ёзилган. Кавсарий уларнинг бир қисмига жавоб ҳам ёзган. Ҳадисга доир бошқа асарлари унинг рижол илмидаги салоҳиятини намоён қилади. Унга кўра, оҳод даражасидаги ривоят агар Қурьоннинг умумий маъносига ва ақлга тўғри келмаса, у тарк этилади. 

Зоҳид Кавсарий илмий шахсиятида тасаввуфнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Отаси нақший шайхлари орасидан жой олгани каби ўзи ҳам кастамонулик нақший шайхи Ҳасан Ҳилмий афандига мурид бўлган. Кавсарийнинг фикрича, ҳавои нафс исканжасида қолган инсонлар қудсий олам билан алоқаси бўлган комил муршидларнинг иршод ва ёрдамига муҳтождирлар.  Тавассул жоиздир, чунки тавассул қилинган кишилар руҳларини поклаганлари учун улар маънавий тасарруфга эга ҳисобланадилар. Уларнинг ушбу сифатлари вафотларидан кейин ҳам давом этади. ХХ асрнинг мотуридия мужаддиди сифатида танилган Зоҳид Кавсарийнинг қарашлари Мисрда ва бошқа ислом ўлкаларида диний баҳсларга сабаб бўлган, уни танқид қилганлар ҳам, унга тарафдорлик қилганлар ҳам бўлган. Миср муфтийси Муҳаммад Баҳит унинг қарашларини энг кўп ҳимоя қилганлардан бири эди. Кавсарийнинг инсон ирода эркинлигига эга экани ҳақидаги қарашларини танқид қилганларнинг бошида ўзи каби Истанбулдан Мисрга келиш мажбуриятида қолган усмонийлар шайхулисломи Мустафо Сабрий Афанди туради. 

Асарлари. 1. Ал-Истибсор фит-таҳаддус ъанил жабр вал-ихтиёр. Инсоннинг ирода эркинлигига эга эканини исботлаш мақсадида ёзилган ушбу асарда Мустафо Сабрий афандининг “Мавқиф ал-башар таҳта султон ал-қадар” номли китобидаги инсон феълларнинг жабр остида амалга ошишини илгари сурган қарашлари танқид қилинган. 2. Назра ъабира фи мазоими ман юнкиру нузула Ийсо алайҳиссалом қабл ал-охира. Бу асарда эса Маҳмуд Шалтутнинг Исо алайҳиссаломнинг ўлгани ва қиёматдан аввал ер юзига тушмаслиги борасидаги қараши рад этилган. 3. Мақолот ал-Кавсарий. Ушбу асар муаллифнинг шогирдлари томонидан жамланган турли мақолаларидан таркиб топган. 4. Ирғом ал-марид фи шарҳ ан-назм ал-ъатид ли тавассул ал-мурид. Асар Кавсарийнинг тасаввуфга оид қарашлари ва Нақшбандия тариқатига мансуб мовароуннаҳрлик ўттиз уч нафар сўфийнинг ва ўзининг биографиясини ўз ичига олади. Унга “ад-Дурр ан-надид” номли шарҳ ҳам ёзилган. 5. Маҳқ ат-тақаввул фи масъалат ат-тавассул. Тавассулнинг машруъ эканини исботлашга қаратилган рисола. 6. Таъниб ал-хатиб ъала ма соқаҳу фи таржамати Аби Ҳанифа мин ал-аказиб. Хатиб Бағдодийнинг Имом Абу Ҳанифа ҳақида илгари сурган айбловларига жавоб тариқасида қаламга олинган асар. Ровийлар ва ривоятларга оид баъзи мезонлар ўртага қўйилган мазкур асарга бир неча раддиялар ёзилган. Булардан Абдураҳмон Яҳё Муаллимий Яманийнинг “Талиъат ат-танқил лима варада фи Таьниб ал-Кавсарий мин ал-аботил” номли раддиясига Кавсарий ўзи “ат-Тарҳиб би нақд ат-таъниб” номли рисоласи билан жавоб берган ва Яманийни янги пайдо бўлган мазҳабсизлик оқимига нисбат берган. Яманийнинг бунга қарши ёзган “ат-Танқил лима варада фи Таъниб ал-Кавсарий мин ал-аботил” номли асари Кавсарийнинг вафотидан кейин Носируддин Албоний ва Муҳаммад Абдураззоқ Ҳамзалар тарафидан баъзи ҳавола ва таълиқлар билан бирга нашр қилинган (Қоҳира/1386, ар-Риёд/1983, 1986). Муҳаммад Абдураззоқ Ҳамза Кавсарийнинг Яманийга қарши қаламга олган раддиясига “ал-Муқобала байн ал-ҳуда ваз-золал: Ҳавла Тарҳиб ал-Кавсарий би нақди Таънибиҳи” номли китоби билан жавоб қайтарган (Қоҳира/1370). 7. Ан-Нукат ат-тарифа фит таҳаддус ъан рудуди Ибн Аби Шайба ъала Аби Ҳанифа. Ибн Абу Шайба томонидан Абу Ҳанифанинг 125 та муҳим масалада саҳиҳ ҳадисларга мухолифлик қилгани ҳақидаги даъвосига қарши ёзилган. 

 

Қўшимча малумот

АБУ БАКР ИЁДИЙ
(ваф. 361/971 й.) Абу Бакр Иёдий иёдийлар сулоласининг вакили ҳисобланиб, Абу Аҳмад Иёдийнинг укасидир. Унинг “ал-Масоил ал-ашрия” номли асари машҳур...
АБУ АҲМАД ИЁДИЙ
Абу Аҳмад Иёдий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёдийнинг ўғли бўлган. “Дор ал-Жузжоня” мактабидан етишиб чиққан аллома Имом...
ҚИВОМУДДИН ИТҚОНИЙ
Олимнинг тўлиқ исми Қивомуддин Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Фаробий Итқоний бўлиб, у 1286 йилда Сайҳун дарёси...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry