30.03.2021
382

АЛОВУДДИН САМАРҚАНДИЙ

(ваф. 539/1144 й.)    

 Тўлиқ исми Абу Бакр Аловуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандий бўлган ҳанафий фақиҳининг ҳаётига оид маълумотлар кам учрайди. Баъзи манбаларда олим кунясининг “Абу Мансур” шаклида берилиши хато бўлиши мумкин. У ўз асарларидан бирида асосан Самарқандда илмий фаолият кўрсатган ҳанафий усул олими Абул Уср Фахрулислом Паздавий (ваф. 482/1089 й.)ни ўз устози бўлганини зикр қилган. Тарожим манбаларида унинг ҳанафий олими Абул Юср Паздавий (ваф. 493/1099 й.) ва мотуридий каломчиси Абул Муин Насафий (ваф. 508/1114)ларнинг талабаси бўлгани қайд этилган. Бу икки олим кўпроқ Бухорода дарс бергани маълум. В.Маделунг ушбу маълумотлар асосида унинг туғилган санаси 465/1073 йилдан кейин бўлиши мумкин эмас ҳамда у бир муддат Самарқандда турганидан сўнг Бухорога бориб, таҳсилини мазкур икки олимнинг ҳузурида тамомлаган, деган хулосага келган. Шунингдек, Маделунг унинг маълум вақт Онадўлида яшагани ва Кўняга борган бўлиши мумкинлигини ҳам билдириб ўтган.

Самарқандда у билан бирга таҳсил олган дўстлари орасида устозларидан Абул Юср Паздавийнинг ўғли Абул Маолий Аҳмад ибн Муҳаммад Паздавий, Фахрулислом Паздавийнинг ўғли Ҳасан ибн Али Паздавий ва Нажмуддин Насафийлар бўлгани зикр қилинади. Аловуддин Самарқандийнинг расмий вазифаларда ишлаганига доир маълумотлар йўқ, унинг кўпроқ мударрислик фаолияти ҳамда китоб ёзиш билан машғул бўлгани маълум. Унинг шогирдлари орасида қизи Фотима ва кейинчалик куёви бўлган Абу Бакр Косонийларни санаб ўтиш мумкин. Фотима отасининг “Туҳфат ал-фуқаҳо” номли асарини ёд олиб, отаси билан бирга фатво бера бошлаган. Самарқандийнинг қўлида узоқ вақт таҳсил олиб, унинг барча асарларини ўқиган Косоний устозининг асари асосида “Бадоъе ас-саноъе” номли машҳур асарни ёзган. Унинг бу ишидан мамнун бўлган устози қизи Фотимани унга турмушга берган, маҳр сифатида ушбу асарни қабул қилган ва мазкур никоҳдан кейин фатволар Самарқандий, Фотима ва Косонийнинг биргаликдаги имзоси остида чиқа бошлаган. “Ҳидоя” китоби муаллифи Бурҳонуддин Марғинонийнинг устози Зиёвуддин Муҳаммад ибн Ҳусайн Банданижий ҳам Самарқандийнинг талабаларидан бўлган. Замондошларидан Абдулкарим Самъоний ҳам Самарқандийнинг унга ижоза юборганини ва 539 йил жумодул аввал ойининг биринчиси (30 октябрь, 1144 йил)да Бухорода вафот этганини қайд этган. Вафот этган жойи билан боғлиқ ўзгача қарашлар мавжуд бўлмас-да, кейинги давр манбаларида вафот тарихи 538 ва 540 йиллар деб берилган ҳоллар ҳам учрайди. “Кашф аз-зунун”да келтирилган 552 ва 553 саналари эса Аловуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандийга тегишли экани маълум бўлмоқда.

Қорахонийлар даври Мовароуннаҳр ҳанафий олимларининг пешқадамларидан ҳисобланган Аловуддин Самарқандийни Самъоний мунозара, усул ва калом соҳаларида етук олим, Косоний эса зоҳид ва аҳли сунна раиси деб эътироф этади. Самарқандий ўз даврида ҳанафий мазҳабининг, айниқса, мазҳаб ичида классик ҳанафий усул ва фуруъ анъанасидан фарқли қараш ва ёндашувларга эга бўлган Мовароуннаҳр Самарқанд мактабининг энг улуғ намоёндаларидан бири сифатида қабул қилинган. Ҳанафий мазҳаби ичида Абул Юср Паздавий, Абул Муин Насафий, Аловуддин Самарқандий каби самарқандлик фиқҳ ва калом олимларининг қарашларини биринчи ўринга қўйган Самарқанд уламолари ҳоким мавқедаги ҳанафий усул анъанаси баробарида мотуридий усул анъанаси деб аташ мумкин бўлган янги усул тушунчасининг вужудга келишини таъминлаганлар. Хоҳ усул, хоҳ фуруъда бўлсин, ушбу анъанани ўзида энг яхши акс эттирган ва уни бугунги кунгача етказган матнлар Аловуддин Самарқандийга тегишлидир.

Асарлари. 1. Туҳфат ал-фуқаҳо. Ҳанафий адабиётида методи, систематикаси ва осон тушунилиши билан танилган муҳим фуруъ ал-фиқҳ китоби ҳисобланади. Қудурийнинг “ал-Мухтасар”ига таяниб ёзилган ушбу асар Қудурийда келмаган мавзуларни ёритиш, далиллар келтириш ва буларни тизимли равишда баён қилиш мақсадида қаламга олинган. Косоний ушбу асарнинг  мундарижа ва тартибини асос қилиб олган ҳолда “Бадоъе ас-саноъе фи тартиб аш-шароъе” номли асарини ёзган. “Туҳфа”нинг иккита алоҳида танқидий нашрлари амалга оширилган (Закий Абдулбар, Дамашқ, 1958; Байрут, 1984; Қатар, 1987; Мунтасир Каттоний – Ваҳба Зуҳайлий. Дамашқ, 1964). 2. Мезон ал-усул фи натоиж ал-ъуқул. Ҳанафий усул анъанасидан фарқли ва кўплаб мутакаллимлар қаламга олган усул асарларининг таълиф услубига мос таркиб ва метод билан ёзилган чинакам усул ал-фиқҳ китоби ва Абу Мансур Мотуридий бошлиқ Самарқанд ҳанафий-мотуридий мактабининг фиқҳий-каломий ёндашувларини ўзида акс эттирган энг муҳим матнлардан бири. Муаллиф муқаддимада ва матн ичида қайд этганидек, асарнинг муфассал ва мухтасар икки варианти бўлиб, бизга етиб келгани мухтасаридир (Закий Абдулбар. Давҳа, 1984; Абдулмалик Абдураҳмон Саъдий. Бағдод, 1987). 3. Шарҳ Таьвилот ал-Қуръон. Имом Мотуридий Қуръонга ёзган тафсирининг шарҳи. Асос эътиборидан Абул Муин Насафийнинг “Таъвилот” дарсларидаги тақрирлардан ташкил топган бўлса-да, асарнинг тартиби ва баёни Самарқандийга оиддир. Мотуридийлик таълимотининг муҳим манбаларидан саналган ушбу асарнинг турли кутубхоналарда қўлёзма нусхалари мавжуд (Сулаймония кутубхонаси. Ҳамидия, 176; Асад Афанди, 48; Жоруллоҳ Афанди, 51; Тошкент Шарқшунослик институти, 3155, 3249).

Булардан ташқари Самрақандий ўзининг “Туҳфат ал- фуқаҳо” асарида “ал-Мабсут” ва “Шарҳ ат-Таҳовий” номли асарларидан ҳам баҳс юритади. Шунингдек, манбаларда унга “Базл ан-назар”, “ал-Лубоб фи усул ал-фиқҳ”, “Мухталиф ар-ривоя”, “Шарҳ ал-жомиъ ал- кабир”, “Шарҳ Манзумат ан-Насафий”, “Изоҳ ал-қавоъид фи илм ал- муаммо” каби асарлар ҳам нисбат берилса-да, буларнинг Абул Лайс Самарқандий, Шайхулислом Баҳовуддин Али ибн Муҳаммад Самарқандий Исфижобий, Аловуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий каби муаллифларнинг асарлари билан адаштирилгани маълум бўлмоқда.

Қўшимча малумот

АБУ БАКР ИЁДИЙ
(ваф. 361/971 й.) Абу Бакр Иёдий иёдийлар сулоласининг вакили ҳисобланиб, Абу Аҳмад Иёдийнинг укасидир. Унинг “ал-Масоил ал-ашрия” номли асари машҳур...
АБУ АҲМАД ИЁДИЙ
Абу Аҳмад Иёдий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёдийнинг ўғли бўлган. “Дор ал-Жузжоня” мактабидан етишиб чиққан аллома Имом...
ҚИВОМУДДИН ИТҚОНИЙ
Олимнинг тўлиқ исми Қивомуддин Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Фаробий Итқоний бўлиб, у 1286 йилда Сайҳун дарёси...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry