06.02.2023
251

“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ

Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлиб, “Имом Мотуридий” номи билан машҳур бўлган. Имом Мотуридий Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний, Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий, Нусайр ибн Яҳё Балхий, Қозилар қозиси Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалардан таълим олган.

Имом Мотуридий шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этган. Улар: тафсир, усулул фиқҳ ва ақоид. Афсуски, Имом Мотуридийнинг асарларидан фақат учтаси бизгача етиб келган. Улар: “Мақолат”, “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот ал-Қуръон” номли асарларидир.

Имом Мотуридий ақида илми бўйича “Китоб ат-тавҳид” асарини ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг калом илмида шоҳ асари ҳисобланади. Чунки ушбу асарда унинг калом илмидаги ақидавий қарашлари ўз аксини топган. Яна бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шу туфайли “Китоб ат-тавҳид” асари мотуридия таълимотини билишдаги энг асосий манба сифатида эътироф этилганШунга кўра, кейинчалик ёзилган Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” ва Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби ақоидини баён қилувчи китоблар “Китоб ат-тавҳид” асари асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади. Имом Мотуридий бу асарида мутакаллимлар услуби ила аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилган.

Муаллиф ўз китобини ақидада тақлид қилиш ботил эканини баён қилиш билан бошлайди. Сўнгра маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритади. Тадқиқотчилар­нинг таъкидлашларича, Имом Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. У кишидан ўрганиб, кейин келган ҳаммалари бу борада сўз юритган.

“Китоб ат-тавҳид”ни мотуридия уламолари орасида биринчилардан бўлиб, Абу Юср Паздавий “Усулуд-дин” асарида ва Абу Муин Насафий “Табсиратул-адилла” асарида таъкидлаб ўтган ҳамда ундан иқтибослар келтирган. “Китоб ат-тавҳид” асари бир неча бор нашр этилган бўлиб, асарнинг биринчи нашри 1970 йил Байрутда “Дорул-машриқ” нашриётида Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан 412 саҳифада амалга оширилган. Фатҳуллоҳ Хулайф ушбу нашрни амалга оширишда Англиянинг Кембриж универ­ситети кутубхонасида сақланаётган қўлёзмадан фойдаланган. Кейинчалик Фатҳуллоҳ Хулайф нашри Туркиянинг Анқара шаҳрида қайта амалга оширилди.

“Китоб ат-тавҳид” асарининг мазмунига тўхталадиган бўлсак, ўз даврида ушбу асарга турлича муносабатлар билдирилган. Чунки асарнинг тили ва маънолари ниҳоятда мураккаб ҳолда ёзилган эди. Шунинг учун кейинчалик мадрасаларда ақоид илмини ўқитишда ушбу асардан фойдаланилмаган. Балки унинг мазмунини акс эттирган бошқа асарлардан фойдаланилган.

Асарнинг қийин тилда, мантиқ илмига асосланган ҳолда ёзилгани боис, уни кўплаб олимлар, ҳатто мотуридия уламолари ҳам танқид остига олган. Лекин бирортаси Мотуридийнинг асардаги ақидавий қарашларига эътироз билдирмаган. Абу Муин Насафий Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” номли асарига асосланиб шогирдларига дарс ўтган. Ушбу дарслар мобайнида “Табсиратул адилла” китоби таълиф этилди. Ушбу китобни “Китоб ат-тавҳид” асарига шарҳ десак ҳам бўлади. Зеро, бу китобда “Китоб ат-тавҳид”да ёзилган оддий халқ учун нотаниш баъзи сўзлар шарҳланган. Абу Муин Насафийнинг ушбу ҳаракати натижасида замонамизнинг айрим шарқшунослари уни мотуридия таълимотининг “ёритиб берувчиси” деб атаган. Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асари ҳозирги кунда ҳам калом илмини ўрганишда асосий манба ҳисобланади. Бу асарни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва халқимизни бу бебаҳо илмий меросдан баҳраманд қилиш бугунги куннинг талабидир. 

Имом Мотуридий тафсир йўналиши бўйича “Таъвилот ал-Қуръон” номли беназир асар ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларига ҳам раддия берувчи мўътабар асар ҳисобланади. Алломанинг бу китоби тафсир илмининг “тафсир бил маъсур” (муфассир Қуръон оятларини ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади) ва “тафсир бир раъй” (муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади) йўналишлари ўртасини жамлаган ҳолда ёзилган асардир. Унда асосан исломий ақидага нисбатан турли қарашлар баён этилиб, уларга мотуридия ақидаси асосида баҳо берилган. Бу китобни Имом Мотуридийнинг шоҳ асари деб аташ мумкин. 

Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган. Шу боис бу асарнинг бошқа бир номи “Таъвилоту аҳли сунна” (Суннат аҳлининг изоҳлари) деб номланади. Имом Мотуридий унда сунний ақидага таъвилда зид қарашларни рад этади ва Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. 

Мазкур китоб бизга тўлиқ ҳолда eтиб кeлган бўлиб, дунёнинг кўплаб қўлёзма фондларида унинг қўлёзма нусхалари мавжуд. Энг қадимий нусхаси Маккадаги “Мактабатул ҳарам ал-Маккий” кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланади. Бу асар бўйича бир неча бор тадқиқот ишлари олиб борилган ва нашр этилган. 

“Таъвилот ал-Қуръон”нинг қўлёзма нусхалари Миср, Макка, Дамашқ, Ҳиндистон, Туркия ва Тошкент кутубхоналарида сақланмоқда. Тошкент нусхалари тақрибан 700 йил бурун кўчирилган (Ш.Зиёдов, 2009). Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академия­сининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 5126 рақами билан сақланади. 1971 йили Қоҳирада Иброҳим Муҳаммад Авадайн ва Саййид Муҳаммад Авадайн китобнинг бир қисмини тадқиқ этиб, Фотиҳа сурасидан Бақара сурасининг ярмигача бўлган қисмини нашр қилган. 1983 йили Бағдодда Муҳаммад Мустафизурроҳман Фотиҳа сурасидан Бақара сурасининг охиригача бўлган қисмини босмадан чиқарган. 

“Таъвилот ал-Қуръон” 2005 йили Байрутдаги “Дорул кутубил илмийя” нашриётида иккинчи марта доктор Маждий Босалум томонидан тадқиқ қилиниб, ўн жилдда, 6230 саҳифада нашр этилган. Муҳаққиқ китобнинг биринчи жилдида беш бобдан иборат 348 саҳифалик муқаддима ёзган. Унда Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолияти, мазкур китобнинг ёзилиши ҳақида батафсил маълумот берган. Ушбу китоб 2005 ва 2009 йилларда турк олими доктор Бекир Тўпалўғли томонидан Истан­булдаги “Дорул мезон” нашриётида икки марта ўн саккиз жилдда нашр этилди.

Имом Мотуридийнинг бу тафсири ислом илмлари таълимотида маълум ва машҳур бўлиб, уламолар наздида бошқа бирор аввалги ва кeйинги тафсирлар унга тeнглаша олмаган. “Кашфуз зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа бу тафсир ҳақида Абу Муин Насафийнинг: “Таъвилот 
ал-Қуръон” – унга ҳеч бир китоб тенг кела олмайдиган асардир. Бу фан бўйича ундан аввалгилар ёзган китобларнинг бирортаси ҳам унга яқин кела олмайди”, деган таърифини келтиради.

“Таъвилот ал-Қуръон” ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Бунга мотуридия уламоси Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асарида айтган қуйидаги сўзларни мисол келтириш мумкин: “Имом Мотуридийнинг Қуръонга ёзган тафсири барча мавҳум туюлган масалаларга аниқлик киритиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳали қора булутларни ҳайдовчи ҳамда ниҳоятда болиғ васф ила ёзилган асардир. Аллоҳ шундай китобни ёзган зотга ўз саломини йўлласин”

Имом Мотуридийнинг шу биргина асари узоқ тарих давомида кўплаб алломалар асарла­ри­га асос, ижодига туртки бўлган. Шулардан бири Абу Муин Насафийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳу таъвилоти аҳли сунна” деб номланиб, Шарқшунослик институти фондида бу асарнинг иккита нусхаси сақланади. Мазкур шарҳнинг бир қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси “Мадина” бўлимида 179–рақами билан сақланади. Яна бир нусхаси Ҳиндистондаги Xудобахш номли кутубхонада 
294–рақами остида сақланади. Бу йўналишда тадқиқот олиб борган доктор Айюб Али ушбу китоб Алоуддин Самарқандий томонидан Мотуридийнинг тафсирига ёзилган шарҳдир, деган хулосага келганАллома Алоуддин Самарқандий бу асарни “Таъвилот ал-Қуръон” китобидан дарс бериш жараёнида ёзиб борган ва саккиз жилдда жамлаган. Бу шарҳ қўлёзмаси ҳанузгача бирор ерда чоп этилмаган.

“Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва халқимизни бу бебаҳо илмий меросдан баҳраманд қилиш бугунги турли бузғунчи оқимларга қарши курашиш, ислом таъли­мотини фитна уюштириш мақсадида нотўғри талқин қилиш ҳолатларининг олдини олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан бу асарни ўзбек тилига таржима қилишдек шарафли ишга қўл урилди. Натижада бугун “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 30-жузи илк марта ўзбек тилида нашр этилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари эса, асарнинг 29-жузини таржима қилиб, ўзбек тилида чоп эттиришди.



Абдувоси Шоназаров, 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот 

маркази илмий ходими 

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...
МОТУРИДИЯ ТАФСИР МАКТАБИ АСАР ВА РАЪЙ УСУЛЛАРИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ
Исломий илмларнинг энг асосий соҳаларидан бири бўлган тафсир илмида бир неча мактаблар шаклланган бўлиб, улар асосан икки усулда иш кўргани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry