01.02.2023
172

МОТУРИДИЯ ТАФСИР МАКТАБИ АСАР ВА РАЪЙ УСУЛЛАРИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Исломий илмларнинг энг асосий соҳаларидан бири бўлган тафсир илмида бир неча мактаблар шаклланган бўлиб, улар асосан икки усулда иш кўргани кузатилади. Улардан бири асар ёрдамида тафсир қилиш бўлса, яна бири раъй билан тафсир қилиш[1] усули ҳисобланади. Бу икки мактабни нақлга таяниш ва ақлга таяниш мактаблари деб ҳам номлаш мумкин. Тафсир уламолари асосан шу икки усулнинг бири билан тафсир қиладиган икки тоифага ажралган. Аммо улар орасида на у ва на бу томонга тўлиқ мансуб бўлмаган ҳолда, нақлий ва ақлий далиллардан баравар фойдаланган муфассирлар ҳам бор.

Нақлга таяниш бу Қуръонни Қуръон билан ё суннат билан ёки саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари билан тафсир қилиш деганидир. Ақлга таяниш эса, муфассирнинг оятларни шарҳлашда кўпроқ ақлни ишга солиб, мантиқ ва ҳикмат билан тафсир қилишидир. Ақлий тафсирнинг бир қанча шартлари бўлиб, уларни қисқа қилиб қуйидагича баён етиш мумкин:

Муфассир лафзнинг зохирий маъносини олмай, мажозга йўйиши учун, албатта, ўша лафзнинг ҳақиқий мазмунини олишга тўсиқ бўладиган ва мажозни кўтара оладиган қатъий далиллар собит бўлиши керак[2].

Мана шу асосий қоидага амал қилинмаган ўринларда айрим муфассирлар томонидан баъзи оятлар тафсирида хатоларга йўл қўйилганига мисоллар кўп[3].

Абу Мансур Мотуридий тафсир илмида ҳам нақл, ҳам ақл мактабларининг шартларини жамлаган. У ўз тафсирида ақлга таяниш билан бир қаторда асарга ҳам таянган. Бу ҳолат унинг барча асарларида кўзга ташланади. Имом Мотуридий фақат нақл чегарасида тўхташни ҳам, фақат ақлга шўнғишни ҳам хато деб билади.

Қуръонни Қуръон билан тафсирлаш. Имом Мотуридий баъзи оятларни бошқа оятлар ёрдамида тафсир қилади. Масалан, “يَعْلَمُ سِرَّكُمْ وَ جَهْرَكُمْ” – “У (Аллоҳ) сир тутгану ошкор қилган нарсаларингизни билур”[4] (Анъом, 3) оятининг тафсирида шундай дейди: “Айтилганки, сирингизни – қалбларингизда яширганингизни ва ошкорангизни – гапирганингизни билади ҳамда касб қилган нарсаларингизни – аъзоларнинг феълларини билади. Аллоҳ бунинг ҳаммасини билишини хабар берди ва У зот буларнинг ҳаммасини ҳисоблашини одамлар билишларини ирода қилди”.

Имом Мотуридий ушбу оятни Бақара сурасининг 284-ояти билан шарҳлаган:

وَإِن تُبْدُواْ مَا فِي أَنفُسِكُمْ أَوْ تُخْفُوهُ يُحَاسِبْكُمْ بِهِ اللهُ

Ичингиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур”.[5]

Қуръонни суннат билан тафсирлаш. Имом Мотуридий Қуръон тафсирида, албатта, суннатга таянишни ҳам асос қилади. У баъзи оятлар шарҳида мавзуга доир ҳадисларни мазмунан зикр қилади ва ровийлар билан ҳадислар матнига тўхталиб ўтирмайди. Масалан, Аъроф сураси 172-оят:

وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِن بَنِي آدَمَ مِن ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنفُسِهِمْ أَلَسْتُ بْرَبِّكُمْ

Раббингиз Одам ўғилларининг беллари (пушти камари)дан зурриётлари (руҳлари)ни олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди).

Имом Мотуридий ушбу оят тафсирида далил сифатида “Ҳар бир чақалоқ фитратда туғилади” ҳадисининг айнан шу бўлагини келтирган, холос.

Имом Мотуридий фақат қавлий суннатни далил қилиш билан чекланмасдан, феълий суннатдан ҳам далил келтирган. Масалан, Аъроф сураси 204-оят:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْءَانُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ

Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз![6]

Ушбу оятнинг тафсирида қавлий суннатлардан далил келтириш билан бир қаторда феълий суннатдан ҳам мисол келтирган. Шунингдек, ҳар иккисини ифодаловчи ҳадисларни ҳам келтирган. Жумладан, шундай дейди: Бу оят намозда имомнинг қироатини тинглашга амр бўлиши жоиз. Баъзилар хутба ҳолатида тинглашга амр бўлган ҳам дейдилар. Аммо тўғрироғи, бу оят намоз ҳақида нозил бўлган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда қироат қилсалар, муқтадийлар ҳам қўшилиб қироат қилар эдилар. Сўнг қўшилиб қироат қилишдан қайтариш ва имомни тинглашга амр сифатида ушбу оят нозил бўлди.

Абул Олиядан ривоят қилинади: “Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқисалар, орқаларидаги саҳобаларнинг ҳаммалари қўшилиб қироат қилар эдилар. Қачонки ушбу оят нозил бўлгач, улар сукут қиладиган бўлдилар”.

Ибн Аҳмардан қилинган ривоятга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида Воқеа сурасини ўқидилар. Ортларида яна бир киши шу сурани ўқиди. Пайғамбар алайҳиссалом намоздан фориғ бўлгач: “Бу сурани ўқишда ким мен билан низо қиляпти?” дедилар, “Мен, эй Аллоҳнинг Расули”, деди бир киши. Шунда Аллоҳ таолоҚачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутинглар ва сукут сақланглар” оятини нозил қилди.

Баъзилар ичида ўқийдиган кишини сукут сақловчи деб атайдилар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятини далил қиладиар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир айтсалар, такбир ва қироат ўртасида сукут қилардилар. Мен “Отам сизга фидо бўлсин, такбир ва қироат орасидаги сукутингизда нима дейишингизни менга айтинг”, дедим. Шунда у зот: “Эй Аллоҳ, мен билан хатоларимнинг орасини мағриб ва машриқ орасини узоқ қилганингдек узоқ қилгин, дейман”, дедилар.

Кўриниб турибдики, Абу Мансур Мотуридий оятларни суннат билан далиллашда унинг барча – қавлий ва феълий турларидан кенг фойдаланади.

Қуръонни саҳоба ва тобеинлар сўзлари билан тафсирлаш. Имом Мотуридий ўз тафсирида саҳоба ва тобеинларнинг сўзларидан ҳам кенг кўламда фойдаланган. Жумладан, Анфол сурасининг биринчи ояти шарҳида ҳар икки табақадаги муфассирларнинг сўзларини келтиради:

يَسْئَلُونَكَ عَنِ الْأَنفَالِ قُلِ الْأَنفَالُ لِلَّهِ وَ الرَّسُولِ

Сиздан (эй Муҳаммад) ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбариникидир”.[7]

Абу Умома Боҳилий айтади: Убода ибн Сомитдан ўлжалар ҳақида сўрадим. У менга: “Биз – Бадр аҳли жамоаси ҳақида нозил бўлган. Ўшанда ўзаро ихтилоф қилиб, хулқларимиз ёмонлашган эди. Шунда Аллоҳ уни қўлимиздан Ўз Расулига олиб берди ва у зот баробар тақсим қилдилар”, деб жавоб берди.

Мужоҳид ва Икрима айтади: “Ўлжалар Аллоҳ ва Расулиники эди, сўнг шу сурадаги бошқа 41-оят билан бу ҳукм насх бўлди”.

Бундан ташқари, Имом Мотуридий бошқа ривоятларни ҳам келтиради ва турли эҳтимолларни зикр қилиб, тафсирдаги таъвилларда саҳоба ва тобеинларнинг сўзларига ҳам таянишни қабул қилади. Имом Мотуридий тафсирда ақлга кўп таянади. Бунинг сабаби, унинг илми Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу асос солган Ироқ мактабига бориб тақалади десак, тўғри бўлади. Ушбу мактабнинг давомчилари бўлмиш Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийлар ақлий-илмий мезонни исломий тараққиётнинг асоси сифатида кўришган. Имом Мотуридий эса, шу мактабнинг шогирди бўлсада, шунчаки тақлидчиси эмас, балки ўзига хос серқирра мужаддид ҳисобланади. Имом Мотуридий тафсирида ақлнинг иштирокини қуйидагича тақсимлаш мумкин: Оятлар таъвилида кўплаб эҳтимолларни келтириш: Имом Мотуридий оят тафсирида мумкин бўлган барча эҳтимолларни зикр қилади.

Ақидавий масалаларга диққат қилиш: Қайси бир оят ақида масаласига тааллуқли бўлса, Имом Мотуридий бу оятнинг тафсирида узоқ баҳс юритади. Ақлни ишлатишга ундаган оятларга аҳамият бериш: Имом Мотуридий, айниқса, инсон ақлига мурожаат қилинган оятлар ҳақида чуқур мушоҳада қилади. Шу каби оятлар тафсирида мумкин бўлган барча эҳтимолий жиҳатларни санаб ўтади ва асослашга ҳаракат қилади.

Абу Мансур Мотуридийнинг тафсир қилиш усуллари ҳақидаги хулосаларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, гарчи унинг ақидавий масалаларга оид оятларни шарҳлашда раъйга кўпроқ мойиллигини, муаммоларга ақлий асосларда ечим беришга алоҳида эътибор беришини мулоҳаза қиладиган бўлсак ҳам, умумий суратда унинг асар ва раъй ўртасида мезонни адолатли қўядиган муфассирлардан эканини, бу икки асосни доим бир-бири билан қувватлашини эътироф этиш лозим.

 

Фойдаланилган адабиётлар

Қуръони карим.

Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Тошкент: ТИУ, 2018.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим маънолари таржимаси”. 
–Тошкент, “Ҳилол нашр”, 2019.

Абу Мансур Мотуридий. Таъвилоти аҳли сунна. Маждий Босаллам таҳрири остида. 
–Байрут. Дорул кутубил илмийя, 1971.

Доктор Муҳаммад Иброҳим Шариф. “Буҳус фи тафсирил Қуръанил карим”.

Фозил Солиҳ Сомирроий. Ламасат баянийя фи нусусин минат танзил. 3-нашр. –Аммон, 2003

Муҳсин Мамадалиев,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

таянч докторанти

 

 


 

[1] Мотуридий. Таъвилату аҳли-с-сунна. Маждий Босаллам таҳрири остида. –Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1971. 1 жилд, –Б. 301.

 

[2] Доктор Муҳаммад Иброҳим Шариф. Буҳус фи тафсирил Қуръанил карим. –Б. 104.

 

[3] Ўша манба, –Б. 105.

 

[4] Абдулазиз Мансур . Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Тошкент: ТИУ, 2018.

 

[5] Ўша асар.

 

[6] Ўша асар.

 

[7] Абдулазиз Мансур . Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири,. –Тошкент: ТИУ, 2018.

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry