10.02.2023
173

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ

Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али Ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий  каби алломалар ва Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Умар Насафий каби мутакаллимлар етишиб чиқди.

Мовароуннаҳрлик ана шундай мутакаллим уламолардан бири Маҳмуд ибн Зайд Ломи­ший (ваф. мил. XII аср) бўлиб, у ўзининг “ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” асарида аҳли сунна ақидасини мотуридия таълимоти асосида ёритиб берган. Асарда ақида илмининг тавҳид, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, имон, рисолат ва нубувват, авлиёларнинг кароматлари, ризқ, шафоат, қазо ва қадар каби масалалари баён этилган.

Маҳмуд ибн Зайд Ломиший мотуридия таълимоти ва ҳанафий фиқҳининг машҳур вакил­ларидан бири сифатида эътироф этилса-да, олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти борасидаги маълумотлар алломалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган табақот туркумидаги китобларда жуда ҳам кам учрайди. 

Алломага берилган “Ломиший” нисбаси Фарғона водийсидаги “Ломиш” қишлоғи номи билан боғлиқ. “Ломиший” нисбаси билан яна икки шахс тарих китобларида келтириб ўтилган. Улардан бири Ҳусайн ибн Али ибн Абулқосим Ломиший бўлиб, Абдулҳай Лакнавий ўзининг “ал-Фавоид ал-баҳия” асарида у кишининг 441/1049 йилда Ломишда туғилгани, 515/1121 йилда Бағдодга сафар қилгани, мунозара илмида етук олим сифатида эътироф этилгани, 522/1128 йилда Самарқандда вафот этганини зикр қилган[1].

“Ломиший” нисбаси берилган иккинчи олим эса, Абу Абдуллоҳ Боласоғуний Ломиший номи билан танилган Муҳаммад ибн Мусо ибн Абдуллоҳ саналади.  Мазкур олим Шомда қозилик қил­ган. Ҳанафий мазҳаби, мотуридия ақидасини маҳкам тутгани ва адашган тоифаларга қарши қаттиқ туриши билан танилган. 506/1142 йилда Шомда вафот этганлар. Олимнинг яшаган даври ва фао­лият олиб борган ҳудуди Маҳмуд Ломишийдан фарқли бўлгани боис улар ҳақидаги маълумотлар тарих китобларда алоҳида зикр этилган ва қориштириб юборилмаган. Аммо Али ибн Абулқосим Ломиший ва Маҳмуд Ломиший айни бир даврда ва бир ҳудудда яшаб, фаолият олиб борганлиги сабаб улар ҳақидаги маълумотлар ўзаро қоришиб кетган. Бундай ҳолатларни Абулқосим Ломиший вафот этган санани Маҳмуд Ломишийга нисбат берилган асарларнинг қўлёзма нусхаларида, шунингдек, Маҳмуд Ломишийга тегишли иборалар Абулқосим Ломишийнинг “Воқеъот 
ал-фатаво”, “Усул ал-фиқҳ” каби асарларида учрашида кузатиш мумкин. Шундай ҳолатлардан бири Маҳмуд Ломишийга тегишли “ат-Тамҳид” асарининг “Лолали” нусхасида хам учрайди. Унда асарни кўчириб ёзган шахс томонидан алломанинг исми-шарифи “Аш-шайх ал-имам ал-ажалл аз-заҳид Абус-сано Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший” тарзида келтирилади. Сўнгра олимнинг ҳижрий 
522 йилнинг рамазон ойида 81 ёшда оламдан ўтгани таъкидланади. Олимнинг вафотига доир юқорида келтирилган маълумот Маҳмуд Ломишийга эмас, балки Абулқосим Ҳусайн ибн Али Ломишийга тегишлидир. 

Ҳанафий мазҳаби олимлари таржимаи ҳолларига оид табақот китобларида Ломиший ва унинг илмий мероси ҳақида қисқача маълумотлар келтирилган. Жумладан, Қураший (ваф.775/1334) “Жавоҳир ал-мудия фи тобақот ал-ҳанафия” асарида  Ломишийни “Маҳмуд ибн Зайд Ломиший” исми билан зикр қилиб, унинг 40 саҳифалик усулул-фиқҳ илмига оид “Муқаддима” номли асари борлигини  қайд  этади[2].

Ломиший ҳақида зикр этилган яна бир манба Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун” асари бўлиб, унда олимнинг исми “Имом Бадруддин Маҳмуд ибн Зайд Ломиший” шаклида зикр этилган. Аммо Ломишийнинг ҳаёти, вафот этган йили, асарлари борасида маълумот берилмаган.

Ибн Қутлубуғо ҳам “Тож ат-тарожим” асарида Маҳмуд ибн Зайд Ломишийнинг қирқ саҳифалик усул ал-фиқҳга оид асари мавжудлигини келтириб ўтиш билан чекланган.[3]

Бангладешнинг Дакка шаҳрида нашр этилган “ал-Будур ал-музия фи тарожим ал-ҳанафия” номли манбанинг 17-жузида Ломиший 5159 рақам остида зикр этилади. Асарда унинг исми “Аш-шайх ал-фазл Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший” тарзида келтирилади. Абдулқодир Қураший ўзининг “Жавоҳир” асарида олимнинг 40 саҳифалик усул ал-фиқҳга оид асари борлиги айтганини келти­риш билан чекланади.

Замонавий тадқиқотларда ҳам Ломиший ҳақидаги маълумотлар юқоридагилар билан чекланган. Олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида унинг мавжуд асарлари қўлёзма нусхала­ридаги маълумотларга асосланиб хулоса чиқариш мумкин. Чунончи, олимнинг Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад Абдулаълам томонидан кўчирилган “Китоб фи усул ал-фиқҳ” асари қўлёзмасида мазкур асар 534/1140 йилда ёзилгани қайд этилган. Олимнинг мазкур даврда ҳаёт эканлиги ҳисобга олинса, унинг яшаган даврини ҳижрий V аср охири ҳамда VI аср биринчи ярми билан чегаралаш мумкин.

Аллома Ломиший қаламига мансуб “Баён кашф ал-алфоз” асарини таҳқиқ этган Мустафо Чалабий унинг IV ҳижрий асрда яшаб ўтганини тахмин қилади. Бироқ Ломиший ўзининг “Тамҳид” асарида Абу Муин Насафийни (ваф. 508/1144) тўрт ўринда зикр қилганлиги, унинг “Табсиратул-адилла” асаридан бир неча ўринда иқтибос келтирганлиги ҳисобга олинса, Чалабийнинг мазкур фикри ҳақиқатга тўғри келмаслиги аён бўлади[4].

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Маҳмуд ибн Зайд Ломиший калом илми ўз тараққиётининг энг юқори босқичига кўтарилган даврда фаолият юритди. У буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотини ёйишда жонбозлик кўрсатди. “Китоб фи усул ал-фиқҳ”, “ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” каби асарлари билан ҳанафий мазҳаби фиқҳи ва мотуридия таълимоти ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Хусусан, алломанинг калом илмига оид асарида динда муҳим ўрин эгаллайдиган ақидавий масалалар Қуръон ва суннат асосида баён қилиниб, ҳар қандай даврда учраши мумкин бўлган адашган фирқа ва тоифаларга раддиялар берилган. Тўққиз аср илгари яшаб ўтган аждодимизнинг илмий мероси нафақат ўз даври учун, балки ғоялар кураши авж олган ҳозирги давр учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Бекзодбек Мухтаров,
ЎзХИА ҳузуридагиги Малака ошириш маркази
Ижтимоий ва мутахассислик фанлар
 кафедраси мудири
Абдулло Ғуломов, 
ЎзХИА мустақил тадқиқотчиси

 

 

 


 

[1] Ёқут Ҳамавий. Муъжамул-булдон. –Байрут: Дор содир, 1977. Ж.5. –Б. 8.

 

[2] Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя. –Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломийя, 1896.
 Ж.1. –Б. 262.

 

[3] Абдулфаттоҳ Муҳаммад Ҳалавий. Муҳйиддин ибн Муҳаммад Абдулқодир Ҳанафийнинг “Жавоҳир ал-мудийя фи табақот ал-ҳанафийя” асари тадқиқи. –Ар-Риёд: Дор ал-улум, 1993. Ж.4. –Б. 437.

 

[4] Абулфидо Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний. Тож ат-тарожим. –Байрут: Дор ал-қалам, 1992. –Б. 290.

 

Қўшимча малумот

“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...
МОТУРИДИЯ ТАФСИР МАКТАБИ АСАР ВА РАЪЙ УСУЛЛАРИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ
Исломий илмларнинг энг асосий соҳаларидан бири бўлган тафсир илмида бир неча мактаблар шаклланган бўлиб, улар асосан икки усулда иш кўргани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry