06.02.2023
203

“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган ҳолда бошқариладиган давлат ўрнини бюрократик бошқа­рув ти­зи­ми эгаллади ва асосан қабила аъзоларидан тузилган қўшин ўрнига ёлланма аскарлардан иборат қўшин келди. Aрабларнинг миллий устунлиги бошқа миллатларнинг, хусусан, эронликларнинг кучайиб бораётган таъсири билан алмаштирилди. Бироқ ўша пайтда мусулмон давлатининг ички қонунчилигида юз берган ўзгаришлар умуман тахмин қилинганидан анча мураккаб эди. Бу даврдаги жараёнларга оид қониқарли ечимни кутаётган кўплаб саволлар ҳали ҳам мавжуд.

Давлат ва жамият ҳаётида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва уларга ўзига хос ечим­ларни таклиф қилиш ислом мутафаккирларининг диққат марказида турган масалалардан бири эди. Шундай ислоҳотчи олимлардан бири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муқаффадир. Ибн Муқаффа бугунги кунда ҳам кўп сонли тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилаётган, илмий доиралар­нингқизиқишларига сабаб бўлиб келаётган “Рисола ас-саҳоба” асарининг муаллифи бўлиб, мазкур рисола ислом давлатчилигининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва молиявий жабҳаларида юзага келган муаммоларни кўрсатиб берган, уларга аниқ ечимларни таклиф қилган[1].

“Рисола ас-саҳоба” асари Ибн Муқаффа котиб сифатида хизмат қилган халифанинг баъзи қарин­дошлари буйруғига биноан ёзилган деган гаплар бор. Аммо ушбу тахминлар китобда тасдиқланмайди. Aксинча, рисоланинг муқаддимасида Ибн Муқаффа китобни ўз ихтиёри билан ёзганлиги аниқ кўрсатилган. Чунки халифани ҳеч қандай бўёқларсиз, маслаҳатлашишга очиқ, келажакка ишонч руҳи билан яшовчи ва ҳақиқий мусулмон бўлишини айтганидан сўнг, ушбу хусусиятларни халифага илғор маслаҳатлар бериш орқали янада рағбатлантириш лозимлигини таъкидлайди.

Асли келиб чиқиши форс зодагонларидан бўлган Ибн Муқаффа каби мутафаккирнинг араб халифасига тўлиқ сиёсий дастурни ишлаб чиқишга, айниқса, Aбу Муслим каби таниқли эронликларнинг ислом жамиятидаги таъсири туфайли ўлдирилган бир пайтда, қандай қилиб журъат этганини тушуниш жуда қийин. Бизнингча, “Рисола ас-саҳоба” халифалик фаровонлиги учун жиддий ташвиш туфайли тузилган бўлса-да, халифа Мансурнинг муаллифга нисбатан ғазабини уйғотган ва пировардида муаллифнинг ўлимига сабаб бўлган. Фақатгина сиёсий масалаларга кучли ва чинакам қизиқишгина тажрибали мутафаккирни эҳтиёткорликни четга суриб, ўзини ҳукмдор ўрнига қўйишга, тобе халқ вакили бўлишига қарамай, ҳукмдорга маслаҳат беришга ундаши мумкин эди[2].

Ибн Муқаффа “Рисола ас-саҳоба”да  кўриб чиққан биринчи ва асосий мавзу қўшин эди. Мусулмон салтанат учун ҳарбий ҳолат асосий ўринда бўлиб, қўшинни ислоҳ қилиш ва унинг моддий таъминотини кўтариш муҳим масалалардан ҳисобланган. Ибн Муқаффа қўшинни халқ ҳаётига нисбатан чуқур ҳурмат ғоясида бўлувчи, фазилат соҳиблари сифатида эътироф этади. Умавий­лар армияси ва биринчи аббосийларнинг хуросонлик қўшинлари ўртасида битта асосий фарқ бор эди: биринчиси табиий ва одатий алоқалар билан ўз ҳукмдорларига боғланган бўлса, хуросонийлар диний тарғибот туфайли аббосийларнинг тарафдорларига айландилар. Aйнан шунинг учун айтиш мумкинки, ўша пайтда “тўғри эътиқод” энг муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу ҳақиқатни Ибн Муқаффа ўз сиёсий дастурининг асосий манбаига айлантирди. Мутафаккир нотўғри эътиқодга эга бўлган қўшинларни ўз ҳукмдорлари қўл остидаги энг катта хавф деб ҳисоблайди. Ушбу хавфни енгиш учун Ибн Муқаффа ҳукмдор армиясининг зобитлари ва аскарлари томонидан қабул қилинадиган эътиқодни аниқ белгилаб берувчи ва ушбу эътиқодни қўллаб-қувватловчи далилларни ўз ичига олган қисқа, аммо тўлиқ механизмни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Қўшин Қуръони каримда ва оғзаки анъаналарда, шунингдек, асосий диний қоидаларда кўрсатилган ва халифа кўрсатган шахсий намунага асосан қатъий ҳаёт кечириши шартлигини кўрсатиб берди[3].

Ибн Муқаффа китобнинг асосий жойида қўшинга мунтазам тарзда таълим ва тарбия бериш заруриятини таъкидлайди. Халифа Мансур унинг мунтазам равишда диний таълим бериш орқали ўз соқчиларини тартибга солиш бўйича маслаҳатига қанчалик амал қилганини билмаймиз. Аммо кейинчалик, Низомул-Мулкнинг “Сиёсатнома” асаридан илҳомланган сомонийлардан тортиб, Миср мамлуклари ва усмонли яничарларига қадар диний билимлар ўз вазифаларини бажариш учун танланган қўшинларни тайёрлашнинг муҳим қисмини ташкил этди.

Ибн Муқаффанинг қўшин фаолиятини мувофиқлаштиришнинг маъмурий жиҳатлари ҳақи­даги сўзлари катта аҳамиятга эга. У халифага қўшиннинг ер солиғини ундириш билан шуғуллани­шига йўл қўймасликни қатъий тавсия қилади. Унинг фикрича, бу уларнинг маънавиятига путур етказади. Қўшиннинг солиқ йиғиш ишларига жалб этилиши ҳарбий касбнинг қадр-қимматига москелмайди ва фуқаролик хавфсизлиги учун хавфли ҳолат ҳисобланади[4].

Ибн Муқаффанинг ушбу асарни ёзишдан асосий мақсади давлатнинг тўғри сиёсат юрити­шини таъмин­лаш эди, бунга эса, табиийки, фақат тўғри ишлайдиган қонун тизими орқали эришиш мумкин. Сўз юритилаётган даврда мусулмон ҳуқуқи назарияда ҳам, амалда ҳам давлат қонуни даражасида бўлган, аммо халифаликнинг турли шаҳарларида ҳали ҳам ягона қонунчилик тизими амал қилмаган. Ибн Муқаффа нафақат Куфа ва Ҳира каби иккита шаҳар ўртасида, балки Куфанинг ўзидаги турли даҳалар ўртасида ҳам ҳукм сурган фуқаролик ва жиноят қонунчилигидаги энг асосий масалалар бўйича келишмовчиликларни, хилма-хилликларни аниқ тасвирлайди. Бундай чалкаш­ликларни ҳисобга олган ҳолда, муаллиф халифага суннат, ижмо ва қиёсга асосланган ҳолда яхлит қонунлар тўплами яратишни тавсия қилади. Қиёснинг асосий ўлчови эса, жамоат фаровонлиги ва тенглик бўлиши керак.

Ибн Муқаффа ҳукмдор томонидан тузилиши лозим бўлган қонунлар мажмуаси тўғрисидаги ғоясини қайси манбалар асосида илгари сурган? деган савол туғилиши мумкин. Aҳмад Aмин “Рисола ас-саҳоба”ни ўрганиш асносида қонунлар мажмуасини яратиш ғоясини, кодификацияни Форс империясининг анъанавий хусусияти ва Ибн Муқаффага таниш бўлган табиий ҳолат деб билади[5].

“Китоб ас-саҳоба”да бир қатор бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган бўлиб, шулардан Шом аҳолисига нисбатан юритилаётган сиёсат масаласига бағишланган бўлимда сиёсий донолик айниқса юқори даражада очиб берилган. Ушбу бўлимда халифаликнинг асосий даромад манбаи бўлган ер солиғини йиғиш бўйича қисқа, аммо жуда қизиқарли боб мавжуд. Ибн Муқаффа солиқ йиғувчиларнинг ўзбошимчаликлари ва шафқатсизликларини қоралайди. Солиқ йиғувчилар далаларини бўш қолдирган ер эгаларини дангасаликлари учун мукофотлайдилар, меҳнатсевар деҳқонлар эса, ғайратлари учун жазоланади. У ҳар бир ер участкаси учун тўланадиган солиқни бир марталик қилиб белгилашни таклиф қилади. Ҳар ким солиқ нима сабабдан ундирилаётганлигини аниқ билиши керак, акс ҳолда, солиқ йиғувчи унинг меҳнати самарасини ўғирлашини билиб, ҳеч ким ўз хўжалигига катта меҳнат сарфламайди. Агар бу тизим яхши ишласа, ҳам давлат, ҳам ер эгалари бюджетининг барқарорлиги учун кўпроқ ёрдам беради. Бу тизимнинг самарали фаолият кўр­са­тиши учун Ибн Муқаффа давлат томонидан солиқ сиёсатидаги барқарорлик ва қаттиқ назо­рат ўрнатилиши зарурлигини таъкидлайди.

Кўриб турганимиздек, Ибн Муқаффа “Рисола ас-саҳоба” мисолида халифани диний масалаларда энг юқори ҳокимиятга, шунингдек, мусулмон ҳуқуқи ва ақидасига риоя қилинишини назорат қилувчи одил ҳукмдорга айланишини кутган. Унинг таклифлари аббосийларнинг катта ғалабасига гувоҳ бўлган авлоднинг умидларини акс эттиради ва Пайғамбарнинг оиласидан чиққан халифалар томонидан ўрнатилиши лозим бўлган адолатли жамиятга бўлган халқ ишончини 
намоён этади.“Рисола ас-саҳоба”нинг аҳамияти шундаки, унинг муаллифи халифа қариндошлари билан яқин алоқаларидан тўлиқ фойдалана олган доно кузатувчиликдан ташқари, ислом жамияти дуч келадиган муаммоларнинг аксариятига нисбатан аниқ муносабатда бўлган. Асарнинг охирги хатбошисида халқни озиқ-овқат билан таъминлашдан кўра, унинг хулқ-атворини ислоҳ қилиш муҳимроқ вазифа эканлигини таъкидланиши ҳам мутафаккирнинг ислоҳотчилик фаолиятида маънавиятни биринчи ўринга қўйганлигини далиллайди. 

“Рисола ас-саҳоба” асарини таҳлил қилишдан келиб чиқадиган иккинчи асосий хулоса шундан ибо­ратки,  у давлатнинг юқори идораларига номзодлар ҳарбий зодагонлардан ёки ҳукмдор­лар­нинг атрофидаги яқин одамларидан эмас, балки шахсий фазилатлари ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёт­даги тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда танланиши лозимлигини кўрсатиб берди.

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Francesco Gabrieli. L’opera di ibn al-Muqaffa. Rivista degli studi orientali, 1932. 
  2. 2. Shelomo Dov Goitein. Studies in Islamic history and institutions. –Leiden: Koninklijke Brill NV incorporates the imprints Brill, Hotei Publishing. 2010.
  3. 3. A. Lambton. State and Government in Medieval Islam. An introduction to the Study Islamic political theory: the jurists. Oxford: Oxford University Press. 1981.
  4. 4. Аҳмад Амин. Зуҳа ал-ислам. –Қоҳирa: Мактабат ал-наҳда ал-Мисрийя. 1933.
  5. 5. Ибн Муқаффа. Асар ибн Муқаффа. (Рисола ас-саҳоба). –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя. 1989.

 

Сарвар Саидов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти, 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 


 

[1] Shelomo Dov Goitein. Studies in Islamic history and institutions. –Leiden: Koninklijke Brill NV incorporates the imprints Brill, Hotei Publishing. 2010.

 

[2] Francesco Gabrieli. L’opera di ibn al-Muqaffa. Rivista degli studi orientali. 1932. –Б. 197–198.

 

[3] A.Lambton. State and Government in Medieval Islam. An introduction to the Study Islamic political theory: the jurists. 
–Oxford: Oxford University Press, 1981.

 

[4] Ибн Муқаффа. Асар ибн Муқаффа. (Рисола ас-саҳоба). –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1989.

 

[5] Аҳмад Амин. Зуҳа ал-ислам. –Қоҳирa: Мактабат ал-наҳда ал-Мисрийя, 1933. 

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
МОТУРИДИЯ ТАФСИР МАКТАБИ АСАР ВА РАЪЙ УСУЛЛАРИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ
Исломий илмларнинг энг асосий соҳаларидан бири бўлган тафсир илмида бир неча мактаблар шаклланган бўлиб, улар асосан икки усулда иш кўргани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry