03.02.2023
205

ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО

Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмийдир.

Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хива шаҳрида дунёга келган. Унинг “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абул Жанноб”, “Валийтарош” каби лақаб, унвон ва кунялари бор. Фаридиддин Аттор авлиёлар ҳақида гапирар экан, уларнинг бир неча тоифага бўлинишини зикр этган. Жумладан, маърифат аҳли, муомалот аҳли, муҳаббат аҳли, тавҳид аҳли, мискин фақирлар аҳли ва бошқалар. Аммо шундай шайхлар борки, уларда санаб ўтилган тоифаларнинг бир қанчасининг сифатлари жамланган бўлади. Шайх Нажмиддин Кубро ҳам шундай инсонлар сирасига кирадиган муршид ҳисобланади.

Аҳмад ёшлигидан илмга қизиққан қобилиятли инсон бўлган. У шариат илмларини пухта эгаллаб, йигитлик палласида тенгқурлари билан бўлган барча баҳсларда ҳамиша ғолиб чиққани учун уни “Тамматул-Кубро” дея аташган. Кейинчалик “Кубро” сўзи лақаб бўлиб қолган. Бунинг ёнига “Нажмиддин” – “диннинг юлдузи” деган мартаба-унвон қўшилиб, Аҳмад ибн Умар шундан кейин Нажмиддин Кубро номи билан машҳур бўлиб кетади. “Абул Жанноб” сўзи эса Нажмиддин Кубронинг куняси бўлиб, мазкур сўзнинг маъноси дунёдан парҳез қилган тақводорнинг отаси деган маънони англатади. Бошқача айтганда, шайхнинг тақво ва тавба посбони эканлигига ишора. Абдураҳмон Жомийнинг ёзишича, Нажмиддин Кубро Искандария шаҳрида муҳаддис уламолардан ҳадис илмини ўрганиб қайтаётганида, йўлда бир кеча ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)ни тушида кўради ва ул зотга мурожаат қилиб: “Менга куня бағишланг”, дейди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Нажмиддинга: “Сенинг кунянг Абул Жанноб – дунёдан ижтиноб қилиб (четланиб), парҳез этувчи бўлади”, дея марҳамат қиладилар.

Айтишларича, Нажмиддин шу башоратдан кейин тасаввуфга юз буриб, ўзига муносиб пири муршид қидиришга киришади. “Валийтарош” лақабини олишининг сабаби, у тарбиялаган кўплаб муридларнинг валийлик даражасига етганидандир. Яъни бу сўзнинг маъноси “валийларни тарбияловчи” деганидир. 

Нажмиддин Кубро ўз юртида дастлабки илмларни олиб бўлгач, тахминан ўн олти, ўн етти ёшлигида Хоразмни тарк этиб, билимини ошириш мақсадида Эрон, Миср, Шом ва Ироқ мамлакатларида бўлиб, ҳадис ҳамда фиқҳ илми билимдонлари суҳбатида бўлади. Билимга чанқоқлигидан, қаерда номдор олимнинг овозасини эшитса, дарҳол йўлга тушар, қидирган кишисини топиб, ундан сидқидилдан сабоқ оларди. Устозидан кўнгли тўлмаган ҳолларда, ижозат олиб, яна йўлга тушган. “Насоимул-муҳаббат”да келтирилишича, Нажмиддин Кубро Ҳамадон шаҳрида машҳур муҳаддисдан ҳадис илмини ўрганаётган пайтида Искандария шаҳрида олий санадлар билан ҳадис биладиган муҳаддис борлигини эшитиб, Ҳамадондаги устозидан рухсат олади ва зудлик билан Искандарияга жўнайди. Бир ой давомида илмини ошириб, устоз алломадан “ижоза” хати олади ва орқасига қайтади.

Нажмиддин Кубро Бағдод, Табриз, Нишопур, Тус, Дизфул шаҳарларида ўз даврининг машҳур олимларидан фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмларини чуқур ўзлаштириб, донишманд инсон бўлиб етишади. Лекин эгаллаган билимларидан қониқмасдан, ўз қалбида кечаётган руҳий изтироб ва ғалаённи англашга ҳаракат қилган. Шариат илмларини эгаллаш баробарида, Нажмиддин Кубро тариқатдан хабардор бўлишга интилиб, қатор шайхлар суҳбатидан баҳраманд бўлади.

Унинг тасаввуфдан устозлари Шайх Рўзбеҳон Мисрий, Шайх Аммор Ёсир ва Шайх Исмоил Қасрийлар ҳам унинг тасаввуфга иштиёқи баландлигини англаганлар ва буни қўллаб-қувватлаганлар. Бироқ тасаввуфда риёзат чекмай, важдий ҳолатлар сирини кашф этмасдан, мақсадга эришиб бўлмаслигини инобатга олиб, улар зоҳирий билимларга маҳлиёлик кайфияти ва шу каби фикрларини бартараф этиб, уни хилватда ўтириш, муроқабага берилиш, янгича руҳий-ҳиссий ҳолатлар билан яшашга, янгича ҳаёт тарзини қабул қилишга ўргатадилар. Нажмиддин Кубронинг мазкур устозларининг барчаси Шайх Абулнажиб Суҳравардийнинг муридлари ҳисобланади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос жиҳатлари бўлиб, жумладан, Шайх Аммор Ёсир соликнинг “ноқисларни такмил этиш ва муридларни тарбиялашда, уларнинг тушлари ва фикрларини таъбир этишда, иккиланишларини бартараф этишда шуҳрат қозонган” бўлса, Шайх Рўзбеҳон Мисрий “аксар вақт истиғроқ (чуқур тафаккур) мақомида бўлиб”, важд ва илҳом ичида юрар, илоҳий маърифатдан завқи тошиб, бу ҳолатни муридларга юқтирарди. Шайх Исмоил Қасрий имо-ишоралар йўли билан мурид қалбини ром этиб, ботинини поклаш ва шу орқали илоҳиётга муҳаббатни сингдиришда машҳур бўлган. Ҳар учала шайх ҳам тариқатни шариатдан ташқари деб тасаввур қилмаганлар.

“Нажмиддин Кубро” номли рисолада Нажмиддин Кубронинг мазкур шайхлардан таҳсил олиш тартиби бироз бошқача баён қилинган. Нажмиддин дастлаб Мисрга бориб, Шайх Рўзбеҳон Мисрийдан, ундан сўнг Ҳамадонда Шайх Аммор Ёсирдан, охирида Исмоил Қасрийдан таҳсил олади. Таҳсили тугагач, Шайх Исмоил уни Хоразмга қайтиб бориб, у ерда тариқатни жорий этишни тавсия қилади. Шундан сўнг, Нажмиддин қайтиб Мисрга боради ва Рўзбеҳонга имтиҳон топшириб, “ижозат” хатини олгач, юртига қайтади. Бу ўринда Нажмиддин Кубро дастлаб қайси шайхнинг тарбиясини олган, деган масала муҳим эмас. Муҳими шуки, Нажмиддиннинг етук шайх бўлиб етишгани ва бунда мазкур уч инсоннинг хизмати катта.

1185 йилда Нажмиддин Кубро Хоразмга қайтар экан, у оламга бошқача назар билан қарайдиган, камолот мартабаси, дониш даражасига кўтарилган, фақат китоблардаги билимларни такрорлайдиган олимлар тоифасидан қутулиб, эркин-озод мушоҳада этадиган ва ҳикмат айта оладиган шайх мартабасида кириб боради.

Нажмиддин Кубро юксак обрўга эга бўлса ҳам, камтарона ҳаёт кечирган. Унинг муридлари Эрон, Ўрта Осиё, Арабистон, Кавказ, Шом, Ироқнинг турли жойларидан келиб таҳсил олганлар. Исломшунос олим Нажмиддин Комиловнинг таъкидлашича, мўғуллар истилоси арафасида шайхнинг муридлари тўрт юздан ортиқ бўлган. Улар орасида номлари тарихда қолган, ўзлари ҳам катта шайх даражасига кўтарилган бир неча кишилар бор. Улар: Шайх Мажидиддин Бағдодий, Шайх Саъдиддин Ҳамавий, Шайх Сайфиддин Бохарзий, Бобо Камол Жандий, Шайх Ризоуддин Али Лоло, Шайх Нажмиддин Розий, Шайх Жамолиддин ва бошқалар. Бундан ташқари, Нуриддин Абдураҳмон Исфароиний, Абулмакорим Рукниддин Алоуддавла, Аҳмад ибн Муҳаммад Биёбоний ҳам бевосита бўлмаса-да, бироқ нисба бўйича Нажмиддин Кубро муридларидандир. Алишер Навоийнинг ёзишича, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад ҳам унинг муриди бўлган.

Номлари тилга олинган шайхларнинг ҳар бири тасаввуф тарихида ўз мавқеига эга, кўплари янги силсилани асослаганлар.

Нажмиддин Кубронинг Хоразмдаги сўнгги ҳаёти ўта оғир, шиддатли ва мураккаб шароитда кечади. Бу даврда мўғулларнинг Мовароуннаҳрга қилаётган ҳамлалари кучайиб, йирик шаҳарларни бирин-кетин беаёв босиб олаётган эди. 1221 йилда мўғуллар Хоразмга бостириб киради. Нажмиддин Кубро ватан ҳимояси вақтида шаҳид бўлади. Унинг мақбараси Кўҳна Урганч (Туркманистон)да жойлашган бўлиб, араб сайёҳи Ибн Баттута Хоразмга сафар қилганда, Урганч шаҳридан чиқаверишдаги зовияда Кубронинг мақбараси ва бошқа улуғларнинг мозорларини кўрганини ёзади.

 

Нажмиддин Кубро ўгитлари

Вақтни “эссиз”, “қанийди”, “кошкийди”лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умр экан.

***

Ё Ватан, ё шарафли ўлим!

***

Кўрдимки, умр ва дунёдан кўра тез шошилиб, йўқ бўлиб кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан.

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry