17.07.2023
255

ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда дунёга келган. 

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, унинг отаси имом Абдулжамил имом Молик авлодидан бўлиб, ўз даврининг зоҳирий ва ботиний илмларида донг таратган улуғ донишмандларидан бири эди. 

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ота-онаси асли рум (Византия)лик бўлиб, вазият тақозоси билан Мовароуннаҳрга кўчиб келган. “Матлабут-толибин” ва “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” асарларида зикр этилишича, Абдулжамил 113 ёшида ҳам фарзанд кўрмайди, узоқ йиллик илтижоларидан сўнг Аллоҳ таоло унга ўғил фарзанд ато этади.

Абдураҳмон Жомийнинг “Нафахотул-унс”, “Баҳористон”, Алишер Навоийнинг “Насойимул-муҳаббат” ва яна ўнлаб тазкира китобларида бошқа улуғ машойихлар қатори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳам юксак эҳтиром ила тилга олинган. Бу асарларда Хожаи Жаҳоннинг тутган йўли тариқатда ҳужжат ва намуна ҳисоблангани, ҳақ билан ноҳақни ажратувчи, адолатли кишилар наздида мақбул ва мўътабар экани, ҳамиша садоқат ва поклик йўлида юргани, шариат ва суннатга риоя қилиб, турли бидъату хурофотларга қарши тинимсиз курашгани қайд этилади.

У илк таълимни отасидан олган. Беш ёшга тўлгач, Бухоро олимларидан бири имом Садриддиндан Қуръони карим, тафсир илмларини ўрганади. Тўққиз ёшда Қуръонни ёд олади, ўн ёшидан бошлаб эса сўфийларнинг зикр мажлисларида иштирок эта бошлайди. Ёш Абдулхолиқда сўфийликка бўлган қизиқиш устози имом Садриддиндан таълим олган чоғлари янада ёрқинроқ намоён бўлади. 

Абдулхолиқ 22 ёшга тўлгач, Бухорога келган ўша даврнинг машҳур шайхи Хожа Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга шогирд тушади. Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг Абдулхолиқ Ғиждувонийдан ташқари, Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий каби ислом олами ва тариқат тарихида машҳур шогирдлари ҳам бўлган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Хуросонга қайтиб кетгунига қадар унинг хизматида бўлиб, хожагон тариқати усулларини мукаммал эгаллайди (хожагон тариқатини гарчанд Хожа Абдулхолиқ асослаган бўлса-да, унинг  уруғларини тасаввуфнинг йирик намояндаси, буюк олим Хожа Юсуф қадаган) ва кўп ўтмай ўзи ҳам йирик тасаввуф олимига айланади.

Юсуф Ҳамадоний Мовароуннаҳрдан Хуросонга қайтганидан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний бир муддат риёзатга берилиб, нафс тарбияси билан шуғулланади ва натижада, каромат соҳиби бўлган валий даражасига етишади. Бироқ валийлиги ва кароматларини бошқалардан яширади. 

Манбаларда келтирилишича, Хожа Юсуф Ҳамадоний ўлимидан олдин ўзидан кейин Хожа Абдуллоҳ Баррақий, ундан кейин Хожа Ҳасан Андақий, ундан сўнг Хожа Аҳмад Яссавий халифа (пирнинг ўринбосари даражасига етган мурид) бўлиши, Хожа Аҳмад Туркистонга кетгач эса унинг ўрнини Абдулхолиқ Ғиждувоний эгаллаши лозимлигини васият қилади. Ҳамадоний васиятига мувофиқ, Хожа Аҳмад Яссавий маълум муддат Бухорода тариқат раҳбарлигини қўлда тутгач, Яссига қайтаркан, устози васиятига биноан, муридларини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга топширади. Шундан сўнг Бухорода муршидлик қила бошлаган Ғиждувонийнинг муридлари сафига оддий халқ қатори, кўплаб амалдорлар, ҳатто Бухоро ҳукмдорларидан Муҳаммад Умар Садр ҳам қўшилади. Хожа Абдулхолиқнинг обрў-мартабаси фақатгина Ўрта Осиё ҳудуди билан чекланмайди, Шом диёрида ҳам у хонақоҳ барпо этиб, муридлар тарбиясига жиддий бел боғлагани қайд этилади.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг буюк хизмати – унинг янги бир тариқатга асос солгани билангина белгиланмайди. У Хожагон тариқати воситасида тариқатни Муҳаммад (с.а.в.) суннатларига мувофиқлаштирди, уни турли бидъат ва ботил қарашлардан тозалади. Шариатга амал қилиш, ундан чекинмасликни асосий қоидага айлантирди, таркидунё ва хилватни рад этиб, жамоатга қўшилишни шарт қилиб қўйди. Аллоҳ муҳаббати деб, дунёдан кечмасликка даъват этди. Ҳалол луқма – ҳар ким ўз меҳнати ортидан кун кўриши зарурлигини тариқатнинг асосий талаби, дея белгилади. Бу тариқат тақвони рўкач қилиб, ҳаддан ошишни маъқулламади. Ахлоқ масаласи қатъий қилиб қўйилди. Буларнинг бари тасаввуф тараққиётида муҳим ўрин тутди.

Баҳоуддин Нақшбандга нисбат берилувчи машҳур “Дил ба ёру даст ба кор!” – “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!” шиори ҳам ғоя сифатида дастлаб Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан илгари сурилгани бежиз эмас. Хожагон-нақшбандия тариқатининг ҳаётий шарт-шароитлар ва инсоний имкониятларни ҳисобга олиши унинг ҳамма замонлар ва барча табақалар талабига жавоб берадиган, замини мустаҳкам тариқат эканидан далолат беради. Шариат меъёрларига солинган, бидъат ва нуқсонлардан холи Абдулхолиқ Ғиждувоний йўлининг асрлар оша тариқатда ҳужжат ва мақбул йўл, деб эътироф этилаётгани, шунингдек, Туркистон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Ироқ, ҳатто Шимолий Африкада кенг тарқалгани ва ҳозир ҳам дунёнинг кўпгина мамлакатларида фаолият кўрсатаётгани сабаби айнан шунда. 

Абдулхолиқ Ғиждувонийдан бир неча ҳажман кичик асарлар қолган. Уларда хожагон-нақшбандия тариқатининг Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган давридаги – хожагония босқичидаги назарий асослар, жумладан, ўн бир қоидадан саккизтаси, сўфийлик мақомлари ва ҳоллари ҳамда тариқатдаги сўфийлар риоя этиши лозим бўлган шартлар ва одоб-ахлоқ мезонлари баён этилган. Мазкур асарлар қуйидагилардан иборат:

1. “Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний” (“Хожа Юсуф Ҳамадоний мақомлари”). “Рисолайи Соҳибия” (“Соҳибия рисоласи”) деб ҳам аталувчи ушбу асар аслида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг пири Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг ҳаёти, фаолияти ва ғояларига бағишланган бўлса-да, унда Ғиждувонийнинг насаби, таваллуди, ҳаёти ва фаолияти, жумладан, сўфийлик йўлига кириб, Ҳамадонийга шогирд тушиши тўғрисида ҳам маълумотлар келтирилган. 

2. “Одоби тариқат” (“Тариқат одоблари”). “Васиятнома” ва “Рисолайи васоё” (“Васиятлар рисоласи”) номлари билан ҳам машҳур бўлган бу асар Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг Хожа Авлиёйи Кабир номи билан машҳур бўлган ўз халифасига атаб ёзган насиҳатномаси бўлиб, унда тариқатда бўлиш одоблари баён этилган.

3. “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” (“Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг айтганларидан”). Номаълум муаллиф томонидан тартиб берилган ушбу асарда Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг сайру сулук (Худога етишиш мақсадида руҳий камолот сари йўл юриш) босқичлари ва шартлари тўғрисида айтган ҳикматли сўзлари баён этилган.

4. Рубоийлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний гўзал сўфиёна рубоийлар муаллифи сифатида ҳам машҳур бўлса-да, уларнинг жуда ҳам оз қисми – 15 та рубоий бошқа муаллифларнинг асарлари, жумладан, “Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий”, “Тазкирайи нақшбандия” тазкиралари ва бошқа асарлар таркибида бизгача етиб келган. 

Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1179 йили Ғиждувонда оламдан ўтади ва ана шу ерда, онаси қабрининг оёқ томонига дафн этилади. Унинг қабри ёнида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса ҳозирги кунгача сақланган.

Соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгач, Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига мадраса ва мақбара қурдиришни кўнглига тугади, аммо вафоти сабаб ниятига эриша олмайди. Мирзо Улуғбек бобосининг эзгу ниятини амалга оширади ва 1433 йили Ғиждувон шаҳрида “Улуғбек” номли мадраса, кутубхона ва тошҳаммом қурдиради. Бухоро амири Абдуллахон эса Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига масжид, минора ва ҳовуз барпо этади.

2003 йил Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг 900 йиллик таваллуди муносабати билан зиёратгоҳда кенг кўламли ободончилик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний қабри тепасида ўн устунли айвон янгидан барпо қилинди. Бу ҳазратнинг силсилаи шарифда ўнинчи ўринда турганининг рамзий белгиси эди. Мақбара ёнида бир минг беш юз кишилик жамоани ўз ичига оладиган янги жомеъ масжид қуриб берилди. Шўролар даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта очилди. Масжид ва мажмуа атрофида 4 гектарли кўркам хиёбон барпо қилинди. Бугунги кунда мўмин-мусулмон юртдошларимиз ҳамда чет эллик сайёҳлар учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар ҳозирланган.

 

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ўгитлари

Хоҳ ошкора, хоҳ пинҳона бўлсин, хоҳ Қуръонга қараб, хоҳ ёддан бўлсин, Қуръон ўқишни асло тарк этма. Қуръонни фикр билан, қўрқув ва йиғи билан ўқи. Барча ишларда Қуръонга ружуъ қилгилки, Қуръон халқ учун Ҳақ таолонинг ҳужжатидир.

* * *

Илм қидиришдан бир қадам ҳам узоқлашма, фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган. Тақлидчи сўфийлардан узоқ юргинки, улар дин йўлининг ўғрилари ва мусулмонларни йўлдан урувчилардир.

* * *

Ҳамиша суннатга амал қил, ўтмишдаги улуғ уламоларнинг мазҳаб (йўллар)идан юргинки, (диннинг аслларидаги) ҳар қандай бидъат макруҳдир. 

* * *

Аслида зуҳд шундайки, дунёнинг тамоми моли унинг қўлида бўлса ҳам, дилида молу дунёга заррача меҳр қўймайди. Бундай киши етукдир. Унинг моли диндур.

* * *

Сенга аҳли сунна вал жамоага эргашишни васият қиламан. Суннат йўлига қадам ташла. Сенга аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид ғоя беришса, у суннат ва жамоатга хилофдир. У – залолат (адашиш).

* * *

 Инсонлардан бирон нарса тама қилма! Жавонмард, сахий бўл. Аллоҳ таоло сенга инъом этган неъматлардан халққа эҳсон қил!.

* * *

Эй фарзанд! Мен сенга барча ҳолатларда илм, адаб ва тақвода бўлишингни васият қиламан. 

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО
Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмийдир.Нажмиддин...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry