18.07.2023
192

ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ

Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига тўғри келувчи Ревгар қишлоғида дунёга келган.  

Хожа Муҳаммад Орифнинг нисбаси турли манбаларда турлича келтирилган. Тадқиқотчилар Хожа Муҳаммад Орифнинг таваллуд топган қишлоғи номи Ревгар бўлгани, унинг ўзи “Орифнома” асарида нисбасини “Ревгарий” кўринишида келтирганидан келиб чиқиб, уни Ревгарий шаклида зикр этишади. 

Айтишларича, Хожа Ориф ўрта бўйли, ой юзли, катта кўзли, қошлари камон, бутун вужудидан мушку анбар ҳиди таралиб турарди. У бутун умр боғбонлик касби билан шуғулланган. 

Хожа Ориф Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси бўлиб, узоқ йиллар давомида Абдулхолиқ Ғиждувонийдан тасаввуф таълимотини ўрганган. Улар Ғиждувон ва Шофиркон ўртасидаги Рўйибинон қишлоғида учрашиб, суҳбатлашиб турган. Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси (ўринбосари) сифатида устози вафотидан сўнг хожагон силсиласини бошқарган. У “Силсилаи шариф”да ўн биринчи ҳалқанинг пири сифатида зикр этилади. Моҳитобон Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тоат-ибодати, маърифати ва риёзатлари моҳиятини теран англаб, уларни пухта ўзлаштирган ва устозининг таълимотини янада такомиллаштириб, инсонни қутқарадиган, гўзал фазилатлар ҳақида ўз қарашларини билдирган. Шунингдек, Хожа Ориф Ревгарий ўз қарашларини “Орифнома” асарида баён этиб, тасаввуф асосларини белгилаб берган. Унинг “Тадбирга боғлиқ, тақдирга мункир киши дўзахий, илоҳий тақдирга таслим бўлган киши эса жаннатийдир”, деган ҳикмати машҳур.

Хожа Ориф Ревгарий Абдулхолиқ Ғиждувонийдан иршод (муридларга устозлик қилиш) учун ижозат олгач, Ғиждувонийдан кейинги тариқат раҳбари – Хожа Аҳмад Сиддиқ вафотидан сўнг Хожа Авлиёйи Кабир билан бир даврда ўз муридларини тарбиялаган.

“Рисолаи Сиғноқий” асарида баён этилишича, кунларнинг бирида Хожа Аҳмад Яссавий таом пишираётиб, муриди Хожа Дуғийга Ғиждувонга бориб, Хожа Абдулхолиқдан қатиқ олиб келишни буюради. Хожа Дуғий Ғиждувонга етиб бормасиданоқ,  Ғиждувонийнинг халифаси Хожа Ориф Ревгарий Аҳмад Яссавий ҳузурига қатиқ олиб келади. Бундан хабар топган Хожа Дуғий: “Орифнинг ҳоли мендан устун келди”, деб Хожа Орифнинг камолотини эътироф этади. 

Хожа Ориф Ревгарийдан “Орифнома” асари қолган. 1225 йили Ревгарийнинг муридларидан бири Хожа Наим илтимосига биноан Нур қасабаси (ҳозирги Навоий вилояти, Нурота тумани)да ёзилган. Асар тариқат аъзоларига мурожаат ва насиҳат тарзида ёзилган. Унда муаллифнинг сайру сулук босқичлари, маърифат, орифлик ва валийлик одоблари хусусидаги қарашлари акс этган. Бундан ташқари асарда Хожа Ориф Ревгарийнинг устози Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, тасаввуф тарихининг илк даврларида яшаган машҳур сўфийлар ҳаёти ва қарашлари тўғрисида ривоятлар келтирилган. 

Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1262 йили Ревгар қишлоғида оламдан ўтади ва шу ерга дафн этилади. 

Истиқлолдан сўнг Моҳитобон зиёратгоҳида маҳаллий намозхонлар ташаббуси билан масжид қурилиш ишлари бошланди. 1997 йил зиёратгоҳ битказилиб, намозхон ва зиёратчилар ихтиёрига топширилди. “Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон” жомеъ масжиди 1998 йилнинг 10 августида давлат рўйхатидан ўтказилиб, диний ташкилот мақомини олди. Сўнгги йиллар, яъни 2018–2019 йиллар давомида Хожа Ориф Ревгарий зиёратгоҳи янгидан таъмирланиб, “Моҳитобон боғи” барпо этилди. Шарқ меъморчилиги анъаналарига монанд қурилган ушбу маскан бугун ҳар қачонгидан ҳам гавжум.
       “Орифнома” асаридан намуналар

Эй ориф! Пок ва пок эътиқодли бўл! Зеро, чиркин кўнгил бутун аъзои баданни ҳаром қилгай! Ахир, Аллоҳнинг бизни қабул этиши ё этмаслиги айнан шу кўнгил туфайлидир!

***

Ул қушки, бўйнида оғир юк осиқлик экан, қандоқ кўкка парвоз айласун? Соликким, бу дунёда дилбандлиги бисёрдур, илоҳий парвоз қила олмас ва талаб водийсига қадам қўёлмагай!

***

Эй ориф! Улуғ шайхлар демишлар: кимки Аллоҳ таолодан бошқа зотни азиз этиб, иззат қилгай, батаҳқиқ шу иззати уни хор этгай!

***

Бу дунёда вужудинг билан ва охиратда қалбинг билан бўл!

***

Авлиёлик аломати учтадир: биринчиси – баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ, иккинчиси – қудрати, сабру тоқати етгунча парҳезкорлик қилмоқ. Учинчиси – то кучи етгунча инсоф қилмоқ.

***

Очлик зоҳидлар, зикр орифлар таомидир.

***

Зоҳид ва комил шахс улдурки, фатволарга амал этгай, акс ҳолда у васвос ёхуд жиннидир.

***

Албатта, қўрқув – фақат Аллоҳ таолодан бўлмоғи лозим.

***

Эй ориф! Каломи мажид ва ҳадиси набавийдан кейин машойихларни тинглагилки, улар қалбда тавфиқ ва (Аллоҳ ғазабидан) қўрқув сабабчисидир. Ва Аллоҳ таоло душманларидан нафрат этмоққа, Аллоҳ буюрган ишлар билан машғул бўлмоққа боис бўлгай.

***

Такаббур – гуноҳга итоат этувчи киши ва унинг тоати гуноҳдан кўра баттарроқдир. Ва ўзига гуноҳдан кўра зарарлироқдир.

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...
ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО
Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмийдир.Нажмиддин...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry