20.07.2023
233

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ

Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур бўлган шайх баланд бўйли,  нурли, хушсурат киши бўлган. Али Ромитаний мато тўқир, шунинг ортидан кун кечирарди. У зоҳирда халқ билан, ботинда эса Ҳақ (Аллоҳ) билан бирга бўлган. Али Ромитаний юксак маънавий хулқ соҳиби бўлиб, кароматлари кўп эди. 

Хожа Али Ромитаний ўз даврида инсонларни илму маърифат, сахийлик, одамийлик, адолат ва меҳр-муҳаббатга чақирган, пок луқма топиш, бировга юк бўлмаслик, етим-есирлар бошини силашга ташвиқ этган. Мутасаввиф олимлар таъбирича, орифларнинг асли сувдан, улар маърифат аҳлидандирлар. Сувнинг ўзи тоза ва пок, ҳам покловчи бўлганидек, орифлар ҳам сув каби покиза ва покловчидирлар. Улар ҳам ўзларини, ҳам бошқаларни поклайдилар. Мана шундай фазилат соҳиби Хожа Али Ромитанийнинг ҳаёти, ҳикматлари ва эзгу амаллари бугун биз учун сабоқ ва ибратдир.

Ромитаний устози Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг хизматини ихлос билан адо этган энг садоқатли, улуғ шогирдларидан бири бўлиб етишди. Шу сабабли унинг вафотидан сўнг хожагонлик силсиласини бошқарган. “Силсилаи шариф”да ўн учинчи ҳалқа пири ҳисобланади. 

Унинг тўрт халифаси – Хожа Муҳаммад Кулоҳдўз, Хожа Муҳаммад Ҳаллож Балхий, Хожа Муҳаммад Бовардий ва Хожа Муҳаммад Бобо Самосий бўлган. У ўлими олдидан Хожа Муҳаммад Бобо Самосийни ўз ўрнига қолдириб, барча мурид ва халифаларни унинг тобелигига топширади.

Хожа Али Ромитанийдан “Хожайи Хурд” (“Кичкина Хожа”) лақаби билан машҳур Хожа Муҳаммад ҳамда Хожа Иброҳим исмли икки ўғил қолиб, уларнинг ҳар иккиси диний илмларда олимлик, тасаввуфда эса орифлик ва валийлик даражаларига етган. Ромитаний вафоти олдидан кичкина ўғли Хожа Иброҳимга иршод рухсатини беради. Унинг айрим издошлари Хожа нега халифаликни Иброҳимга топширдилар, деб ўйлашади. Буни сезган Азизон: “Иршод рухсати тўнғич фарзандим, яъни Хожа Муҳаммаднинг ҳақи эди. Бу фарзандим мендан кейин бу дунёда кўп қолмайди”, дея жавоб беради. “Хазинатул-асфиё” муаллифининг ёзишича, Али Ромитаний вафотларидан 40 кун ўтгач, Кафавийнинг нақлига кўра эса, Азизон ушбу сўзларни айтганларидан сўнг 17 кун ўтиб, Хожа Муҳаммад вафот этади. 

Хожа Азизон Ромитанда бир неча йил илм тарқатгач, сўнг Бовардга (Бовард, Абивард – Ўрта асрларда бугунги Туркманистон ҳудудининг Жануби-шарқий қисмида жойлашган қадимий шаҳар) кўчади, у ерда ҳам муридлар тарбиялайди. Ниҳоят Хоразмга бориб, ўша ерда муқим яшайди. Бу ҳақда Хожа Азизоннинг ўғли Хожа Иброҳим таснифлаган китобида отасининг Бовардда яшаган кезлари хонақоҳ ва уй қургани, шу сабабли уни “Хожа Али Бовардий”, хоразмликлар “Хожа Али Хоразмий”, бухороликлар эса “Хожа Али Бухорий Ромитаний” деб аташганини эслатиб ўтади. Муҳаммад ибн Низом Хоразмий Арзангий ҳам Азизон яшаган манзиллар, яъни Ромитан, Бовард ва Хоразмдаги уйларини бориб кўрганини ёзади. 

Ромитанийнинг Хоразмда хожагон-нақшбандия тариқатини кенг ёйиш борасидаги фаолияти муваффақиятли кечади. Фахриддин Али Сафийнинг ёзишича, Ромитаний бир гўшада ўтирганича, ўзига муридлар чорлаш орқали хожагон таълимоти тарғибини бошлайди. 

Хожа Али ҳар бир кишини “азизон” (“улуғлар”, “улуғларим”, “улуғим”) деб улуғлагани сабаб унга шундай лақаб беришган. Маноқиб китоблари муаллифлари Хожа Али Ромитанийнинг том маънода улуғ сўфийлардан бўлганлигини исботлаш мақсадида Жалолиддин Румий қаламига мансуб қуйидаги байтнинг айнан унга бағишлаб ёзилганини таъкидлашади:

Гар на илми ҳол фавқи қол будий, кай шудий

Банда аъёни Бухоро Хожайи Нассожро?

Мазмуни: Ҳол илми қол илмидан устун бўлмаганида эди, Бухоро аъёнлари тўқувчи Хожага қуллик қилган бўлармидилар?!

Али Ромитанийнинг “Рисолайи Ҳазрат Азизон” (“Ҳазрат Азизон рисоласи”) асарида унинг тасаввуф борасидаги қарашлари жой олган. Пирнинг қитъалари ва рубоийлари айрим маноқиб китобларида келтирилган.

Муҳаммад ибн Низом Хоразмий Арзангий Азизон вафотидан сўнг ўғли Хожа Иброҳим отаси ўрнига унинг вазифа ва вирдларини давом эттираётгани, муридларидан бири ундан Мавлоно Жамолиддин сарроф отаси тўғрисида айтилган сўзларни ёзишни илтимос қилгани ва у пир ҳақидаги нақлларнинг барчасини тазкира сифатида жамлаганини эслатиб ўтади. Шунингдек, Муҳаммад ибн Низом Балх шаҳрига борганида Хожа Азизоннинг сўзларини топиб ўқигани ва уларни ўзининг асарида ёзганини баён этган. Асар икки бобдан иборат: биринчи боб Хожа Иброҳимнинг рисоласидан, иккинчи боб Иброҳим рисоласига киритилмаган сўзлар ва воқеалардан ташкил топган.   

Манбаларда Али Ромитаний 130 йил умр кўргани айтилган. “Рашаҳот”да ёзилишича, Ромитаний 1310 йил, “Ҳужжатус-соликин” ва “Матлабут-толибин”да 1315 йил, “Мақомоти Шоҳи Нақшбанд”да таъкидланишича, 1321 йили Хоразмдаги Тошҳовуз (ҳозирги Туркманистон ҳудуди)нинг Кўҳна Урганчида оламдан ўтган ва ўша ерда дафн этилган. 

Истиқлол йилларида Хожа Али Ромитаний мақбараси обод зиёратгоҳга айлантирилди. У ерда дарвозахона, жоме масжиди, мақбара, миллий услубда қурилган айвон, ҳовуз ва тошқудуқ, меҳмонхона ҳамда ошхона бунёд этилди. Яқин йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта ободонлаштирилди.Уч гумбазлик янги кириш дарвозаси, ҳовуз, баландлиги 16 метрли минора, Ҳазрат Али Ромитаний қабрлари устига мақбара, эркак ва аёллар учун таҳоратхона, кутубхона қуриб битказилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўллар таъмирланиб, меҳмонлар учун автотураргоҳ ҳам ташкил қилинди. Зиёратгоҳ ҳудудидаги масжид қайта таъмирланиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди.

 

Хожа Азизон Ромитаний ўгитлари

“Агар ер юзида Абдулхолиқ Ғиждувоний фарзандларидан бири бўлганда эди, Мансур Халлож асло дорга осилмас эди”.

***

Шайх Ҳасан Булғорийнинг муриди Шайх Бадриддин Ҳазрат Азизондан: “Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар” (Аҳзоб сураси, 41-оят) оятидаги зикрни тилда айтган афзалми ёхуд дилда айтган афзалми?” деб сўрадилар. Ҳазрат Азизон: “Бошловчилар учун тил, мунтаҳий (охирга етганлар) учун дил зикри ҳисобланади. Мунтаҳийлар дил зикрига етганидан сўнг зикр дил орқали бутун аъзоларга тарқалади ва ҳар бир узв (банд), вужуднинг ҳар бир аъзоси зикрга ғарқ бўлади. Зикрнинг кўпайиши шундан бўлур. Бул мақомда зикр ўзгаларнинг бир ойлик зикрига баробардир”, дедилар. 

* * *

Хожа Алидан сўрадилар: “Имон надур?” Али Ромитаний: “Узмоқ ва уламоқдир!”

(“Узмоқ ва уламоқ”дан мақсад шуки, солик дунёдаги ўткинчи орзу-ҳаваслардан, беҳуда хаёллардан кўнглини узсин ва кўнглини Ҳақ таолога боғласин).

* * *

Инсон доимо хайрли ишлар қилиши, лекин “қилмадим” деб ҳисоблаши керак.

* * *

“Тавба қилинг!” оятини қуйидагича шарҳлаганлар: “Ушбу ояти каримада ҳам ишорат бор, ҳам башорат бордир. Ишорат тавба этмоққа, башорат эса тавбанинг қабул бўлишигадир. Агар Аллоҳ тавбани қабул этмасайди, тавба қилмоққа ҳаргиз буюрмасди”. 

* * *

Амал этмак керак ва этмагандек хаёл этмак лозим ҳамда ўзини муқассир (ноқис) кўрмак ва амални янги бошдин этмак зарур.

* * *

Икки нарсага эҳтиёт бўлинг: овқатланаётганда ва сўзлашаётганда.

* * *

Мағиз пўстнинг ҳимоятидадир. Агар пўстга нуқсон етса, мағизга ҳам таъсир қилади. Агар шариатда нуқсон бўлса, тариқатга нуқсон юзланади.

* * *

Ўз нуқсонларини кўриб, Аллоҳдан мағфират сўраган (киши) энг яхши бандадир.

Қўшимча малумот

ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...
ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО
Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмийдир.Нажмиддин...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry