03.02.2023
171

ХОЖА МУҲАММАД ПОРСО

Хожа Муҳаммад Порсо мутасаввиф, улуғ аллома, валиюллоҳ бўлган. Унинг тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин Бухорий бўлиб, 1348 йили Бухорода туғилган.

Абдурраҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул-унс”, Алишер Навоийнинг “Насоимул-муҳаббат”, Фахруддин Али Сафийнинг “Рашаҳот айнил-ҳаёт” ва бошқа кўплаб табақот китобларда Хожа Порсо ҳақида маълумотлар берилган.

“Рашаҳот”да келтирилишича, Хожа биринчи бор Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурига келиб, дарвозани тақиллатганида, уйдан бир канизак чиқиб, хожа билан савол-жавоб қилади ва уйга кириб: “Ҳузурингизга киришни истаб бир порсо киши келибди!” дейди. Ҳазрат Баҳоуддин уни кўрибоқ: “Исмингиз Порсо бўлади”, дейди. Биринчи учрашувдаги шу сўзнинг шарофатидан у Хожа Порсо номи билан машҳур бўлади. «Порсо» – форсча сўз бўлиб, художўй, ўзини гуноҳлардан сақловчи, покиза, тақводор деган маъноларни англатади.

Унинг бобоси олим Шамсул Аимма Ҳалвоийнинг шогирди бўлган. Хожа Порсо дастлабки илмларни Бухоро мадрасаларидан олган. У Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмларни пухта эгаллагач, Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан таҳсил ола бошлайди. У тариқат устозига сидқидилдан хизмат қилган.

Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Шоҳи Нақшбанд” китобида келтирилишича, Муҳаммад Порсо устозининг у ҳақда берган таърифини қуйидагича баён этган: “Ҳазрат Хожамиз Баҳоуддин Нақшбанд биринчи марта ҳаж сафаридан қайтиб келдилар ва мухлислар Ҳазратни бирма-бир зиёрат этдилар. Айни мажлис авжида мен даврага кирдим. Ҳазрат мен томонга юзларини ўгириб дедиларки: “Дўстларимиздан қай бири бизнинг ёнимизга келса, аввал ботинларини бизнинг ботинга рост айлаб, сўнг ҳузуримизга киради. Лекин хоҳ ғайбда, хоҳ ёнимизда ва хоҳ биздан йироқда бўлсин, ботини менинг ботинимга рост бўлган ягона дўстим – сенсан!” Алҳамдулиллаҳи Роббил оламинки, шу кундан эътиборан бу фақирга Ҳазратнинг назарлари, меҳр-муҳаббатлари зиёда бўлди ва дедиларки: “Бизда не бўлса, барчасини ўзингга сингдириб олдинг”.

Хожа Порсо соҳибкаромат авлиё бўлган, лекин у кароматларини ошкор қилмас, одамлардан пинҳон тутар эди. Фақат ноилож қолганда, зарурат бўлганда ошкор этарди.

“Рашаҳот”да нақл этилишича, Мирзо Улуғбек замонида Самарқандга шайх Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад келади. У муҳаддислар пешвоси эди. Ўша вақтларда Хожа Порсога нисбатан ғаразгўйлик қилиб юрган ҳасадгўйлар бўлган. Улар шайхга: “Хожа Порсо Бухорода ҳадис ривоят қиладилар, лекин унинг иснодини (яъни кимлар орқали келгани) тўғри ёҳуд нотўғрилигини ҳеч ким билмайди. Хожа Порсони бир имтиҳон қилсангиз. Агар иснодлари нотўғри бўлса, ул киши ҳадисгўйликни бас қилсин. Агар тўғри бўлса, давом эттирсин. Ҳар икки ҳолда ҳам сизга савоб бўлур!” дейдилар. Улар Мирзо Улуғбекни ҳам кўндирадилар. Шундан сўнг Хожа Порсога киши юбориб, ул зотни Самарқандга таклиф қилдилар. Самарқанд шайхулисломи Хожа Исомиддин, шунингдек, бир қатор олиму фузалолар йиғилган катта бир мажлисда Хожа Порсога ҳадис айтишни буюрдилар. Хожа Порсо бир неча ҳадисларни иснодлари билан баён қилди. Ҳазрат Шайх Шамсиддин: “Айтган ҳадисларингизнинг саҳиҳлигига шак-шубҳа йўқ, лекин иснодлари менинг назаримда собит эмас”, дейди. Бу гапни эшитиб, ҳасадгўйлар бир-бирига қараб кўз қисиб, хушнудликларини изҳор қилди. Хожа Порсо ўзи баён қилган ҳадисларининг бошқа иснодларини айтди. Лекин Шайх худди аввалги гапларни такрорлади. Муҳаммад Порсо ушбу даврада қанча ҳадис айтса ҳам, барибир унинг иснодларига эътироз билдиришларини сезади. Шундан  сўнг: “Аҳли ҳадис китоби ҳисобланмиш имом Муслимнинг иснодлари эътиборлими?” дея сўрайди. Шайх: “Ҳа! Ушбу китоб мўътабардур. Унга ҳеч ким шак-шубҳа билдирмагай. Агар сиз мисол келтирган ҳадислар исноди шул китобда бўлса, биз барчасини қабул қилурмиз”, дейди.

Хожа Порсо шайхулислом Исомиддинга қараб: “Кутубхонангиздаги фалон токнинг устидаги фалон китобнинг тагида ушбу асар бор. Шу асарнинг фалон бетида биз айтган ҳадисларнинг исноди келтирилган. Бирор кишини юбориб ўшал китобни олиб келинг!” дея жавоб беради. Бу гапларни эшитиб мажлис аҳли ҳайратланиб, қизиқиши ортади. Хожа Исомиддин ҳам мазкур китобнинг жойини аниқ билмас эди. Ҳозир бўлганлар Хожа Порсо умрида Хожа Исомиддиннинг уйида бўлмаганини ва унинг кутубхонасини ҳам кўрмаганини билар эдилар. Шу боис, ҳамма таажжубланар ва ишнинг охири қандай тугашини сабрсизлик билан кутарди. Хожа Исомиддин даврадагилардан бирини кутубхонага юборди. Ҳалиги одам Хожа Порсо айтган жойдан ўша асарни топиб олиб келди. Шайх уни очиб қараганда, дарҳақиқат, Хожа Порсо баён қилган иснодлар бор экан. Бутун мажлис аҳли таҳсин айтади. Хусусан, Хожа Исомиддин ҳаммадан ортиқ хурсанд бўлади. Ҳасадгўйлар эса ушбу кароматдан мулзам бўлиб қолишади. 

Хожа Порсо биринчи марта устози Баҳоуддин Нақшбанд билан, иккинчи марта эса ўғли Абу Наср билан ҳаж сафарига борган.

“Насоимул-муҳаббат”да ёзилишича, 1419 йилнинг муҳаррам ойида Хожа Порсо Бухородан иккинчи бор Байтуллоҳ зиёрати учун йўлга чиққан. Насаф йўли билан бориб, Чағониён, Термиз, Балх, Ҳиротга етади. Қаерга борса, у ердаги олимлар, валийлар қабрини зиёрат қилар эди. Шунингдек, ўша шаҳардаги шайх, уламолар эса Хожа Порсога пешвоз чиқиб, ундан дуо олишар эди.

Абдураҳмон Жомийнинг келтириши “Жом шаҳридан ўтиб кетаётганларида отам ва у кишининг барча асҳоблари, шунингдек, кўплаб мухлислар, муҳиблар Хожа Порсога пешвоз чиқдилар. Менинг ёшим бешга яқинлашаётган эди. Отамнинг ишоратлари билан мени Хожа Порсога рўпара қилдилар. Алар илтифот қилиб бир бош кирмоний набот (новвот) илгим (қўлим)га бердилар. Бу кун ул тарихдан олтмиш йилдирки, ҳануз хилъатлари (кийимлари)нинг сафоси менинг кўзимдадир ва муборак дийдорларининг лаззати менинг кўнглимдадир ва ҳамонки ихлос, эътиқод, иродат ҳамда муҳаббат робитаси бу фақиргаки, хожалар хонадонига воқеъдур, ул назарнинг баракотидин эркин ва умидим улдурки, ушбу робита юмнидин аларнинг муҳиблари ва мухлислари зумраси (сафи)да маҳшур бўлгаймен (“Насоимул-муҳаббат”).

“Рашаҳот”да таъкидланишича, Хожа Порсо 1420 йил Мадинада 72 ёшида вафот этган ва “Бақеъ” қабристонига дафн этилган. Нақл қилинишича, Муҳаммад Порсо ҳаж сафарига кетаётганида: “Рафтем ва рафтем!”, яъни “Бордик ва бордик!” деган. Бу жумла унинг ўша ерда вафот этишига ишорат эди.

Хожа Порсонинг 18 дан зиёд асари бўлиб, энг машҳурлари қуйидагилар: “Рисолаи қудсия”, “Тафсири Қуръон”, “Фаслу-л-хитоб”, “Рисола дар одоби мурид”, “Рисолаи кашфия”, “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд”, “Мақомоти Алоуддин Аттор”, “Хафтоди ду фирқа” ва бошқалар.

Баҳоуддин Нақшбанд, Алоуддин Аттор каби ҳакимларнинг ҳикматлари, ўгитлари, таржимаи ҳолларига доир қимматли маълумотлар, шунингдек, шариату тариқат, маърифату ҳақиқатга доир нодир фикрларнинг бизнинг кунимизгача сақланиб қолишида Хожа Порсонинг хизмати катта.

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry