03.02.2023
273

АЛОУДДИН АТТОР

Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг “Олтин силсила”сида ўн еттинчи ўриндан жой олган бўлиб, у Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг халифаси эди. Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Хоразмий. Алоуддин ўрта бўйли, буғдойранг, юмалоқ юзли ва қуюқ соқолли эди. У мақсадли ва ақлли инсон бўлиб, суҳбатида бўлган инсонга яхши таассурот қолдирган. Алоуддин Аттор асли хоразмлик бўлган. Унинг Аттор дея аталишининг сабаби, отаси атторлик тижорати билан шуғулланган. Хожа Абдураҳим Ҳисорийнинг ривоятига кўра, Алоуддин Аттор доимо хушбўй бўлиб юрган. У: “Кимдан хуш ҳид анқиса, ундайларнинг қурбони бўл!” деган мисрани кўп такрорлар эди. 

Манбаларда келтирилишича, Алоуддин Аттор Муҳаммад (с.а.в.) авлодидан – саййидлар табақасига мансуб бўлган.

Алоуддин ёшлик чоғиданоқ илмга ташна инсон бўлган. У тафсир, ҳадис ва ақоид илмларини пухта эгаллаган. Ривоятларда келтирилишича, ёшлик чоғида онаси уни устозга топширганида, сафдошларидан ўзиб, бир неча ой ичида тафсир ва ҳадис илмларини ўзлаштирган. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларини ровийлари билан ёд олган. 

У Қуръони карим тиловатидан сўнг ҳеч ким билан гаплашмас эди. Баҳоуддин Нақшбанд уни васф қилиб: “Тақвода унга тенг келадиганини кўрмадим”, деган. 

Манбаларда келтирилишича, Алоуддин Атторнинг иккита акаси бўлган. Бири Хожа Шаҳобиддин ва иккинчиси Хожа Муборак. Акалари меросдан улушларини олиб савдогарлик билан шуғулланади. Алоуддин Аттор эса илм йўлини танлаб, Бухородаги мадрасаларнинг бирида таҳсил олади. Алоуддин фақирона ҳаёт кечирар, бисотида иккита бўйра ва ғиштдан бошқа бирор нарсаси бўлмаган. Алоуддин ёстиқ ўрнида ғишт, тўшак ўрнида эса қуруқ бўйрадан фойдаланар эди. 

Нақл қилинишича, Хожа Алоуддин Аттор Бухорода валийлик даъвосини қиладиган бир дарвеш билан учрашиб, у билан баҳсу мунозара қилди. Ушбу баҳсда Хожа Алоуддин ғолиб бўлади. Бу хабар Баҳоуддин Нақшбандга етади ва Алоуддинга: “Сиз авлиёмисиз?”, дея сўрайди. Алоуддин Аттор кўп тазаррулар айтиб, инкор этади. Шунда Ҳазрат Баҳоуддин: “Агар авлиё бўлмасангиз, авлиёлик сифатидан кечинг!” дейди. Аттор сукут қилиб, жавоб қайтармайди. Нақшбанд: “Агар менинг суҳбатимни истасангиз, авлиёлик сифатидан кечишингиз шартдир!” дея қатъий гапиради. 

Хожа Алоуддин Аттор устозининг гапини қабул қилади. Кейинроқ Алоуддин Аттор: “Аллоҳ таоло лутфу марҳамат этиб, мени тўсиқлардан, ҳижоблардан қутқарди. Шундан сўнг бу ҳол ва камолдан ҳам азизроқ бўлган нарсаларни кўрдим ва мушоҳада этдим”, дейди.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётлигида кўплаб шогирдлар тарбиясини Алоуддин Атторга топширган эди. Ҳатто уни мақтаб: “Алоуддин юкимизни енгиллатди”, деган. Баҳоуддин Нақшбанд вафотига қадар Бухорода яшаган. Устози вафотидан сўнг Чағониёнга, ҳозирги Денов шаҳрига келиб, тариқат таълимини давом эттиради. 

Мавлоно Яъқуб Чархий Алоуддин Атторни васфлаб шундай деган: “У жанобга Аллоҳ таоло шундай лутф этдики, Ҳазрат Хожа Баҳоуддиннинг риҳлатидан сўнг, қутбул ақтоб[1] бўлди. Бу қандай улуғликки, у ҳақида марҳамат қилинибди, деган фикр қалбимдан ўтди. Шу хаёл билан масжидга бордим. У ерда ҳам бу фикр мени тарк этмади. Масжид имоми намоз сўнгида ушбу оятни ўқиди: “Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик” (Бақара сураси, 253-оят). 

Намоз ўқиб бўлгач, Ҳазрат Хожа Алоуддин уйига қайтаётганида,  “Авлиёуллоҳ жамоасининг бир-биридан афзал ва зиёдалиги бўладими?” деб Хожа Алоуддиндан савол сўраш иштиёқи туғилди. Шундан сўнг у кишидан, “Валийларнинг орасида фарқ борми?” деб сўрадим. Ул ҳазрат: “Ҳа, Мавлоно Яъқуб, бу фазилатни Аллоҳ таоло менга иноят қилди”, деб жавоб берди. Шунда қалбим таскин топди. У кишининг даражаларини кўриб, кўнглим шод бўлди, хизматларини қилиб, иршодға рухсат олдим”. Айтишларича, Яъқуб Чархий дастлаб Хожа Нақшбанддан рухсат олиб, иккинчи марта Хожа Алоуддиндан рухсат олган. 

“Ҳужжатус-соликин” асарида келтирилишича, Хожа Алоуддин Аттор Хожа Баҳоуддинга мурид бўлгач, ўзбошимчалик ва дангасаликни йўқотиш учун бир боғлам ўтин (айрим манбаларда олма дейилган) кўтариб, устозининг олдига келади. Шунда Баҳоуддин Нақшбанд унга: “Бу юкни орқангга ортиб, оёқ яланг Бухоронинг кўчаларида баланд овоз билан бақириб сотгин”, дейди. Алоуддин устозининг буйруғига итоат қилиб, ўтин билан бозорга боради ва бор овози билан бақириб, ўтинни сотади. Хожа Алоуддиннинг акалари Шаҳобиддин ва Хожа Мубораклар унинг бу ишидан норози бўлиб: “Одамларнинг Алоуддин девона ва мажнун бўлибди, деган сўзларидан номус қилиб, хижолат бўлдик”, дейдилар. Хожа Баҳоуддин уларнинг бу гапларидан хабар топиб, Алоуддинга: “Сен ўтинни акаларинг дўкони ёнига қўйиб, баланд овоз билан сотгин”, дейди. Хожа Алоуддин шу тариқа бир неча муддат ўтин сотади. Бундан мурод, Хожа Баҳоуддин Алоуддиннинг акаларига тариқат йўлига киришни тарғиб этиб, ботиний амал билан ҳам шуғулланишни кўзда тутган эди. 

Шу тариқа оз фурсат ичида Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирдига айланади ва юқори даражаларга эришади. Ҳатто устозининг ҳаётлик вақтидаёқ унинг муридлари тарбияси билан шуғулланади. Яъни Хожа Баҳоуддин Нақшбанд вафот этганида, унинг ўрнида муридлар тарбияси билан машғул бўлди. Бу ҳақда Хожа Аҳрор Валий шундай деган эди: “Эй биродар, агар ҳушинг бор эрса, ул нақлни ақлингнинг ганжинасида сақлағил. Нақл бул турурким: “Чун Ҳазрат Хожа Баҳоуддин бақо оламиға риҳлат қилдилар эрса, ҳамма ёрон ва асҳоб улуғ ва кичиклар маслаҳатларким, ҳамма фоидаи маънавий ҳосил қилғайлар. Ул фикр била айтдиларким: “Хожа Алоуддиннинг ҳушёрлиғи ва қувват тоқати ҳаммалардин ортуқдур. Ва Ҳазрат Муҳаммад Порсонинг ҳоли ўздин ғойиб бўлмоқ, мастлик, беҳудлиқдур. Ҳолбуким, ҳушёрлик шариат ва тариқат бобида марғуб ва маҳбубдур. Ҳақиқатнинг дуруст бўлури ҳам шариат ва тариқат йўллари бирла барпо бўлғусидурким, равшанлиғи ойнинг, куннинг равшанлиғи монанд бўлур”, деб ҳамма ёронлар Ҳазрат Хожа Алоуддинға мурид ойландилар. Ғояти буким, Ҳазрат Хожа Муҳаммад Порсо ҳам ул Ҳазратға мурид бўлди. Онинг учунким, Хожа Алоуддин вақтнинг қутби ва замоннинг ғавси ва умури шаръ ва дини ҳанафийнинг носири ва халойиқнинг саййиди эрди”. Шундай қилиб, Баҳоуддин Нақшбанднинг барча муридлари Хожа Алоуддинга байъат қиладилар. 

Абдураҳмон Жомийнинг айтишича, Саййид Шариф Журжоний ҳам Алоуддин Атторнинг муриди бўлган.

Саййид Журжоний: “То мен Шайх Зайниддин Али Кулол суҳбатига етмагунча, рафздан, яъни эътиқоддаги иллат бўлмиш инкордан қутулмадим. Ва то Хожа Аттор мажлисига боғланмагунча, Аллоҳни танимадим”, деган гапни қайта-қайта такрорлар эди. 

Яъқуб Чархий ҳам Алоуддин Атторга мурид бўлиш тарихини ҳикоя қилар экан, Нақшбанднинг вафотидан сўнг Бадахшонга кетгани, Алоуддин Аттор унга одам юбориб, устозининг ишоратини изҳор қилганини айтади. Сўнгра Чағониёнга келиб Алоуддиннинг вафотига қадар унга мурид бўлади.

Шунингдек, у Низомуддин Хомуш, Хожа Ҳасан Аттор, Ҳисомиддин Балхий, Хожа Абдуллоҳ имом Исфаҳоний, Шайх Умар Мотуридий, Мавлоно Абу Саид каби кўплаб муридларга ҳам устозлик қилган.   

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби Алоуддин Аттор ҳам ҳанафий мазҳабида бўлиб, ақида бобида Мотуридий издошларидан саналган. Унинг мустаҳкам эътиқод соҳиби, уламоларнинг мўътазилий фирқаси билан бўлган баҳсларига барҳам берган, шунингдек, адашган кимсаларнинг ботил ақидаларидан қутқариб, тўғри йўлга солгани ҳақидаги маълумотлар кўплаб манбаларда тилга олинади. Масалан, кунларнинг бирида Бухоро (айрим манбаларда бу воқеа Хоразмда бўлган дейилади) мўътазилийлар билан аҳли суннат вал жамоат уламоларининг ўртасида Аллоҳ таолони кўриш ёки кўрмаслик борасида баҳс мунозара келиб чиқади. Улар Хожа Алоуддиннинг олдига келиб: “Сиз ҳакамсиз, бизнинг орамизда ҳукм чиқаринг”, дейишади. Шунда Алоуддин мўътазилийларга: “Сизлар уч кун муттасил бизнинг ёнимизга келинглар ва бизнинг суҳбатимизда таҳорат билан ўтиринглар, сукут сақланглар, шундан кейин ҳукм қиламиз”, дейди. Улар уч кун мобайнида Хожа Алоуддиннинг суҳбатларини сукут сақлаб эшитадилар. Учинчи куннинг охирида ҳоллари ўзгариб, ўзларининг йўллари нотўғри эканини англаб, тавба қиладилар. Ва: “Аллоҳ таолони кўришлик ҳақ экан”, деб имон келтирадилар. Шу кундан бошлаб Хожага мурид тушадилар.   

“Рашаҳот” ва “Мақомоти Хожа Баҳоуддин” номли асарларда келтирилишича, Хожа Баҳоуддин Хожа Алоуддинни суҳбат чоғида ўз ёнларида ўтирғизар ва ҳар замонда унга қарар эди. Мажлисдагилар бу ҳолнинг сабабини Нақшбанддан сўрайдилар. Баҳоуддин: “Уни бўри емасин деб, олдимга ўтирғизаман. Нафснинг бўриси унинг пистирмасида турар, уни кўриш учун ҳар лаҳза ҳолини текшириб тураман”, дея жавоб қайтаради.   

Нақл қилишларича, Алоуддин Аттор 1392 йил шаъбон ойининг бошида вафотидан 7 йил аввал Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиш мақсадида Ҳисор вилоятидан Бухорога бормоқчи бўлади. 18 кун деганда Бухорога етиб, Нақшбанд қабрини зиёрат қилади. Шаввол ойининг бошида яна уйига қайтади. 

Муҳаммад Тоҳир ибн Хоразмийнинг ривоятига кўра, Алоуддин Аттор  1399 йил ражаб ойининг иккинчисида, душанба куни касалга чалинади. Касалининг сабаби бош ва бел оғриғи эди. Мазкур ойнинг 20-кечаси хуфтон намозидан сўнг вафот этади. Қабри Чағониён (ҳозирги Денов шаҳри) қишлоғида жойлашган. Ҳозирги кунда мазкур қабристон “Шайх Аттори Валий” ёки “Остона бува” деб номланади. Бу қабристонга ўғли Ҳасан Аттор ва невараси Хожа Юсуф Атторлар ҳам дафн қилинган. 

Айтилишича, ҳозирги кунда ҳам Алоуддин Атторнинг авлодлари яшаб келмоқда. Улардан Муҳаммад Содиқ ва Муҳаммад Мунирлар Ҳиндистонда яшаб, муридлар тарбияси билан шуғулланадилар. 

Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида “Саййид Оталиқ” мадрасаси мавжуд. Ушбу мадраса Алоуддин Атторга атаб қурилгани учун Саййид Оталиқ дея номланган. Мадраса Алоуддин Аттор авлодлари томонидан 26 йил мобайнида қурилиб, унга уста Аҳмад Бухорий бошчилик қилган. 

 

Хожа Алоуддин Аттор ўгитлари

Бу тариқатга кирмаганларнинг йўлини тўсган тўсиқ – уларнинг ўзи, ўз нафсларидаги манманликларидир.

***

Инсонларнинг куллий илмга эриша олмасликлари ўз жузъий илмларидан воз кечмасликларидандир.

***

“Ўз иродасини Ҳақ таолонинг иродасига, ўз қудратини Ҳақ қудратида йўқ қилмаган киши Ҳаққа ярамайди”. Бунинг учун йўл – шариат соҳибининг амрларини бажо келтириб, Ҳақнинг муродини нафснинг муродидан муқаддам тутмоқдир. 


 

[1] Қутбул ақтоб – “қутблар қутби”. Қутб – комил инсон, Аллоҳнинг ер юзидаги “халифаси”, унинг инсоният билан алоқасида воситачи. Сўфийликда қутб ва бошқа юқори мартабаларга эришган шу каби зотлар ҳақидаги қайдлар Тустарий ва Ҳаким Термизий (9-а.) асарларида учрайди. 10–11 асрларга келиб, барча сўфийлар қутбни тан олишган, дейиш мумкин. Улар дунёда бир вақтнинг ўзида фақат бир қутб яшаши мумкин деб ҳисоблашган. Шу боис қутбни “замон қутби”, “замон соҳиби” ва “замон марди” деб тавсифлашган. Сўфийлар фикрича, қутб дунёда Аллоҳга маъқул келадиган тартиботни сақлаб туришга даъват этилган. Қутб оддий инсонлар каби оила қуради, молу дунё тўплайди, пайғамбарларнинг халифалари сифатида халқни тўғри йўлга йўллаб туради. Лекин одамлар уларнинг қутб эканлигани сезмайди. Қутб ҳақидаги таълимот Ибн Арабий ва унинг издошлари томонидан баён қилинган.

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry