03.02.2023
210

ХОЖА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД

Хожагон силсиласининг еттинчи пири Хожа Баҳоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Нақшбанд Бухорий 1318 йил Бухоро атрофидаги Қасри Ҳиндувон (ҳозирги Бухоро вилояти Когон тумани Қасри Орифон қишлоғи) қишлоғида, ҳунарманд оиласида дунёга келган. У “Хожайи Бузург” (“Буюк Хожа”), “Баҳоуддини Балогардон” (“Балони қайтарувчи Баҳоуддин”), “Шоҳ Нақшбанд” номлари билан шуҳрат қозонган. 

У баланд бўйли, буғдой рангли ва нуроний юзли бўлган. Ниҳоятда хушмуомала, сўзлаши жозибадор эди. 

Отаси тўқувчи ҳамда ўйма нақш солувчи (нақшбанд)лик билан шуғулланган ва қариган чоғи тариқатга кириб, ўғлига эргашган. Айрим манбаларда Хожа Баҳоуддин ёшлигидан отаси билан бирга нақшбандлик (матога гул босиш) ҳунарини ўргангани сабабли “Нақшбанд” лақабини олгани таъкидланади. Бироқ кейинги даврларда яратилган манбаларда ёзилишича, Баҳоуддин кўнгил зикри билан узлуксиз шуғулланиши натижасида унинг қалбига Аллоҳ исми нақшланиб қолгани унга шу лақаб берилишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, у дин йўлидаги хизматлари туфайли “Баҳоуддин” (“Диннинг нури”) унвонини олган.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётида бобосининг алоҳида хизмати бор. У сўфийлар билан яқин алоқа боғлаган бўлиб, бу омил набирасида дин илмларига катта қизиқиш уйғотди. Баҳоуддин бобосининг саъй-ҳаракатлари билан бошланғич таълимни ўзи туғилиб-ўсган жойда олиб, етти ёшидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёдлайди. Унинг тариқатда биринчи пири – устози Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ҳисобланади. Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ҳали Баҳоуддин дунёга келмасидан бурун бир неча бор Қасри Ҳиндувон қишлоғига келганида қуйидаги гапни айтар эди: “Бу тупроқдан (яқин келажакда дунёга келадиган) бир эрнинг ҳиди келмоқда, тез орада Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айланади”. Баҳоуддин туғилганидан кейин – ҳали уч кунлик чақалоқлигида – бобоси уни Қасри Ҳиндувонга келган Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ҳузурига олиб борганида хожагон тариқати пири болани (маънавий) фарзандликка қабул қилиб, унинг келажакда “замона пешвоси” бўлиб етишишини башорат қилади. Бобо Самосий ўшанда Баҳоуддиннинг тарбиясини халифаси Саййид Амир Кулолга топширади. 

Баҳоуддин Амир Кулолдан тариқат одоблари ва зикр қоидаларини ўрганиши баробарида уламолар ҳузурида ҳадис илмини ўрганишга киришади. “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд”да унинг ҳадис илми устозларидан бири – Мавлоно Деггароний экани таъкидланади. “Тазкиратул-атқиё” асари муаллифи ёзишича, Баҳоуддин Нақшбанд ва хожагон тариқатидаги аксар соликлар ҳанафий мазҳабида бўлганлар.   

У ҳаётининг турли даврларида турк машойихлари, яссавия тариқати шайхлари – Халил Ота ва Қусам Шайхдан ҳам сўфийлик таълимини олгани манбаларда зикр этилади. Масалан, Баҳоуддин яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлган Қусам шайх олдига, Нахшаб, яъни ҳозирги Қарши шаҳрига ҳам бориб, ундан уч ой таълим олади. Баҳоуддин Нақшбанднинг пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.

“Бешикдан қабргача илм изла”, деган ҳадисга таянган Баҳоуддин Нақшбанд турли ўлкаларга сафарлари давомида бошқа сўфийлик тариқатлари таълимотлари ва тажрибаларини ўрганишга интилган. У 1370 ва 1388 йиллари амалга оширган ҳаж сафарлари давомида Марв, Ҳирот, Сарахс, Майхон, Мозандарон, Бағдод каби шаҳар ва ўлкаларда бўлиб, Хожа Муайяд, Сайфиддин Абҳарий, Зайниддин Абу Бакр Тойбодий каби шайхлар билан учрашиб, қодирия тариқати асосчиси Шайх Абдулқодир Гилонийнинг Бағдоддаги қабрини зиёрат қилади. Бундан ташқари, Баҳоуддин Нақшбанд ҳаж сафарларининг бирида Ҳиротда Куртлар давлати ҳукмдори Малик Муизиддин Ҳусайн ибн Ғиёсиддин билан учрашади ва Ҳирот уламоларининг ушбу ҳукмдор иштирокидаги йиғинида қатнашади.

Баҳоуддин Нақшбанд ўз меҳнатига таяниб яшаган, мол-дунёга меҳр қўймаган инсон сифатида ҳам халқ меҳрини қозонган. Хожа Алоуддиннинг айтишича, Баҳоуддин фақирликни хуш кўрар ва: “Биз нимага эришсак, шу сифат сабабли эришдик”, дер эди. Қишда хашак, ёзда эса бўйрада ўтирган. Доим ҳалол луқма ер, шубҳали нарсалардан қочган. Ким унга ҳадя келтирса, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларига амал қилиб, унга ҳам ҳадя улашар эди. 

Агар бирор дўсти ёки меҳмон эшик қоқса, топганини дастурхонга қўяр, тунда меҳмон овқатланиб олгунча унга чироқ тутар эди. Ҳаво совуқ кунлари ўзининг битта тўнини ҳам меҳмонга кийдирар эди.

Баҳоуддин Нақшбанд пирлари каби меҳнати билан кун кўришни афзал билган. У дастлаб отасидан кимхоб тўқиш ва матога гул босиш ҳунарини ўрганган, кейинчалик эса ҳар йили арпа ва мош етиштирган. У экин экишдан тортиб, уни йиғиб олгунча бўлган барча ишларни ўзи бажарар эди.

Олим ва улуғ инсонлар билан суҳбатлашганда, улар еган таомлардан табаррук дея тановул қилган. У аксар вақтларда ўзи таом пиширар, овқатланиш вақтида муридларига ғафлат билан овқатланмасликни уқтирар эди. Агар таом ғазаб, кароҳат билан пиширилган бўлса, ўзи ҳам, шогирдларига ҳам едирмас эди. Бир сафар меҳмонга борганда, таом келтирилгач, бу ғазаб билан пиширилган таом деб, ундан емайди. 

Баҳоуддин Нақшбанд қозонга чўмични қаттиқ уриб ковланган таомдан ҳам емаган. “Қайси иш ғазаб, ғафлат ва кароҳат билан қилинса, у ишда хайр ва барака бўлмайди. Унга нафс ва шайтон йўл топган”, дер эди.

Агар бирор кишининг уйига меҳмонга борса, уй эгасининг фарзандлари, хизматкорлари, уйда ким бўлса, барчасининг ҳолини сўрар эди.        

Маноқиб китобларида Баҳоуддин Нақшбанднинг валийлиги ва кароматлари тўғрисида кўплаб ривоятлар келтирилган. Жумладан, айтишларича, Ҳазрат Баҳоуддиннинг яқин кишиларидан бирининг 25 динор пули йўқолади. Буни Хожага айтганларида, у: “Пулни шу уйнинг канизаги олган”, дея ундан пулни қайтариб беришни сўрайдилар. Канизак: “Фалон жойга кўмиб қўйганман”, деб жавоб беради. Хожа: “У ерда 3 динор кўмилган”, деганида барча бу гапдан таажжубланади. Ҳақиқатдан ҳам, айтилган жойни ковлаганларида 3 динордан ортиқ пул чиқмайди.

Манбаларда Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг бирор бир асар ёзганлиги қайд этилмаган. Унинг муридлари ва издошлари унинг турли ўринларда тасаввуф, тариқат одоблари борасида айтганларини ёзиб бориб, кейинчалик “Қудсия”, “Аврод”, “Авроди сағир”, “Воридот”, “Далил ул-ошиқин”, “Ҳаётнома” номли бир неча тўпламларда акс эттиришган.

Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуфда илгари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўътадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унинг-ча, Аллоҳга интилиш кўнгилдан амалга ошиши керак. Қўл эса меҳнат билан банд бўлаверсин. Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силкимай ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг тарқалишини таъминлади.

Нақшбандийлик тариқати бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Россия Федерацияси каби дунёнинг бир қатор мамлакатларида тарқалган.

Унинг вафотидан сўнг нақшбандия тариқати кенг ёйилди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар. Уларнинг асарларида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилган.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида, унинг таълимоти, нақшбандий шайхлар тўғрисида талай асарлар яратилган. Биргина Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасининг ўзида нақшбандия тариқатига оид 200 га яқин китоб мавжуд.

Баҳоуддин Нақшбанддан Бибича Хотун Калон, Бибича Робиа Хотун ва Бибича Сарвар Хотун номли уч қиз қолган бўлиб, уларнинг барчаси Баҳоуддин Нақшбанд издошларига турмушга чиққанлар.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд кўпгина шогирдлар етиштирган. Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Яъқуб Чархий ва Хожа Алоуддин Ғиждувоний унинг энг машҳур халифалари жумласидандир. “Рашаҳот айнил-ҳаёт” асарида келтирилишича, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан олдин Хожа Муҳаммад Порсога тариқат раҳбарлигини топшириб, бошқа издошларини унга бўйсунишга ва эргашишга чақиради.

Хожа Алоуддин Атторнинг айтишича: “Ҳазрати Хожанинг вафоти чоғи Ёсин сурасини ўқишни бошладим. Суранинг ярмига келганда, осмондан нурлар зоҳир бўла бошлади. Дарҳол калимаи шаҳодатга машғул бўлдим. Шундан сўнг Ҳазрат вафот этдилар”. 

Хожа Баҳоуддин 1389 йили етмиш тўрт ёшида оламдан кўз юмади ва Қасри Орифон қишлоғида дафн этилади.

Бухородан 10 километр шимоли-шарқда, Хожа Баҳоуддин дафн этилган Қасри Орифон қишлоғидаги зиёратгоҳда турли меъморий иншоотлар қурилиб, мажмуа беш аср мобайнида шаклланиб борган. Ўрта аср тарихчиларининг ёзиб қолдиришларича, мемориал комплекс бир неча бор қайта қурилган.

Истиқлол йилларида тарихий-меъморий мажмуа тамомила обод масканга айлантирилди. Қайта тиклаш ишларида юртимизнинг барча ҳудудларидан маҳоратли таъмирчи-усталар иштирок этди. Баҳоуддин даҳмаси атрофида қарийб 90 метрлик янги айвон қайта қурилди. Нақшбандийнинг ҳаёти ва таълимотига бағишланган “Нақшбандия тариқати” музейи барпо этилди. Зиёратчилар учун барча шароит яратилди.

Айни пайтда ушбу қутлуғ қадамжога йилига 2 миллиондан ортиқ меҳмонлар ва саёҳатчилар ташриф буюрмоқда. 

 

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ўгитлари

          Бизнинг тариқатимиз урван вусқодир (мустаҳкам тутқичлар), яъни ҳазрати Расул (с.а.в.) мутоибати этагидан тутмоқ ва саҳобаи киром меросига эргашишдир.

* * *

Дил ба ёру даст ба кор – Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин. 

* * *

Шамга ўхшагин, токи ҳаммага равшанлик бағишла, ўзинг эса қоронғида бўл, ҳою ҳавас ва нафс аҳллари тутган ишлар барчаси залолат (адашув)дан иборатдир. Ишларда ниятнинг тўғрилиги энг муҳим нарсадир.

* * *

Бизнинг йўлимиз суҳбатдир. Хилватда шуҳрат, шуҳратда эса офат бордир. Хайр жамоат биландир.

* * *

Қалбларнинг буюклиги аслида бир. Лекин улардаги маърифатнинг буюклиги фарқли. 

                                                              * * *

Агар дўст айбига боқсак, дўстсиз қоламиз, ҳеч ким дунёда беайб эмас.

* * *

Илм йўлида агар мени босиб ўтиш лозим бўлса-ю, буни қилмасангиз, сиздан рози эмасман.

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry