03.02.2023
171

САЙЙИД АМИР КУЛОЛ

“Амир Калон”, яъни Саййид Амир Кулол ибн Амир Ҳамза ибн Амир Иброҳим тахминан 1281 йили Бухоро атрофидаги Сухор (ҳозирги Когон тумани, Янги ҳаёт қишлоғи) қишлоғида дунёга келган. 

Ривоятларга кўра, Саййид Амир Кулол узун бўйли, буғдойранг, елкаси кенг, қўллари узун, чатмақош, соқолига оқ оралаган, бақувват, паҳлавон келбатли киши сифатида таърифланади. У табиатан жуда камтарин бўлиб, эътироз ва қайсарлик нималигини билмас эди. 

Отаси Амир Ҳамза Ҳижознинг Мадина шаҳридан бўлиб, Мовароуннаҳрга кўчиб келгач, Бухоро атрофида яшаган. Амир Ҳамза яссавия шайхларидан бири Саййид Отанинг дўсти бўлган. Саййид Ота ҳар сафар Бухорога келганида Амир Ҳамза билан учрашарди. Саййид Ота бир сафар келганида унинг хонадонида бутун жаҳонни ўзига хизмат қилдирадиган бир буюк ўғлон дунёга келишини башорат қилиб, унинг отини Амир Калон деб қўйишни тавсия қилади.

Манбаларда келтирилишича, волидаси: “У қорнимдалигида шубҳали таом есам, қорним оғрир, тавба қилмагунимча оғриқдан қутулмасдим. Бу ҳол бир неча марта такрорлангач, луқманинг ҳалоллигига диққатли бўлдим. Оғриқ ҳам йўқолди”, деб эслаган. 

У кулолчилик ҳунарини пухта эгаллагани сабабли “Амир Кулол” номи билан машҳур бўлган, шу ишдан топган даромади эвазига оила тебратган. Муридларига ҳам ҳалол луқма орқали умргузаронлик қилишни тавсия этган. 

Айтишларича, Амир Кулол 15 ёшга тўлгунига қадар кураш тушган. Унинг биринчи устози яссавия тариқатининг пири, турк машойихи Саййид Отадир. 

“Рашаҳот”да келтирилган ривоятга кўра, кунларнинг бирида Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ёш Амир Кулолнинг кураш тушаётган ердан ўтаётиб, унинг келажакда буюк сўфий бўлиб етишишини сезади ва уни ўз тариқатига жалб этади. Шу тариқа Амир Кулол 15 ёшидан хожагон тариқатининг йирик намояндаларидан Муҳаммад Бобо Самосийга шогирд тушиб, 20 йил давомида ундан Қуръони карим, ҳадиси шариф, тасаввуф илмларини ўрганиб, ўз замонасида “султонул-тариқат” (тариқат султони), “шайхуш-шуюх” (шайхларнинг шайхи), “муршидус-соликин” (ҳақ йўлга кирганларнинг пири), “саййидул-орифин” (орифлар саййиди) унвонларига эга бўлган. 

Саййид Амир Кулол силсила омонатини Хожа Муҳаммад Бобо Самосийдан олиб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний асос солган “Хожагон” тариқатининг давомчиси сифатида фаолият юритган. Аллома тасаввуфда мўътадиллик ғояларининг тарафдори эди. У хожагон силсиласининг ўзидан олдин ўтган пирлари таълимотини тарғиб этиш, жумладан, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий давридан бошланган зикри жаҳрийни қўллашда давом этади. 

Манбаларда унинг муридлари сони бир юз ўн тўртта бўлиб, уларнинг барчаси камолга етгани тўғрисида маълумот берилган. Баҳоуддин Нақшбанд, Шамсиддин Кулол (Амир Темурнинг пири), Ориф Деггаронийлар уларнинг энг машҳурлари саналган. “Мақомоти Амир Кулол” муаллифи унинг Марказий Осиёнинг Туркистон, Ҳижознинг Макка ва Мадина шаҳарлари ҳамда Рум ўлкасида ҳам кўплаб муридлари бўлганини эслатади. Узоқ умр кўрган Саййид Амир Кулол умрининг асосий қисмини Сухор қишлоғида ўтказган, сўнгра ўз таълимотини ёйиш мақсадида бир муддат Насаф шаҳрида яшаган.

Саййид Амир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Шоҳ, Амир Ҳамза ва Амир Умар номли тўрт ўғли отаси изидан бориб, сўфийлик йўлига кирган. Отаси ўз халифаларига ушбу тўрт ўғлига раҳнамолик қилишни буюраркан, Амир Бурҳон тарбиясини Хожа Баҳоуддин Нақшбандга, Амир Шоҳ тарбиясини Шайх Ёдгорга, Амир Ҳамза тарбиясини Хожа Ориф Деггаронийга ва Амир Умар тарбиясини Жамолиддин Деҳ Осёбийга топширади.

Амир Кулол ҳаёти ҳақида маълумотлар унинг невараси Шаҳобиддиннинг “Мақомоти Амир Кулол” асари ва бошқа кўплаб маноқибларда мавжуд. Ривоятларга кўра, Ҳазрати Амир 25 йил давомида душанба ва жума кунлари шом намозини Сухорда, хуфтон намозини эса Самосда ўқиган.  Қисқа вақт ичида узоқ масофани босиб ўтиши ҳам Амир Кулолнинг кароматларидан бири бўлган.

Бундан ташқари, у ваҳший ҳайвонларни ўзига бўйсундириш қобилиятига ҳам эга бўлган. 

Саййид Амир Кулол 1370 йили Бухорода ўзи туғилган Сухор қишлоғида оламдан ўтиб, шу ерга дафн этилади. Унинг васиятига биноан, Мавлоно Ориф Деггароний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд устозининг муборак жасадини тупроққа қўядилар.

1994 йилда “Саййид Амир Кулол” жоме масжиди ҳашар йўли билан қайта қурилган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бухоро вилояти Адлия бошқармаси томонидан 1998 йил 10 августда қайта рўйхатдан ўтказилган. Ҳозирги кунга қадар масжид ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. 2007–2008 йиллар давомида таъмирлаш ишлари олиб борилганидан сўнг зиёратгоҳ янада ободонлашди, янги мақбара бунёд этилди. 

2018–2019 йиллар давомида етти пир зиёратгоҳларидан бири бўлган Саййид Амир Кулол мақбараси қайта таъмирланиб, обод масканга айлантирилди.

 

Хожа Саййид Амир Кулол ўгитлари

Ақл соҳиби нодон киши суҳбатидан юз ўгириши даркор, деб тўғри айтган. Нодон одамнинг нафс дарахти чегарани билмайди, шунинг учун ҳам у билан бирга бўлиш бош оғриғидан бошқа ҳеч нимани келтирмайди.

* * *

Илм амал билан бўлганидагина хазинага айланади. Билимсиз амалиёт кўп ранж келтиради.

* * *

Қаерда бўлсангиз ҳам, илм талабида бўлинг. Бу йўлда оловли ёки сувли дарёдан ўтиш зарурати туғилса, ундан ўтинг-у, илм эгалланг.

* * *

Ризқу рўзингизни ҳалол касбу ҳунар билан топинг, лекин уни исроф қилманг.

* * *

 Кўзингизни ҳаромни кўришдан, қулоғингизни ҳаромни эшитишдан, қўлингизни ҳаром ишдан ва оёғингизни ҳаром юришдан сақланг.

* * *

Нодонлар даврасида бўлиш уларнинг таъсирига тушишга олиб келиши мумкин. 

* * *

То тақво (парҳез)ни рўзғорингиз шиори этмасангиз, Аллоҳ таоло сизга тўғри йўл эшигини очмайди.

* * *

Бирор киши сизлардан мазҳабга доир савол сўраса-ю, жавоб беролмасангиз, бундан хунукроқ иш бўлмайди. Бу ҳолат сизнинг ғафлатда эканингизни билдиради. Олимларга яқинлашинг, чунки улар умматнинг машъалидирлар.

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry