03.02.2023
182

ХОЖА МУҲАММАД БОБО САМОСИЙ

Хожа Муҳаммад Бобо Самосий тахминан VII/XIII аср ўрталарида Бухоро яқинидаги Самос қишлоғида дунёга келган.

У ўрта бўйли, буғдойранг, назари ўткир, қатъий фикрли, юзидан нур ёғилиб турадиган зот эди. У умрининг охиригача Хожа Али Ромитаний хизматида бўлиб, устозининг боғидаги дарахтларга қараган. Хожагон силсиласининг бошқа пирлари каби Хожа Муҳаммад Бобо Самосийнинг ҳам касб-кори боғбон бўлиб, ўз ҳалол меҳнати орқали кун ўтказган. У Самос қишлоғидаги боғида ўзи меҳнат қилиб, турли мевалар, жумладан, узум етиштирган. 

Хожа Муҳаммад Бобо Самосийнинг отаси Саййид Абдуллоҳ асли Хуросонга қарашли Дурун қишлоғидан бўлиб, Пайғамбар (с.а.в.) авлодларидан, имом Мусо Козим (р.а.) наслидан эди. “Матлабут-толибин” асарида Самосийнинг дастлаб ўз қишлоғида таҳсил олгани, кейин эса отаси кўрсатмасига биноан Бухорога келгани қайд этилган. 

Мазкур манбада айтилишича, у Бухорога келиши ҳамоноқ ўзига муршид излаб хожагон силсиласининг учинчи пири Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳузурига ошиқади, Хожа Маҳмуд эса унинг тарбиясини Хожа Али Ромитанийга топширади. Самосий доимо ўз пири ёнида юриб, турли жойларга, жумладан, Хоразмга ҳам боради. Натижада Ромитанийнинг улуғ халифаларидан бирига айланади. Хожа Али Ромитаний ўлими олдидан Хожа Муҳаммад Бобо Самосийни ўз ўрнига қолдириб, барча мурид ва халифалар тарбиясини унга топширади. Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ўзи туғилиб ўсган Самос қишлоғида муридлар тарбиялашга киришади.

У зот аксар талабаларини ўзи излаб топар, шогирдларига меҳри баланд эди. Бир куни кураш майдони олдидан ўтаётиб, Амир Кулол исмли паҳлавонни кўриб қолади. Нарироқ юриб, полвонга назар солади ва уни маънавий майдонга тортади... Шундан сўнг Амир Кулол курашни ташлаб, ҳазратнинг хизматига киради.

Бобо Самосийнинг Амир Кулолдан бошқа яна кўплаб мурид ва издошлари бўлиб, уларнинг энг машҳурлари Хожа Муҳаммад Сўфий Сухорий, Хожа Маҳмуд Самосий (Бобо Самосийнинг ўғли), Ҳазрат Мавлоно Али Донишмандлардир. 

Манбаларда ҳикоя қилинишича, Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ҳали Баҳоуддин Нақшбанд туғилмасидан унинг дунёга келиши ва “замона пешвоси” бўлишини айтади. У туғилгач, уни маънавий фарзандликка қабул қилиб, Саййид Амир Кулол тарбиясига топширади. Воқеа манбаларда қуйидагича зикр этилади: “Ҳазрат Муҳаммад Бобо Самосий ҳузурига янги туғилган Баҳоуддин Нақшбандни олиб келганларида, чақалоқни кўрсатиб, Амир Кулолга дейди: “Бу бизникидир. Уни маънавий фарзандликка қабул айладик. Аввал айтганимиз, тариқатимиз келажаги бўладиган шахс, иншааллоҳ, шудир. Қишлоқ бундан сўнг Қасри Орифон бўлажак. Эй Амир Кулол! Бу йўргакдаги ўғлим Баҳоуддинни сенга ҳавола этаман. Унинг зоҳир ва ботин тарбиясида ҳеч камчиликка йўл қўймагин!”

Жомийнинг “Нафахотул-унс” китобида таъкидланишича, Бобо Самосий ўз кулоҳини Баҳоуддин Нақшбандга инъом этган. Баҳоуддин Нақшбанд уйланиш учун совчиликка йўллаш мақсадида Самосий билан учрашади. Бобо Самосий ўшанда Нақшбанднинг валийлик даражасига эришганига гувоҳ бўлади.

Баҳоуддин Нақшбанд ёшлигини эслаб, шундай деган: “Ёшим ўн саккизга етгач, мен фақирни уйлантирмоқчи бўлдилар ва Бобонинг муборак қадамлари манзилимизга етиши ҳамда маросимда қатнашишлари учун бобом мени Самосга – Хожа Бобо Самосий ҳузурига юбордилар. Ҳазратнинг нуроний дийдорлари менга насиб этди. Биринчи каромат ўша кечаси ниёзмандлик ва тамом тазарруъ билан ҳазратнинг суҳбати шарифларидан пайдо бўлган эди. Ўрнимдан туриб, Ҳазратнинг масжидига бордим, унда икки ракат намоз ўқидим ва бошимни саждага қўйиб: “Илоҳо, бало юкингни кўтармоққа менга қувват бер ва муҳаббатинг меҳнатини чекмоққа ўзинг таҳаммул ато айлагайсен!” дедим.

Бомдод вақти Ҳазрати Бобо ҳужраларига борганимда ул зот менинг кўнглимдан кечган дуони каромат ила пайқаб, дедиларки: “Эй фарзанд, дуони бундоқ қилмайдурлар, балки: “Илоҳо, сенинг ризоинг недур – анда мени тут”, дерлар. Чунки Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан дўстларидан бирига бало юбормоқчи бўлса, ўз инояти билан ул балони кўтариш қувватини ҳам ато этгай ва бунинг ҳикматини унинг ўзига зоҳир айлагай. Ихтиёр ила бало сўрамоқ жоиз эмас, бу густоҳликдур!”     

Андин сўнг таом ҳозир қилинди. Ҳазрат тановулдан сўнг қўлимга нон тутқазиб: “Буни эҳтиётлаб тут!”, дедилар. Шунда менинг хаёлимда: “Ҳозир-ку, тўйиб овқатландик, бу нонга не зарурат бор экан?”, деган фикр кечди. Ҳазрат Хожа Бобо Самосийга кўнглимда кечган фикр аён бўлди ва менга дедилар: “Бу нонни эҳтиёт қил. Беҳуда фикрларни кўнглингдан чиқариб ташла, хаёлингни паришон этма, уни жиловлаб тур!”, дедилар.

Шундан сўнг бир дарвеш кулбасига етдик. У дарвеш Ҳазрат Бобони бениҳоя хурсанд қаршилади. Кулбага киргач, дарвеш чеҳрасида изтироб пайдо бўлди. Ҳазрат: “Рост айтгил, изтиробинг боиси недур?”, дея сўради. У хижолат тортиб: “Уйда сут бисёр, лекин нон йўқ”, деди. Хожа Самосий менга: “Нонни дастурхонга қўйгин”, дедилар. Шундан сўнг менинг Ҳазратга муҳаббатим чандон ортди. Ҳазрат Хожа Бобо Самосий Қасри Орифонга келиб, ўзи совчиликка бордилар. Қуда тараф Ҳазратнинг райъларини қайтармади ва мен уйландим”. Ҳазрат Баҳоуддинни уйлантиришда Бобо Самосийнинг бош-қош бўлгани ибратли.

Хожа Муҳаммад Бободан икки ўғил қолган. Манбалар катта ўғли исмини маълум қилмай, унинг мажзуб (жазба ҳолатига тушган сўфий) бўлганини, иккинчи ўғли Хожа Маҳмуд эса ўз отаси халифаларидан бирига айланганини эслатишади. 

Хожа Муҳаммад Бобо Самосий тахминан 1335 йили ўзи туғилиб ўсган Самос қишлоғида оламдан ўтади ва ана шу ернинг ўзида дафн этилади.

Бобо Самосий қабри устидаги мақбара, атрофидаги масжид ва тошқудуқ мустақиллик йиллари ободонлаштирилди. Ҳозирги кунда зиёратгоҳ Бухоро вилояти Ромитан тумани, “Бобо Самосий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. 2018–2019 йиллар давомида етти пир зиёратгоҳлари қаторида Хожа Бобо Самосий зиёратгоҳи ҳам янгидан таъмирланиб, Шарқ меъморчилиги анъаналарига мос, барча қулайликларга эга масканга айлантирилди.

 

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry