03.02.2023
152

ХОЖА МАҲМУД АНЖИР ФАҒНАВИЙ

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий тахминан VII/XIII аср бошларида Бухоро яқинидаги ҳозирги Вобкент тумани ҳудудида жойлашган Анжир Фағна қишлоғида дунёга келган. Вобкентда яшаган ва ўша ерда вафот этган.   

Маҳмуд Анжир Фағнавий ўрта бўйлидан баландроқ, қомати келишган, оқ танли, бурни хушбичим, кўзлари қора, кенг оғизли, кўркам соқолли, очиқ, нуроний юзли эди. Кўпинча бошига оқ салла ўраб юрар, кароматлари кўп инсон бўлган.

Маҳмуд Анжир Фағнавий сокин табиатли, ҳақиқатгўй ва тақводор бўлиб, кўпинча масжидда эътикоф ўтирган. Яъни бир ёки бир неча кун давомида масжиддан чиқмай фақат зикр ва ибодат билан машғул бўлган. 

Хожа Маҳмуд меъморчилик, иморат қуриш билан шуғулланиб, шу касб орқали тирикчилик қилган. Айрим ривоятларга кўра, у боғдорчилик билан ҳам шуғулланган. 

Маҳмуд Анжир Фағнавий Муҳаммад (с.а.в.) авлодидан бўлиб, саййидлар табақасига мансубдир. 

Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг Саййид Умар ва Мавлоно Нажмиддин Ҳожиб номли икки ўғли бўлган.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бухоролик етти пирнинг иккинчиси – Хожа Ориф Ревгарийнинг халифаси эди. Хожа Маҳмуд қол (эшитиш, ўрганиш, дарс олиш орқали ҳосил бўладиган билим) ва ҳол (Худо томонидан берилган билим) илмларини жамлаган олий мақомот соҳиби эди. У Ревгарийдан зоҳир ва ботин илмларини ўрганган. Устози ҳузурида тариқатнинг сайру сулук босқичларидан ўтиб, етук издошлардан бирига айланган. 

Маҳмуд Анжир Фағнавий устози таълимотини тарғиб этиш билан биргаликда хожагон-нақшбандия тариқати қоидаларидан бири – зикри хафий (яширин зикр) ўрнига зикри жаҳрий (ошкора зикр)ни жорий этган. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан жорий этилган зикри хафий Хожа Ориф Ревгарий замонида ҳам риоя этилган. Хожа Ориф Ревгарий вафоти яқинлашгач, Ревгарий тепалигида муриди Хожа Маҳмудга: “Бу замонда толибларнинг маслаҳати жони учун “зикри жаҳр” айтмоқ керак”, дейди. Маҳмуд Анжир Фағнавий устозидан иршодга ижозат олгач, бир неча йил Вобкентдаги масжидда шогирдлар тарбиялаш ҳамда жаҳрий зикр таълими билан шуғулланган. Жаҳрий зикрнинг том маънода кенг қўлланиши ва хожагон-нақшбандия тариқатининг асосий қоидаларидан бирига айлантирилиши айнан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий даврида бошланган.

Хожа Ориф Ревгарий вафоти олдидан Маҳмуд Анжир Фағнавийга жаҳрий зикрга рухсат берганини маълум қилган.

“Силсилатул-орифин” асарида келтирилишича, Хожа Маҳмуднинг вафоти яқинлашганда муриди Хожа Али Ромитанийга жаҳрий зикрга ижозат беради. Ромитаний ҳам умрининг сўнгида Бобо Самосийга жаҳрий зикрдан таълим беришга ижозат беради. У ҳам охират сафари яқинлашганда бу вазифани Саййид Амир Кулолга топширади. Хожа Маҳмуддан то Саййид Амир Кулолгача бўлган пирлар хафий зикр ва жаҳрий зикрга баравар амал қилишган. Хожа Баҳоуддин эса жаҳрий зикрни тарк этиб, хафий зикрни давом эттирган. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, ўз устозларидан олган таълимотлари асосида хафий зикрни устун кўради ва хилватда бўлса ҳам, жамоатда бўлса ҳам махфий зикрни афзал дейди. 

Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг ривоятига кўра, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг “хафий зикр” ва “жаҳрий зикр” таълими борасидаги устозлари силсиласи қуйидаги тартибда берилган.

Хафий зикр силсиласи Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га етади

  1. Абул Ҳасан Харақоний
  2. Абу Язид Бистомий
  3. Имом Жаъфар Содиқ
  4. Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ
  5. Салмон Форсий
  6. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)

Жаҳрий зикр силсиласи Али ибн Абу Толибга етади

  1. Абул Қосим Гургоний
  2. Абу Усмон Мағрибий
  3. Абу Али Котиб
  4. Абу Али Рудборий
  5. Жунайд Бағдодий
  6. Сирри Сақатий
  7. Маъруф Кархий
  8. Довуд Тоий
  9. Ҳабиб Ажмий
  10. Ҳасан Басрий
  11. Али ибн Абу Толиб (р.а.)

Маҳмуд Анжир Фағнавий муридлари тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига интилган. Муридларини эзгуликка, покликка чорлаб айтган ўгитлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг қуйида келтириладиган ҳикматлари бугун ҳам муаммолли масалалардан бўлган ғийбат, уйдирма, ёлғончилик сингари иллатлардан қайтариш билан бирга, ислом динининг асл моҳиятини англаш, дунёда содир бўлаётган ақидавий ихтилофлар, сохта тариқатлардан огоҳликка чорлайди.

“Барча хайрли ишлар калити – огоҳлик, поклик, кўнгил бедорлик, Ҳақдан хабардорликдадир”.

“Аллоҳнинг розилигига эришиш йўли – тилни ғийбат, ёлғон ва бўҳтонлардан сақламоқдадир”.

“Бизнинг илм фақат дунёни ўрганувчи эмас, балки бутун борлиқ (коинот)ни ўрганувчи илмдир”.   

Маноқиб (ёднома) китобларида Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳаёти ва кароматлари ҳақида турли ривоятлар баён этилган. Нақл қилинишича, кунларнинг бирида Хожа Муҳаммад Порсонинг катта боболари Мавлоно Ҳофизиддин Шамсулаимма Ҳалвоийнинг кўрсатмаси билан Бухорода кўплаб уламолар иштирок этаётган мажлисда Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга қуйидаги саволни беради: “Сиз жаҳрий зикрда қандай ният қиласиз?” Хожа Маҳмуд: “Уйқудагилар уйғонсин, ғофиллар огоҳ бўлиб, тўғри йўлга кирсинлар. Чин дилдан қилинган тавба барча яхшиликларнинг калити ва барча саодатларнинг аслидир”, дея жавоб қайтаради. Мавлоно Ҳофизиддин: “Сизга бу иш ҳалолдир”, дея, ундан: “Жаҳрий зикрга бирор чегара қўйинг, у билан ҳақиқат мажоздан, бегона танишдан фарқлансин”, деб илтимос қилади. 

Хожа Маҳмуд: “Жаҳрий зикрни тили ёлғон ва ғийбатдан, луқмаси ҳаром ва шубҳадан, қалби риё ва сохтакорликдан, сири эса Ҳазрат Рубубиятдан бошқага қарашдан пок бўлган кишигина бажариши керак”, дейди. 

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий тахминан 1286 йили Вобкентнинг Анжир Фағна қишлоғида дунёдан ўтади ва шу қишлоқда тупроққа қўйилади. 

Мустақиллик йиллари Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи обод этилиб, бир неча маротаба таъмирланди. Бу ерда янги жоме масжид,  мақбара, ҳовуз, минора, дарвозахона, боғ, меҳмонхона кабилар барпо қилинди. 

Қўшимча малумот

ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, Хожа Али Ромитаний Ромитаннинг Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. “Ҳазрат Азизон” ва “Хожайи Азизон” лақаблари билан машҳур...
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, “Моҳитобон” лақаби билан шуҳрат қозонган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1165 йили ҳозирги Шофиркон тумани ҳудудига...
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Бухородаги етти пирнинг биринчиси, мусулмон шарқида машҳур тариқат – хожагон-нақшбандия силсиласи асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний тахминан 1103 йили Бухоро яқинидаги Ғиждувонда...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry